Ўзбекистон | 17:16 / 28.01.2025
7653
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки «Қамбарота-1» ГЭСи учун ҳозирча 18,6 млн доллар ажратди

Қирғизистон қўшнилари Ўзбекистон ва Қозоғистон билан биргаликда «Қамбарота-1» ГЭСини қурмоқчи. Ундан фойдаланишда ҳуқуқлар тенг бўлади, экспортидан келадиган фойда ҳам бўлинади. Ҳозирча фақат Жаҳон банки молиялашда фаол, техник ишлар учун Қирғизистонга 18,6 млн доллар ажратган. Ток Афғонистонга ҳам сотилади.

Ўзбекистон «Қамбарота-1» ГЭСи қурилишидан манфаатдор. Шунинг учун ҳам Республика энергетика иншооти бунёд бўлиши учун ҳар қандай ёрдамга тайёрлигини айтмоқда. Ўзбекистон энергетика вазирига кўра, минтақавий лойиҳа Марказий Осиё учун катта манфаат олиб келади, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлайди. Ҳозирча лойиҳани молиялашда фақат Жаҳон банки фаоллик кўрсатмоқда. Лекин Қирғизистон энергетика вазири секин-аста молиялашга қизиқувчилар кўпаётганини гапирди. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам ўтган йили баҳорда бу ГЭСнинг муҳимлигини айтиб, халқаро молия ташкилотларини ёрдамга чақирганди.

«Қамбарота-1» ГЭСи қурилиши – “аср лойиҳаси”. Тошкентдаги учрашув Вена, Брюссел ва Вашингтондагиларнинг давоми. Мақсадимиз лойиҳани тезлаштириш, зарур халқаро қўллаб-қувватловни жалб этиш, дейди Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев.

Уч давлат ГЭС қурилишини молиялаш учун Жаҳон банкига мурожаат билан чиққан. Молия ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё учун инфратузилма бўйича минтақавий директори Карл Кормиернинг очиқлашича, лойиҳа учун ҳозирча Қирғизистонга 18,6 миллион доллар ажратилди.

Лойиҳанинг муваффақиятли якунланишига ишонамиз. Минтақада энергияга эҳтиёж ортиб бормоқда, электр танқислиги ва энергетик муаммолар кузатиляпти. Гидроэлектр станцияси сув танқис бўлган бу уч давлатга сув ресурсларини тўғри бошқариш имконини беради. Уч давлат Жаҳон банкидан молиялашни сўради, бизда улар сўраган маблағ бор. Бошқа халқаро молия ташкилотлари ҳам қизиқиш билдираётганини айтишди, демак бу томондан муаммо бўлмайди. Ўзбекистон ва Қирғизистонга ёрдам сифатида, Қозоғистонга эса иқтисодиёти ривожланган давлат бўлгани учун пулни кредит сифатида берамиз”, – деди Карл Кормиер Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё учун инфратузилма бўйича минтақавий директори.

Қирғиз Республикасига зарур техник ёрдам кўрсатиш вақти келганини тушундик ва 18,6 млн доллар ажратдик. Ҳисоб-китоблар, атроф-муҳит ва ижтимоий таъсирларни баҳолаш, харажатларни аниқлаш ва ҳуқуқий тузилмани кўриб чиқиш ишлари аллақачон бошланган. Бугун кейинги қадамларимизни аниқлаш учун кўришдик. Бошқарув қўмитаси, муддатлар ҳаммасини тасдиқлашимиз керак. Уч Республика маблағни шу йилдаёқ беришимизни сўрашди, бунинг учун директорлар кенгаши 2025 йилдаёқ молиявий маблағни тақдим этишга қарор қилиши керак, шундай бўлади деб эшитдим, дея қўшимча қилади Кормиер.

1800 мегаватт қувватга эга лойиҳа бутун минтақанинг энергетик эҳтиёжи ва муаммоларини ҳал қилолмайди. Лекин «Қамбарота» тоза электр энергияси билан қисман таъминлайди, дейди Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Сунгат Эсимханов.

“Асосий генерациямиз шимолда жойлашган, бу лойиҳа жанубимизни электр билан таъминлаш учун керак. Келажакда атом энергетикаси муҳим ва мақбул бўлишини кутяпмиз. Уч давлат тенг ҳуқуққа эга бўлади, 100 фоиз улуш 33 фоиздан Қозоғистон ва Ўзбекистонга, 34 фоиз эса Қирғизистонга берилмоқда. Биз электрни Афғонистонга ҳам сотамиз, келган маблағни эса бўлиб оламиз. Яъни, Қамбарота ГЭСининг экспорт салоҳияти ҳам бўлади”, – дейди Сунгат Эсимханов - Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари.

Давлатлар лойиҳани тўлиқ молиялаш учун бошқа халқаро ташкилотларга ҳам мурожаат қилмоқчи.

Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

Мавзуга оид