Жаҳон | 13:10 / 20.09.2024
6807
9 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ливанга авиазарбалари, Россияда мигрантлар учун янги қоидалар ва коронавируснинг илк ўчоғи — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ливандаги портлашлар

Ливандаги шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» қаршилик ҳаракати бош котиби Ҳасан Насруллоҳ Исроилнинг яқинда бўлиб ўтган ҳужумлари Ливандаги қаршилик ҳаракати тарихига жиддий зарба бўлганини таъкидлади.

Телевидение орқали чиқиш қилар экан, Насруллоҳ сешанба ва ва чоршанба кунлари электрон гаджетлар орқали уюштирилган, 37 кишининг ўлими ва минглаб инсонларнинг яраланишига сабаб бўлган портлашлар ҳақида фикр билдирди.

«Сешанба куни биз расмий ва норасмий каналлар орқали Ғазони қўллаш ва жанубдан туриб ҳужум қилишни бас қилиш талаби қўйилган хабарларни олдик.

Бизга агар ўт очишни бас қилмасак янги ҳужумларга дучор бўлишимиз тўғрисида расмий ва норасмий каналлардан таҳдидлар бўлиб турибди. Лекин биз таҳдидлардан чўчимаймиз ва Ғазони қўллашни бас қилмаймиз.

Бизнинг шаҳидлар ва ярадорлар номидан жавобимиз шуки, токи Ғазо секторига ҳужум тўхтамас экан, қурбонлар, оқибатлар, имкониятлар ва истиқболларга қарамасдан Ливан фронти тўхтамайди», — деди Ҳасан Насруллоҳ ўз чиқишида.

Ҳасан Насруллоҳнинг қайд этишича, портлашларда яраланган инсонларнинг катта қисми кўзларидан жароҳатланган. Шу сабабли касалхоналарда катта юклама вужудга келган.

Қайд этиш керакки, кўзидан жароҳатланганларнинг айримларини Эрон даволаш учун Теҳронга чақириб олгани ҳам хабар қилинмоқда.

Шунингдек, портлашларнинг катта қисми бозорлар, шифохоналар, йўллар ва уйларда рўй берган ва бу жойларда асосан аёллар ва болалар кўп бўлган.

«Исроил қизил чизиқни босиб ўтди», — деган Ҳасан Насруллоҳ. Шунингдек, у «Исроил сешанба кунги портлашларда бир дақиқада бирваракайига 4 минг кишини, чоршанба кунги портлашларда икки дақиқада 5 минг кишини ўлдиришга ҳаракат қилди», деган.

«Ҳизбуллоҳ» раҳбари бу жинояткорона ҳужумни йирик террорчилик операцияси, геноцид акти ва қирғин деб атаб, уруш эълон қилишни англатишини таъкидлаган.

Исроилнинг Ливанга ҳужуми

Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги объектларига авиазарбалар берган.

Исроил ҳарбийлари «Ҳизбуллоҳ»нинг бош котиби Ҳасан Насруллоҳ телевидение орқали жонли чиқиш қилишидан бироз аввал Ливаннинг айрим ҳудудларига авиация воситасида зарбалар берган.

Исроил армиясининг баёнотига кўра, зарбалар Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига тегишли деб гумон қилинган объектларга уларнинг салоҳияти ва инфратузилмасини ишдан чиқариш учун берилган.

Бу орада Исроил армияси бош штаби раҳбари мамлакат шимолидаги уруш режаси тасдиқланганини эълон қилди.

Исроил армияси матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотга кўра, Исроил қуролли кучлари бош штаби раҳбари Ҳерци Ҳа-Леви «мамлакат шимолида жанговар ҳаракатлар олиб бориш бўйича ҳарбий режа»ни тасдиқлаган.

2023 йилнинг 8 октябридан буён Исроил ва Ливан чегарасида томонлар ўртасида вақти-вақти билан кучайиб турадиган тўқнашувлар юз бериб келмоқда.

Россия-Украина уруши

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украина президенти Володимир Зеленский томонидан таклиф этилган Украинада урушни тўхтатиш бўйича режа билан танишиб чиққан ва уни реал, амалга ошириш мумкин деб атаган.

Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд баёнот берган.

«Биз Зеленскийнинг тинчлик ўрнатиш режасини кўриб чиқдик. Биз унда баён этилган стратегия ва режа иш беради, деб ҳисоблаймиз. Биз бу ерда 22-23 сентябр кунлари Бош ассамблея мажлисида ҳозир бўладиган давлат етакчилари билан алоқа қилиб, қандай қилиб ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкинлигини англаб олишимиз керак. Шу сабаб, бу ишда бироз силжишга эришишдан умид қилмоқдамиз», — деган элчи.

Томас-Гринфилднинг қайд этишича, АҚШ доим тинчлик томон йўл топилишидан умид қилиб келади. Бу хоҳ Ғазодаги вазият бўлсин, хоҳ Россиянинг Украинага қарши очган уруши бўлсин, Жо Байден сўнгги йилларда устида тиним билмасдан меҳнат қилиб келаётган мақсад, деган элчи.

Эслатиб ўтамиз, 16 сентябр куни Володимир Зеленский Украина Россия билан урушда «ғалаба режаси»ни ишлаб чиқишни якунлаётгани ва у тез орада ғарбдаги иттифоқчи давлатларга тақдим этилишини билдирган эди.

