Жаҳон | 13:15 / 20.03.2025
2889
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги қирғиндан шокка тушган БМТ, таслим бўлмаётган ҳусийчилар ва ҳибсга олинган Истанбул мэри — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

БМТ Ғазодаги қирғиндан шокда

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ҳужумларидан кейин Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамларини тиклашга чақирди.

БМТнинг матбуот котиби Фарҳан Ҳақ маълум қилишича, Гутерриш «ўлдирилган тинч аҳоли сонидан ларзага келган» ва ҳамма томонларни зудлик билан тинчлик келишувига чақирган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Фолкер Турк ҳам «Исроилнинг интенсив ҳужумлари»дан қаттиқ ташвишда эканини билдирди.

«Бу уруш тугаши керак. Қатлиомни тўхтатиш учун халқаро ҳамжамият тезкор чора кўриши шарт», — деди Турк.

Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми ҳам Исроилнинг Ғазога уюштирган тунги ҳужумларидан кейин тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонидан даҳшатга тушганини маълум қилди.

«Жабрланувчилар сони жуда кўп. Бу қон тўкилиш тўхтатилиши керак», — деб ёзди Лэмми ўзининг X саҳифасида.

У тарафларни асирларни алмашиш, инсонпарварлик ёрдамларини ошириш ва урушни тўхтатиш бўйича музокараларни қайта бошлашга чорлади.

Лэмми парламентда сўзлаб, Исроил 15 кундан бери Ғазога ёрдам етказилишини тўсиб келаётганини ва бу халқаро ҳуқуқларнинг поймол қилиниши эканини таъкидлади.

Исроил армияси чодирли лагерлар, мактаблар ва уй-жойларни нишонга олган. Ҳужумлар Бинямин Нетаняҳу ва Исраэл Кац буйруғи билан амалга оширилган.

19 январдан бери амал қилган тинчлик келишуви бузилгач, Исроилнинг янги авиаҳужумлари сабаб Ғазода 436 фаластинлик ҳалок бўлди, 670 дан ортиқ киши яраланди. Қурбонлар ва жабрланганларнинг катта қисми ёш болалар ва аёллардан иборат экани айтилмоқда.

Нетаняҳу: «Бу ҳали бошланиши»

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазога берилган янги авиазарбаларни «бу ҳали бошланиши», деб атади ва бу ёғига музокаралар отишмалар давом этаётган ҳолда олиб борилишини таъкидлади.

«Биз ҲАМАСга қарши урушни янада кучайтириб борамиз. Барча мақсадларимизга эришгунимизча тўхтамаймиз», — деди Нетаняҳу.

Унинг сўзларига кўра, Исроил тинчлик келишувини сақлаб қолишга ҳаракат қилган, бироқ ҲАМАС Америка ва Қатар таклиф қилган битимни рад этган.

Бу орада Исроил армияси Ғазода «аниқ йўналтирилган» ерусти операциясини бошлади. Исроил ҳарбийлари матбуот котиби Авихай Адраининг маълум қилишича, қўшинлар Ғазонинг марказий ҳудудидаги Нецарим йўналишини тўлиқ назоратга олиб, шимол ва жануб ўртасида буфер зона яратишни мақсад қилган.

Тел Авивда эса минглаб исроилликлар ҳукуматга қарши намойиш ўтказиб, бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг қарорларини қоралади. Улар Ғазони бомбалашни дарҳол тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилишни талаб қилди.

Ҳусийчилар яна АҚШ авиаташувчисини нишонга олди

Ҳусийчилар Исроилнинг Неватим авиабазасига баллистик ракета отди ва АҚШнинг USS Harry Truman авиаташувчисини нишонга олди. Бу 72 соат ичида ҳусийчилар томонидан АҚШ ҳарбий кемаларига қилинган тўртинчи ҳужумдир.

Ҳусийчиларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сарий «Фаластин-2» ракетаси Неватим авиабазасига бориб урилганини маълум қилди ва агар Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтамаса, Исроилга янги ҳужумлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Исроил армияси эса ракетанинг Саудия Арабистони осмони узра йўқ қилинганини иддао қилмоқда.

АҚШнинг авиаташувчи кемасига қилинган ҳужум Вашингтоннинг Ямандаги ҳусийчилар назоратидаги ҳудудларга янги зарбалар бергани фонида содир бўлди.

