Спорт | 12:20 / 17.04.2025
10779
15 дақиқада ўқилади

«Арсенал» «Реал»ни ЕЧЛдан чиқариб юборди. Артета буни қандай уддалади ва «Мадрид»нинг муаммоси нимада?

«Арсенал» «Сантяго Бернабеу»да кечган иккинчи ўйинда ҳам «Реал»ни мағлуб этди (2:1). Лондонликлар – яримфиналда, «Спортс.ру» колумнистлари Вадим Лукомский ҳамда Вячеслав Палагин Карло Анчелоттининг режаси муваффақиятсизликка учрагани сабаблари ва Микел Артетанинг кузирлари нимада бўлганини кўриб чиқди.

Анчелотти майдон марказидаги футболчиларни алмаштирди. Биринчи ўйинда бу ҳудудга илк дақиқалардан Лука Модрич ва Эдуардо Камавинга жавобгар бўлганди. Жавоб ўйинида эса дисквалификацияни ўтаб қайтган Орелен Тчуамени ва ўнг қанот ҳимоясидан қайтарилган Феде Валверде марказни тўлдирди. Бу эса Лукас Васкес ўнг қанот ҳимоясидан ўрин эгаллашига имкон берди. 

Шунингдек, юлдузли ҳужум чизиғи ўйинга тетик ҳолда етиб келганини қайд этиш мумкин. «Алавес»га қарши ўйинда Килиан Мбаппе биринчи бўлимдаёқ қизил карточка олган, Жуд Беллингҳем ва Винисиусга эса дам берилган ва улар фақат иккинчи бўлимда захирадан тушишганди. Ўша ўйинда энг кўп дақиқа фақат Родригода бўлган, аммо у ҳам майдонда фақат 62 дақиқа бўлганди. 

«Арсенал» таркибида эса биринчи ўйинда илк дақиқалардан ҳаракат қилган футболчилар бу сафар ҳам стартда бўлишди. Артета фақат Томас Партининг ўйиндаги иштироки бўйича интрига юзага келтирди, яримҳимоячи кичик жароҳат туфайли шанба куни АПЛ доирасида «Брентфорд»га қарши ўйинни охиригача етказа олмаганди, аммо Мадридда ганалик футболчи бутун ўйин давомида майдонда бўлди.

«Реал» барча босқичларда дадилроқ ўйнади (биринчи ўйин билан солиштирганда) – лекин бу етарли бўлмади

Анчелотти жамоанинг тўпсиз ва тўп билан ўйнашига ўзгартириш киритди. Биринчи ўйинда тўп жамоада бўлганида Валверде (ўнг қанот ҳимоячиси вазифасида) марказий ҳимоячилар ёнида қолди, ҳужум уюштирилганида марказ мунтазам равишда беш-олти футболчи билан тўлдирилди.

«Бернабеу»да эса мунтазамлик бошқа масалада бўлди: ҳужумдаги кенгликка икки қанот ҳимоячиси масъул бўлди, тўп ҳимоядан олиб чиқилишига эса таянч яримҳимоячилари ва марказий ҳимоячилардан иборат тўртлик жавоб берди.

Ўзгартириш фактининг ўзи ҳужумларни кучлироқ қилиб қўймади, аммо мадридликлар дадилроқ ўйнаш ниятида эканини яққол кўрсатиб турди.

Ҳимояланиш босқичида ҳам ўзгаришлар қилинганди. Биринчи ўйинда жамоа 4-4-2 схемасини ушлашга ҳаракат қилган, Винисиус ва Мбаппе ҳимояланиш вақтида ҳам олдинда қолаверганди.

Бу ҳали яхши ишланмагани кўриниб турган ва айрим эпизодларда футболчилар схемадан узилиб қолганди, аммо жамоа схема бузилиб кетишига йўл қўймасликка тиришди. «Бернабеу»да эса ҳужум чизиғидаги тўртлик умуман формациядан ташқарида бўлди. «Реал» бутун схема бўйича эмас, олти киши бўлиб ҳимояланди.

Бунда ҳужумлар қайтарилгач, жамоа максимал даражада тезлик билан 4+2 тузилишига ўтишга ҳаракат қилди.

Рақибнинг ҳужумлари узоқ чўзилган ҳолатларда (бундай ҳолатлар эса кўп бўлмади) ҳужумдаги юлдузлар ҳам кадрда пайдо бўлди, аммо шунчаки кузатувчи мақомида. Улар рақиб футболчиларига босим ўтказишмади ва ҳимояда фаол қатнашишмади.

Беллингҳемнинг ҳам позицияси ўзгарганди: энди у марказда Мбаппега яқинроқ жойлашган, Винисиус эса – чап қанотда. Аммо кўпроқ шаклан шундай кўринарди, амалда юлдуз футболчиларга кенг эркинлик берилганди.

Мудофаадан бу қадар четлашиш ҳужум етакчиларининг саботажи бўлгани даргумон. Улар барибир ҳимояда бўш ўйнайди, аммо тўпсиз ишлашда уларнинг кўпроқ ёрдами тегиши тайин эди – ҳеч бўлмаганда биринчи ўйинда бўлгани каби. Катта эҳтимол билан, Анчелотти шуни ўйлаган: уларни ўткирроқ позицияларда қолдириб, тетиклигини сақлаб қолиш ва икки томонда ҳам очиқ ўйин бўлишига эришиш. Аммо бу юриш ҳам ўхшамади.

Аммо бу режа ўйиндан олдин абсурд кўринмасди. Одатда «Реал» навбатма-навбат ҳужумга ўтиладиган ўйинларда ўзини жуда яхши ҳис қилади. Бундай ўйинда мудофаадаги рисклар ва ўтиш эпизодлари кўп бўлиши икки жамоага ҳам ёрдам бериши мумкин эди.

Узатмаларга таяниш – навбатдаги хато

Мадридликлар ҳужумда нақадар иложсиз ҳолатда бўлганини – ўйин давомида тўп 43 бор жарима майдонига ҳаводан ошириб берилгани ҳам кўрсатади. Мавсумнинг мутлақ рекорди. Олдингиси – кубок доирасида «Селта»га қарши ўйиндаги 28 та шундай узатма бўлганди. Бунга урғу қаратилишининг ёмон жойи йўқ, лекин бунинг ортида ғоя бўлса. Мадридликларда эса бу нарса йўқ эди.

Бундай тактиканинг муаммоли эканининг энг яхши индикатори – Тибо Куртуанинг очиқчасига танқиди бўлди: «Тинимсиз оширишлар ўрнига биз жамоавий футбол ўйнашимиз керак эди».

43 уринишдан фақат еттитасида тўп манзилга етиб борган. Шундан фақат учта эпизодда зарба бўлган. Нисбатан энг хавфли вазият қўшимча дақиқаларда Эндрикда бўлди – бу вақтга келиб мезбонлар таваккалчилик қила бошлаган, Антонио Рюдигер ҳам жарима майдонига йўл олганди (кейинроқ бу «Арсенал»га иккинчи голни уришда қўл келди). 

Иш ҳажми катталигига қарамай, «Арсенал» вазифани осонлик билан бажарди. Бунда бир қанча синовдан ўтган муҳим инструментлар ёрдам берди.

● Уилям Салиба жарима майдони ичида топ даражасини намойиш этди. Тўпни узоқлаштириш бўйича жамоадаги энг яхши кўрсаткичга эга бўлди (12 марта). У одатда бу мажбуриятни Габриэл билан бўлишиб оларди, аммо бразилиялик йўқлигида у етакчи ролга чиқди. У нафақат ўз зонасида ишончли ҳаракат қилди, балки Якуб Кивёр масъул бўлган зонада ҳам ёрдам берди.

● Томас Парти ва Деклан Райснинг ёрдами – улар тез-тез жарима майдонига қайтишди ва учинчи марказий ҳимоячига айланишди. Салиба орқароқда туриб тўпни кимга оширишни кўрсатиб туришда идеал ҳаракат қилди. Бирор жамоадоши ўзига яқин жойлашиб, кераксиз позицияда туриб қолганида, уни туртиб бўлса ҳам таянч зонасига чиқарди. Баъзида эса олдинроқдаги жамоадошига рақибнинг қайси ҳужумчисига яқинроқ ўйнаш кераклигини ўргатиб турди.

● Давид Райянинг тўпга чиқишлари. Бўйи дарвозабонлар учун ўлчовдан пастроқ бўлса-да, испаниялик посбон – АПЛда тўпга чиқиш бобида энг агрессив дарвозабонлардан бири. Бундай эпизодлар частотаси бўйича у лигада иккинчи. «Бернабеу»да ҳам унинг бу қобилияти бир неча эпизодда қўл келди.

● Юрриен Тимбернинг эътибордан четда қолган роли. У иккита муҳим функцияни бирлаштирди. Биринчидан, ўйиндан (стандарт вазиятдан эмас) узатилган пасларни ажойиб тарзда блоклади (олти марта). Ва буларнинг аксари Винисиус билан тўғридан тўғри дуэл вақтида кузатилди: у эса дриблинг ишлатиб, қайси оёғида узатма беришини топиш эса жуда мураккаб эди. Иккинчидан, бурчак зарбалари вақтида Рюдигерни зарарсизлантирди. Антонио Райяга халал беришга уриниб, атайлаб дарвозабоннинг олдига туриб олаверди – лекин бу Тимбер учун янгилик эмас, унинг ўзи ҳам бошқа дарвозабонларга нисбатан шундай ҳаракатланади. Гавдадаги фарқ рақиб истаган ишини амалга оширишига тўсқинлик қилишига тўсқинлик қилишга халал бера олмади.

«Арсенал»нинг жарима майдони ичидаги мини-ғалабаси – Жудга бирор марта зарба беришга йўл қўймаганида ҳам бўлди. Мадридликларнинг энг хавфли футболчиси шунча узатмалар билан ҳам ҳеч нарса қила олмади. 

«Арсенал» «Бернабеу» босимини қандай енгиб ўтди?

Ўйиндан кейин «Арсенал» ЕЧЛ оқшомида «Сантяго Бернабеу»нинг афсонавий аурасидан қўрқмади дейиш осон. Аммо аслида ундай эмас. Стадион Артета жамоасига қаттиқ босим уюштирди – ва тактик нуқтайи назаридан ақлга зид қадамларга мажбур қилди.

Масалан, «Арсенал» қисқа паслар орқали ҳимоядан чиқишда барча инструментларга эга, «Реал» эса таркибдаги «дангаса» футболчилари билан прессингда жуда ёмон. «Мадрид» рақибларининг тўп узатишдаги аниқлиги 81,7 фоиз (Ла Лигада бешинчи кўрсаткич). Яъни ушбу жамоа нафас ростлашга имкон беради ва «бўғиб» ташлай олмайди.

«Арсенал» ҳимоядан чиқишдаги қисқа узатмалар вақтида тин олиш имконига эга бўлиши мумкин эди – ва Анчелотти жамоасига қарши бундай ёндашувнинг плюс томонларини аниқ биларди. Биринчи ўйинда Давид Райя ўйинни бошлашда фақат ўз яқинидаги жамоадошларига қисқа паслар берганди. Мадридда эса 3-дақиқадаги илк ўйинга киритишдаёқ тўпни шунчаки олдинга тепиб юборди. Қуйидаги суратда бу қандай бўлганини кўриш мумкин. Жамоа қисқа узатма учун жойлашган, аммо вазиятга қараб қарор ўзгартирилган.

Рақибни синаб кўришга ҳам уриниб кўрилмаган.

Кейинги уринишларда тўп манзили кўпинча Микел Мерино бўлди, аммо «Арсенал» жуда кўп ҳолатларда тўпни ўйинга шундай киритди. Ўз ўзидан бундай соддалаштириш – умуман муаммо эмас. Аммо маълумки, «Арсенал» одатда бундай рақибга қарши ўйинларда тўпни ўзида сақлашни ва рақибни ҳолдан тойдиришни мақсадга мувофиқ деб билади. Аммо «Бернабеу»да йиғилган мухлислар босими остида бундан воз кечилди.

Қизиғи шундаки, тўп ўйинга қисқа пас орқали киритилган камдан кам эпизодлардан бирида Уилям Салиба ўзига хос бўлмаган ўта қўпол хатога йўл қўйди ва буни стадион омили билан боғлаш мумкин. Худди Букайо Саканинг пеналтиси каби.

Шунинг учун, «Арсенал» айнан «Бернабеу» омилини енгиб ўтди дейиш тўғрироқ бўлади. Стадиондаги мухлислар азалдан ЕЧЛ ўйинида «Реал»нинг асосий кузирларидан бўлиб келган. Артетанинг бахтига, жамоаси бунга чидамли ва мослашувчан.

«Мадрид» АПЛнинг вақт чўзиш бўйича чемпионига дуч келганди

Вақт чўзиш – ғалабали натижани ушлашга эътибор қаратадиган жамоалар учун доимий ҳодиса. Бунинг учун «Арсенал»ни айблаш ноўрин. «Мадрид»нинг муаммоси шундаки, улар шунчаки вақт чўзадиган эмас, ўйин ритмини яксон этиш ҳадисини олган профессионалларга дуч келганди.

Юқори ритм ва кетма-кет ҳужумлар тўлқини – «Реал»нинг ЕЧЛдаги мўъжизаларида муҳим компонент бўлиб келган. «Арсенал»га қарши эса буни амалга ошириш одатдагидан анча қийинроқ бўлади .

Мавсум ўрталарида The Analyst бу мавзуда катта матн эълон қилган, унда «Арсенал»нинг нияти рақамларда акс этганди. Ўша вақтда Артета жамоаси ўйинни чўзганлик учун олинган сариқ карточкалар бўйича АПЛда пешқадамлик қилаётганди, тўпни ўйинга киритишда (эркин зарба, жарима зарбаси, бурчак зарбаси, аут) сарфланадиган вақт бўйича топ-4 да эди. 

Бу ҳодисани бир неча жиҳатдан тушунтириш мумкин. Биринчидан, биринчи даврада «Манчестер Сити»га қарши кечган афсонавий ўйин таъсир қилган, ўшанда «Арсенал» ўн киши бўлиб қолгач, ғалабани сақлаб қолиш учун ўйнаганди. Иккинчидан, Никол Жовернинг ўгитлари бўйича жамоа рақиб дарвоза атрофидаги стандарт вазиятларга жуда эҳтиёткорлик билан ёндашади: футболчилар тўпни ўйинга киритишдан олдин, айнан қайси вариантдан фойдаланишни келишиб олиш учун узоқ мулоқот қилишади (бунга ўртача 48 сония кетади – бу эса энг яқин таъқибчиникига қараганда 10 сонияга кўпроқ).

Бу омиллар қўшилмаганда ҳам «Арсенал» ҳисобда олдинда бораётгандаги ўйини билан топ-клублардан ажралиб туради. Узоқ муддат давомида ҳимояланишга тўғри келадиган сценарийда эса бундай кўникмалар жуда фойдали. «Бернабеу»даги ўйин – бунга навбатдаги бир мисол бўлди. Ҳакам бунга қарши курашишга уринди (биринчи бўлимда Райяга вақт чўзгани учун сариқ кўрсатилди, қолаверса, икки бор аут вақтида ўйинга киритилмагани учун тўп мадридликларга бериб юборлди), аммо «Арсенал» ўз ишини қилди.

Ҳужумдаги Мерино – хато танлов эмас. У «Арсенал»нинг чоракфиналдаги ўзига хослиги

Испаниялик яримҳимоячи ўзига ишонмаган барча скептикларнинг оғзини ёпди. Килиан Мбаппе билан дуэлда энг сермаҳсул ҳужумчи бўлди (1+2). Бу бир ярим ойгина олдин мени ҳеч қачон ҳужум марказида ўйнатишмайди деб кулиб интервю берган, бундай ният жиддийлигини фақатгина «Лестер» билан ўйин олдидан (унинг ҳужум чизиғидаги дебюти) таҳлилчининг саволларидан кейингина амин бўлган футболчи учун ёмон натижа эмас.

Мадриддаги ўйинда у бир вақтнинг ўзиа бир неча йўналишларда жуда яхши эди. 

● Яширин яримҳимоячи. «Эмирейтс»даги «Арсенал» 3+2+3+2 тузилмасидан фойдаланган биринчи ўйинда ўзини яхши кўрсатди. Мерино амалда Деклан Райс ва Мартин Эдегор билан биргаликда яримҳимоячилар учлигини ҳосил қилди. Қўшимчасига «Реал» таянч ҳимоячиларини чалкаштириб, тўпни олдинга олиб боришда ёрдамлашди.

● Алдамчи тўққизлик, у нафақат тўп учун орқароққа қайтади, балки олдиндаги шерикларига яхши пас беради ҳам. Биринчи ўйинда Мерино Райс билан яхши боғлам ҳосил қилганди: Микел орқароққа қайтганида айнан Райс унинг ўрнига жарима майдонидаги ҳужумчи позициясини эгаллаганди. «Бернабеу»да испаниялик яримҳимоячи вингерларнинг олдинга ташланиши ва очилишларини вақтида пайқади. Ижро ҳам топ даражада бўлди.

● Классик ҳужумчи. Мерино икки ўйинда ҳам бу ролда ёрдам берди. «Эмирейтс»да, рақиб ўйиннинг кўп вақти давомида қамал қилинганида, жарима майдонидаги қўшимча вариант вазифасини ўтади. «Бернабеу»да узоқдан йўлланган узатмалар учун магнит вазифасини ўтади. «Арсенал» прессингдан чиқишда ҳам Меринонинг улкан гавдасига таяниши мумкин эди.

Шуниси эътиборга лойиқки, The Guardian нашрига берган интервюсида ўз ролини тасвирларкан, Мерино ўзини фақат алдамчи ёки соф тўққизлик сифатида кўрмаслигини тан олди. Унинг айтишича, кўп нарса рақибнинг ўзини тутишига ва шериклар қандай шароитда турганига боғлиқ бўлади. Қайси паллада қайси ролни танлаш кераклигини тушуниш – унинг мегаперфомансларининг асосий қисмидир.

Қисқача айтганда, Артета учун ҳақиқий топилма.

Мавзуга оид