Москва аэропортларида янги қоидалар

1 декабрдан бошлаб Москва аэропортларида синов тариқасида Россияга кириб келаётган хорижликларнинг фотосурати ва бармоқ изларини олиш тартиби ишга туширилади.

Бу ҳақда Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой маълум қилди.

«Бу ҳали тажриба. Алгоритм синовдан ўтказилгандан сўнг, ҳукумат Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари билан бирга уни барча чегара ўтиш жойларида жорий қилиш масаласини кўриб чиқади», — деди у.

Москва «чет эл фуқаролари кириб келувчи анъанавий ва йирик транспорт маркази» бўлгани учун синов ўтказиладиган жой сифатида танланган.

Шу билан бирга, худди шундай назорат тизими Қозоғистон билан чегарадош Оренбург областидаги «Маштаково» чегара назорат пунктида ҳам пайдо бўлади.

Қозоғистон чегарасида ҳам янги назорат тизими ишга туширилаётганидан англаш мумкинки, бу тизим кўпроқ марказий осиёлик мигрантларни ҳисобга олиш учун қилинмоқда.

Европадаги тошқинлар

Дунай дарёсининг Будапештдан ўтган қисмида сув сатҳи критик даражага қадар кўтарилди. Дарё суви Венгрия парламенти биносига қадар етиб борган.

Венгрия ҳукумати раҳбари Виктор Орбан «Огоҳликни катта сув оқимидан кейин ҳам сақлаб қолиш керак, чунки ундан кейин муаммолар содир бўлиши мумкин», деган.

Венгрия метеорологларининг прогнозларига кўра, яқин бир неча ҳафта ичида мамлакатда интенсив ёмғирлар кутилмаяпти. Дарёлардаги сув даражаси кейинги ҳафта ўрталарига бориб камаяди.

Венгрия ва Марказий Европанинг бир қатор бошқа мамлакатларида сув тошқинлари билан боғлиқ муаммо ўтган ҳафтадан буён давом этаётган кучли «Борис» тўфони сабаб юзага келган.

«Борис» циклони сабаб бўлган сув тошқинлари оқибатида Европа мамлакатларида камида етти киши, жумладан, бир ўт ўчирувчи ҳалок бўлган. Руминияда камида беш киши табиий офат қурбонига айланган.

Циклон Полша, Чехия, Руминия ва Молдованинг кўплаб аҳоли пунктларига таъсир кўрсатди. Хусусан, Венани ўраб турган Қуйи Австрия федерал ери катта зарар кўрди.

Ноқулай об-ҳаво шароитлари Италияда ҳам сув босиши ва тошқинларга сабаб бўлган.

Коронавируснинг дастлабки ўчоғи

Хитойлик биологлар ҳамда уларнинг АҚШ ва Европадаги ҳамкасблари 2019 йил охири — 2020 йил бошида Уҳан бозори ҳудудидан тўпланган коронавирус геномининг тузилишини ўрганиб чиқди.

Хитойлик биологлар ҳамда уларнинг АҚШ ва Европадаги ҳамкасблари 2019 йил охири — 2020 йил бошида Уҳан бозори ҳудудидан тўпланган коронавирус геномининг тузилишини ўрганиб, ушбу савдо майдончасига олиб келинган ёввойи ҳайвонлар коронавируснинг илк ва ягона манбаси бўлганини аниқлади.

«Афсуски, Хитой касалликлар профилактикаси ва назорати марказидан бўлган ҳамкасбларимиз етиб боргунга қадар бозордан кўплаб ҳайвонлар чиқариб ташланган, шу боис бизда уларнинг ковид билан касалланганини исботловчи тўғридан-тўғри далиллар йўқ. Шунга қарамай, биз вирус зарралари аниқланган пештахталардан уларнинг ДНК ва РНК парчаларини топдик. Бу бозорда касалланган ҳайвонлар сақланган бўлсагина юзага чиқадиган ҳолат», — дейди Париждаги Экология ва табиат фанлари институти етакчи илмий ходими Флоренс Дебарр.

Дунё бўйлаб 7 миллиондан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлган SARS-CoV-2 вируси аниқланган бозорда экзотик озиқ-овқатлар сотилган, аммо пандемия бошлаганидан кейин вируснинг кўплаб турлари пайдо бўла бошлагани сабаб олимлар Уҳан бозори биринчи ва ягона манба эканини аниқ айта олмайди.

Бундай фаразлар халқаро илмий жамиятда кўплаб баҳс-мунозараларни, шунингдек, ўнлаб конспирологик қарашларни юзага келтирди.

Хитой касалликлар профилактикаси ва назорати маркази мутахассислари бир-бирига зид ушбу маълумотларга барҳам бериш мақсадида етакчи эпидемиолог, биолог ва генетикларга пандемия бошидаёқ Уҳан бозоридан тўпланган барча биоматериалларни тақдим этган.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, геном тузилиши ҳамда хилма-хиллик даражаси Уҳан бозоридаги ва биринчи ковид ташувчилар танасидан олинган вирус намуналари билан бир хил.

Тахминларга кўра, SARS-CoV-2 вирусининг ташувчилари бозорга Жануби-Шарқий Осиёдан ёки Хитойнинг марказий ҳудудларидан келиб қолган. Ушбу ҳудудлардаги ёввойи ҳайвонларни ўрганиш орқали коронавируснинг «ватанини» аниқлаш мумкин бўлади. 

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди