Иқтисодиёт | 11:59 / 01.04.2025
8306
8 дақиқада ўқилади

“Тадбиркорлар олмаган даромади учун солиқ тўлашига тўғри келяпти” — Мурод Муҳаммаджонов

2025 йилдан тадбиркорлар учун ер ва мол-мулк солиқларини ҳисоблаш усуллари ўзгарди ва натижада солиқ юкламаси бир неча баробарга ошиб кетди. “Бу солиқлар тўғри ҳисоб-китоб қилина бошлагани учун юз берди”, дейди солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов. Унинг сўзларига кўра, солиқ юкламаси ошган пайтда, минимал ижара ставкаси ҳам кескин кўтарилгани тадбиркорларга оғирлик қиляпти.

“UTAX” солиқ маслаҳати ташкилоти раҳбари, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзоси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz'га берган интервюсида 2025 йилдан бошлаб ер, мол-мулк солиқларини ҳисоблашда нималар ўзгаргани ва тадбиркорлар ижара нархлари билан юзага келаётган қийинчиликлар ҳақида гапириб берди.

Мол-мулк солиғини ҳисоблашда нима ўзгарди?

— Бу йилдан ҳисоблаш усули ўзгартирилди: олдин баланс қийматига қараб 1,5 фоиз ҳисобланадиган бўлса, ҳозир минимал қийматдан келиб чиқиб 1,5 фоиз ҳисобланадиган бўлди.

Шу пайтгача корхоналар кўчмас мулкининг баланс қийматидан келиб чиқиб 1,5 фоиз ставкада мол-мулк солиғи ҳисобланар эди. 2024 йилдан бошлаб, мол-мулк солиғига минимал қиймат қўйила бошланди, яъни Тошкент шаҳри учун 1 кв метрга 3 млн сўм қиймат белгиланди ва ўша 3 млн сўм қийматдан 1,5 фоиз солиқ ҳисобланадиган бўлди.

100 кв метрлик дўкон бўладиган бўлса, унинг баланс қиймати 100 млн сўм бўлиши мумкин. 100 млн сўмдан 1,5 фоиз ҳисоблайдиган бўлсангиз, 1,5 млн сўм чиқади. Лекин янги тартиб бўйича 1 квадрат метр 3 млн сўм деб баҳоланади, энди 3 млн сўмдан 1,5 фоиз ҳисобланади. Яъни 100 кв метр майдонингиз баланс қиймати 100 млн сўм бўлса-да, 300 млн сўмдан келиб чиқиб солиқ ҳисобланади, бу эса ўз-ўзидан 4,5 млн сўм солиққа айланади.

Бу тартиб ўтган йили кучга кирди ва жуда кўпчилик мулкини қайта баҳолатиб, агар 1 квадрат метри 3 млн сўмдан пастроқ бўлса, баҳолаш актини солиқ органига тақдим этиб, пастроқ қийматда солиқ тўласа бўлар эди. Бундан кўпчилик фойдаланди. 100 квадрат метрлик мисол билан тушунтираман: баланс қиймати 100 млн сўмлик мулкни давлат 300 млн сўмдан келиб чиқиб 4,5 млн солиқ тўлайсан деса, тадбиркорлар баҳолаш ўтказиб, аслида 300 млн сўм эмас, баҳоси 200 млн сўм деб баҳоловчи актини топширгандан кейин, 200 миллиондан келиб чиқиб солиқ тўлашди. Яъни 4,5 млн сўм эмас, 3,5 млн сўм солиқ тўлаб келишди.

2025 йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида квадрати 3 млн 300 минг сўмлик жой йўқлигини инобатга оладиган бўлсак, ҳеч ким ёлғон маълумот билан паст қийматда баҳоламай қўйди. Факт қиймати 3 млн 300 минг сўмдан баланд бўлса, ҳеч ким паст баҳолаб бермади. Натижада 100 млн сўмлик қийматга эга дўкон учун 330 млн сўмдан келиб чиқиб, 1,5 фоизлик ставкада солиқ тўланадиган бўлди. Бу ўз навбатида, 4 млн 950 минг сўмни ташкил қилади. Ўтган йили 3 млн эканида пасайтириб олиб келган тадбиркорлар бу йил пасайтириб ололмади. Бунинг натижасида мол-мулк солиғи кўпчиликда 2-3 баробар, айрим жойларда 5 баробар ошиб кетган ҳолатлар ҳам бўлди. Мулкка солиқ солиш мақсадида минимал қиймат ўрнатилиши муносабати билан, солиқ қиймати бир неча баробарга ўсди.

Ер солиғини ҳисоблашда-чи, нима ўзгарди?

— Ер солиғи масаласи ҳам худди шундай. Олдин тадбиркор ер солиғи тоифасини ўзи мустақил белгиларди. Оддий мисол, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер ва саноат учун мўлжалланган ер тоифалари бор эди. Тадбиркор завод ва фабрикаси қишлоқда жойлашганига қараб туриб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер тоифасига киритиб, ҳисобот топширарди. Бунинг натижасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер сифатида пастроқ қийматда ер солиғи чиқарди. Лекин аслида бу ерлар қишлоқда жойлашганига қарамай, саноат учун мўлжалланган ер бўларди.

Энди бу йилдан бошлаб, кадастр ўзининг дастурий маҳсулотини такомиллаштириб, солиқ органи билан интеграция қилганидан кейин, ерларнинг тоифаси солиқ тўловчининг иштирокисиз, автоматик кўринадиган бўлди. Бунинг натижасида олдин саноат ерида жойлашса ҳам қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасига киритган одамлар автоматик саноат зонасига ўтиб, саноат зонаси ставкасидан келиб чиқиб солиқ тўлайдиган бўлди. Яъни олдин ставканинг арзонлигига қараб одамлар ўзи тоифасини белгиларди, бу йил бунинг имкони йўқ. Солиқ органи билан кадастр агентлигининг дастурий маҳсулоти интеграция қилиниб автоматик чиқадиган бўлди.

Ер солиғи қимматроқ тоифага ўтгани ва коэффициент жиҳатдан қимматлашгани ҳисобига, ер солиғи ҳам 2-3 баробар, айрим жойларда 10 баробаргача ошиб кетди.

Ижара миқдорлари масаласида, тадбиркорларнинг эътирози нимада?

— Ер ва мол-мулк солиғи ставкалари ошганини “юртга келган тўй” деб қабул қилишган бўлса, ижара ҳақларининг минимал миқдорлари энг кўп эътирозларга сабаб бўляпти.

2025 йилги Тошкент шаҳри учун ижара ҳақларини оладиган бўлсак, нотурар жойларга 1 кв м учун 45 минг сўм этиб белгиланди. Шаҳар ва туман депутатлар кенгашларига бу ставкани 2 баробаргача ошириш ҳуқуқи берилди. Бундан олдинги қонунчилик нормаларида эса, аксинча, шаҳар кенгашида пасайтириш ҳуқуқи бор эди. Лекин деярли ҳеч ким бу ҳуқуқдан фойдаланмади. Бу йилдан кўтариш ҳуқуқи берилиши билан, дарров 2 баробарга кўтариб қўйишди. Шу жуда оғирлик қиляпти.

Ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектлари ижара ҳақининг минимал миқдори 45 минг сўм, оширилган ставка асосида 90 минг сўмдан келиб чиқиб солиқ тўлашяпти. Айрим солиқчилар билан гаплашганимда, Olx каби сайтларни кўрсатиб, “мана, 1 квадрати 17-20 доллар, ҳатто 30 доллардан турибди, одамлар 90 минг сўмдан арзон деб алдаяпти” деган аргументларни келтиришди. Ҳамма нарсани энг қиммат категория билан ўлчаб гапиришяпти. Ваҳоланки, катта майдонларни ижарага берувчилар 1 квадратни 5-6 доллардан беряпти. Катта омборлар, катта саноат зоналари бор, савдо ва ўқув марказлари бор, улар учун бериладиган майдонлар 90 минг сўмдан ҳам олинмаяпти.

Минимал ижара тўловининг оширилган коэффициенти натижасида, тадбиркорлар олмаган даромади учун солиқ тўлашига тўғри келяпти, бу эса эътирозларга сабаб бўляпти. Бизда бу бўйича президент ҳузуридаги Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш кенгаши томонидан ҳам эътирозлар бўлди. “Тоифасига қараб ўзгартирамиз” деган гаплар бўлди, лекин булар гаплигича қолиб кетди. Тадбиркорларга ер ва мол-мулк солиғи оғирлиги, ижара минимал миқдори қиммат қилиниши ҳисобига, топмаган пули учун ҳам солиқ тўлаши оғирлик қиляпти.

Ўзи ундан ташқари яна бир ҳолат бор. Кенгаш томонидан Солиқ қўмитасига ҳам эътироз билдирилди. Ҳозир ижара шартномаларини E-ijara дастурида рўйхатдан ўтказиш мажбурий. Рўйхатдан ўтказаётганда ижара миқдори 90 минг сўмдан паст бўлса, жисмоний шахс билан юридик шахс ўртасидаги шартномани E-ijara қабул қилмаяпти. Яъни сен энг камида 90 минг сўмлик шартнома тузишинг керак, деган ноқонуний талаб қўйиляпти. Инсоннинг қулайлиги учун ишлаши керак бўлган дастур ноқулайлик туғдиряпти, бу – барча қонунларга зид ҳолат.

Бу масалалар кенгашда кўрилиб, ўзгартириш борасида Солиқ қўмитасига талаб қўйилди. Ҳозирча қўмита ўзгартириш киритиш борасида режалар борлигини маълум қилди,

Ер ва мол-мулк солиқларининг минимал миқдорлари оширилиши эса кенгаш маслаҳатига қўйилмаган.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери