Жаҳон | 18:56 / 17.04.2025
19366
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ Москвада Қирғизистон фуқаролари таҳқирланганига изоҳ берди

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, ҳаммомда қўлга олинган шахслар «ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қаршилик кўрсатган». Шу боис қонунчиликка мос ҳаракат қилинган.

Фото: Видеодан кадр

Россия Ташқи ишлар вазирлиги хавфсизлик кучларининг Москвадаги «Бодрост» ҳаммомида Қирғизистон фуқароларига қарши ўтказилган рейди «жамоат жойларини режали текшириш» бўлганини маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳаммомда қўлга олинган 25 киши мамлакат қонунчилигини бузган ҳолда Россия ҳудудида бўлиб келган, айримлари эса «радикал гуруҳларга алоқадорликда гумонланмоқда».

ТИВнинг қайд этишича, рейд давомида «чет эл фуқаролари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қаршилик кўрсатган», шу боис «тегишли чоралар кўрилган». Вазирликка кўра, куч тузилмалари ходимлари «Россия қонунчилигига мувофиқ мавжуд ваколатлари доирасида» ҳаракат қилган.

Ўз навбатида Қирғизистон омбудсмани Жамила Жаманбаева Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова билан учрашувда рейд видеосини кўриш чоғида «ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан куч қўллашнинг мутаносиблиги ва асослангани борасида саволлар туғилгани»ни билдирган.

Москвадаги «Бодрост» ҳаммомида Қирғизистон фуқаролари 11 апрел куни қўлга олинган эди. Эълон қилинган видеолардан бирида одамлар хона бўйлаб эмаклаб юришга мажбурланган, қолганлар эса юзи ерга қараб ётқизилган. Гувоҳлардан бирининг айтишича, ҳаммомда одамлар калтакланган.

Россиянинг Бишкекдаги элчиси Сергей Вануков фуқароларнинг оммавий равишда қўлга олиниши сабаб Қирғизистон ТИВга чақиртирилган. Россия элчисига ҳаммомда ўтказилган амалиётнинг ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот бериш, шунингдек, қўлга олинган фуқароларга нисбатан куч ишлатиш сабабларини тушунтириш сўралган расмий нота топширилган.

Мавзуга оид