Яқин тарихга сайр. Роналдиньо «Барселона»ни нега тарк этганди?

Спорт 12:21 / 31.03.2020 29685

Қуйида ўша воқеаларни атрофлича ёдга олинган.

2006/07 йилги мавсум Роналдиньо учун «Барселона»даги сўнгги катта мавсум бўлганди. Ўшанда «Барса» чемпионатда худди «Реал» каби 76 очко тўплаган, лекин ўзаро ўйинлар натижасига кўра чемпионликни бой берганди. Чемпионлар Лигасида нимчорак финалгача борилган, Роналдиньо эса, ўша жамоанинг яққол етакчиси эди – Ла Лигада 32 ўйинда 21 гол ва 8 ассист. Райкаард учун у умуман ўринбосари бўлмаган асосий таркиб ўйинчиси эди.

Кейинги йили ҳаммаси ўзгариб кетди. Жароҳат туфайли у қарийб уч ойдан кўп вақтини майдон ташқарисида ўтказди, ортиқча вазн орттирди, клуб раҳбарлари билан зиддиятларга борди. Кейин Пеп Гвардиола клуб бош мураббийга айланди ва шу билан Роналдиньонинг Испаниядаги фаолиятига якун ясалди.

Гвардиоланинг режаларидан четда қолди

Фото: Getty Images

«Мен Роналдиньо билан нима бўлишини билмайман. Унинг ишга бўлган муносабати ўзгарди. Ҳа, у бироз ортиқча вазнга эга, бунинг устига оғир жароҳат... Ёзда биз клубни янгидан қурмоқчимиз, шунинг учун Роналдиньонинг келажаги ҳақида бир нима дея олмайман. Умид қиламанки, у қайтади ва жамоанинг муҳим бўлаги бўлиб қолади»,  деганди 2008 йилнинг бошларида клуб президенти Жоан Лапорта.

Лапортанинг Роналдиньо қолиши мумкинлиги билан боғлиқ гаплари Райкаард истеъфога чиқарилмаслиги билан боғлиқ эди. Бунинг ҳам эҳтимоли жуда кам эди. Чунки нидерландиялик мутахассис мавсумнинг деярли барча муҳим ўйинларини бой берган, ҳатто «Вильяреал»дан ҳам пастроқда жойлашиб, атиги учинчи ўрин билан кифояланган, Чемпионалар Лигасида эса ярим финалда «Манчестер Юнайтед»га ютқазганди.

Бу натижалар аслида Лапортанинг ҳам курсисини қимирлатиб қўйганди. Шунинг учун юқоридан кенг миқёсли ўзгаришларга эҳтиёж сезилди, барча ҳолатларга Райкаардни айбдор деб топиб, истеъфога чиқаришди. Пеп Гвардиола келибоқ, ривожланиш учун ўз йўналишини маълум қилди – аввало, зарур бўлмаган футболчилардан воз кечилади ва уларнинг орасида Роналдиньо ҳам бор эди.

Гвардиолага Райкаарднинг бутун ўйинни Роналдиньо атрофига қуришга уриниши ёқмасди. Пепнинг фикрича, бу ҳолат Мессининг ривожланишига ва янги етакчи бўлишига тўсқинлик қилаётганди. Бош мураббий сифатидаги илк интервьюсидаёқ у бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бизни қайта қуриш кутиб турибди. Мавсум бошлангунча биз таркибни ёшартирамиз. Роналдиньо, Деку ва Это’Ога келсак, бу футболчилар менинг режамга кирмайди», деди 2008/09 йилги мавсум бошланиши олдидан Пеп Гвардиола.

Роналдиньо ва «Барселона» муносабатлари билан боғлиқ, бир-бирини тўлдирувчи икки талқин бор.

Биринчиси, Роналдиньо Гвардиола билан учрашиб, режаларни яна бир кўриб кўриб чиқишни ва керак бўлса, жамоанинг муҳим бўлаги бўлиб қолишга рози эканини айтган. Лекин бош мураббий буни рад этган.

Иккинчиси, Райкаард кетиши билан Роналдиньо «Барселона» билан шартномани эски шартларда яна тўрт йилга узайтиришга уринган. Аммо клуб раҳбарлари бунга рози бўлмай, икки йил таклиф қилишиган. Табиийки, Роналдиньо буни ҳақорат сифатида қабул қилиб, рад қилган.

Роналдиньо узоқ вақт кетиш сабаблари ҳақида индамади. Фақат 2017 йилга келибгина қисман очиқлади – «Мен «Барселона»дан Гвардиола туфайли кетмадим. У ва унинг штаби билан алоқаларим яхши эди. Бу мутлақ менинг қарорим эди. Шунчаки, ўзгаришлар даври келган, деб ҳисоблагандим».

Анчелотти туфайли «Манчестер Сити»ни рад қилди

Фото: Getty Images

Пеп билан учрашувлардан кейин, Роналдиньо дарҳол «Милан»нинг таклифини қабул қилди. Унга айниқса, бир йил олдин Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан Карло Анчелотти билан ишлаш имконияти ёқиб қолганди.

«Барселона» учун эса Роннини қаерга сотишнинг фарқ йўқ эди. Бундай вазиятда раҳбариятдагилар қайси жамоани танлашни футболчининг ўзига қўйиб беришди. Шундоқ ҳам вариантлар у қадар кўп эмасди. Матбуотда «Реал» (Роналдиньо «Барселона» мухлислари билан яхши муносабатни сақлаб қолгани учун бу вариантга ишониш қийин эди), «Ливерпуль» (бу эҳтимол ҳам тилга олинган бўлса-да, етарлича далиллар бўлмаган), «ПСЖ» (лекин футболчининг яқинлари Роналдиньога Франция чемпионати ёқмаслигини айтишган. Аслида у айнан «ПСЖ»дан Каталонияга келганди) ва «Манчестер Сити» каби клублар ҳақида турли хабарлар кўпайди.  

Табиийки, булар ичида Манчестер клуби энг эҳтимоли юқори вариант эди. Аслида «шаҳарликлар» бир йил олдин ҳам Роналдиньога таклиф билан чиқишган, бир йил ўтиб эса, яна такроран алоқага чиқишди. Ҳатто 25,5 миллион евро миқдоридаги трансфер баҳоси ҳам айтилди – бу «Барселона»га таклиф қилинаётан суммалар ичида энг каттаси эди. The Guardian нашрининг ёзишича, «Манчестер Сити» вакиллари Роналдиньо билан учрашиб, жуда катта, «Барселона»даги маошдан ҳам кўпроғини таклиф қилишган, лекин бу лойиҳа бразилиялик юлдузни унча қизиқтирмаган. Умуман, Англия чемпионати Роналдиньога унча ёқмасди, буни у бир неча йил олдин «Манчестер Юнайтед»ни эмас, «Барселона»ни танлагандаёқ намойиш қилганди.

«Манчестер Сити» билан параллел тарзда у «Милан» билан ҳам музокаралар олиб борди. «Милан» футболчи учун 24 миллион евро таклиф қилган. «Барселона» учун бу қониқарли нарх эди, Роналдиньо ҳам рози бўлди. Биринчидан, клубда жуда кўп бразилиялик футболчилар – Кака, Эмерсон, Пато ва унинг ҳаётдаги яқин дўсти Дида тўп суришарди. Иккинчидан, юқорида айтилгандек, Карло Анчелотти фактори ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Анчелотти Роналдиньо билан музокаралар учун бир неча бор Испанияга боришига тўғри келди. Биринчисида, у футболчи билан учрашиш учун Лапортадан рухсат олди. Иккинчисида эса, Роналдиньони «Милан»га ўтишга кўндирди. 2008 йил бошида Анчелотти Роналдиньони қўлга киритишни орзу қилишини, аммо бу қийинлигини тан олганди. Ёзда эса, ҳаммаси тез содир бўлди. Бир неча соатда шартнома шартларидан тортиб, муддатигача келишув амалга ошди.

Роналдиньо Миланда уч йил ўйнади, баъзида жуда чиройли ва кучли футбол намойиш қилди, лекин барибир, 2006 йилдаги спорт формасига қайта олмади. 2014 йилда Анчелоттидан ўша трансфер ҳақида сўрашганда, мураббий шундай деб жавоб берганди:

«Мен Роннини сотиб олишимиз мумкинлигини эшитганимда бир сутка ухлай олмагандим. У Миланда ҳам жуда яхши ўйин кўрсатди, лекин «Милан» учун муваффақиятли трансфер амалга ошган, деб ҳисоблайдиган даражада эмасди».

Кўпроқ янгиликлар