Трамп Путин билан музокараларни ижобий баҳолади

АҚШ президенти Доналд Трамп Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилгани ва уни «жуда яхши, самарали» деб баҳолаганини маълум қилди. Гарчи таҳлилчилар Путин амалда 30 кунлик оташкесимга рози бўлмагани, бу мулоқот Украинада тинчликка эришиш учун бирор жўяли келишувга олиб келмаганини таъкидлаётган бўлса-да.

Бироқ Трампнинг сўзларига кўра, томонлар Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича муҳим масалаларни муҳокама қилган. Россия ва АҚШ Украинадаги энергетика ва нефт инфратузилмасига зарбалар беришни тўхтатишга келишиб олган. Шунингдек, можарони тўлиқ тўхтатиш бўйича қадамлар муҳокама қилинган.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Россия 30 кунлик оташкесим таклифини амалда рад этганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Москва қўшилганидан бир неча соат ўтиб, Украинадаги фуқаролик объектларига янги ҳужумлар бошлади.

«Путин тўлиқ оташкесим таклифини рад этди. Бугунги тунда Россиянинг навбатдаги ракеталари Украина энергетика инфратузилмаси ва фуқаролик объектларига зарба берди», — деди Зеленский.

Вашингтон Украинада 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш режасини илгари сурмоқда. Киев розилик берган, аммо Владимир Путин Доналд Трамп билан суҳбатда Ғарб ёрдамлари тўлиқ тўхтатилмаса, тинчлик келишуви амалга ошмайди, деган позицияни билдирган.

Трамп Зеленский билан ҳам телефонлашди

Путин билан икки соатлик суҳбат қургач, АҚШ президенти Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленский билан ҳам телефон орқали мулоқот ўтказди.

Оқ уй маъмурияти суҳбат бир соат давом этганини ва унинг асосий мавзуси Украинадаги можарони бартараф этиш эканини маълум қилди.

Трамп Зеленский билан мулоқотининг кўп қисми Россия президенти Владимир Путин билан кечаги музокаралар натижаларига асосланганини айтди. Трампнинг таъкидлашича, АҚШ тинчлик йўлида илгари силжиб бормоқда.

Оқ уй баёнотига кўра, президентлар Украинада ўт очишни тўхтатиш зарурлиги борасида фикр алмашган ва можарони мустаҳкам тинчлик билан якунлаш бўйича келишувга эришган.

Зеленский Трамп ва Путин мулоқотидан кейин Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирган. У шунингдек, Трампдан Россия билан келишувлар ҳақида батафсил маълумот олишга умид қилганини таъкидлаган.

Истанбул мэри Акром Имомўғли ҳибсга олинди

Истанбул мэри Акром Имомўғли коррупция ва уюшган жиноятчилик бўйича олиб борилаётган суриштирув доирасида ҳибсга олинди. Туркия прокуратураси унга нисбатан жиноий гуруҳни бошқариш, ноқонуний маблағларни йўналтириш ва Курдистон ишчи партияси террорчилик ташкилоти фаолиятига кўмаклашиш каби оғир айбловлар қўймоқда.

Бош прокуратура маълумотига кўра, Имомўғли 83 нафар мансабдор билан бирга ноқонуний молиявий операцияларда иштирок этган. Улар тадбиркорлардан пул талаб қилиш, ноқонуний маблағ ювиш ва тендерларга манипуляция қилиш орқали молиявий манфаатдорликка эришишда гумон қилинмоқда. Ҳаттоки Имомўғлининг университет дипломи ҳам бекор қилдирилган.

Тергов хулосаларига кўра, Имомўғли шаҳар ҳокимиятида ўзига содиқ шахсларни юқори лавозимларга тайинлаш орқали коррупцион схемаларни йўлга қўйган. Шунингдек, у шаҳар маъмурияти бюджетини ноқонуний маблағ айланмаларида қўллаган. Шишли ва Бейликдузу туманлари мэрлари ҳам қўлга олинган.

Жумҳурият халқ партияси вакили бўлган 54 ёшли Акром Имомўғли бўлажак президентлик сайловларида Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий рақиби бўлиши кутилаётганди. 2023 йилги сайловларда ҳам у ўзига нисбатан жиноят иши очилганлиги сабаб сайловларда иштирок эта олмаганди. Истанбулда Имомўғлининг ҳибсга олинишидан норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтган.

Кеннедини Москва ўлдирмаганми?

АҚШ президенти Доналд Трамп Кеннедилар ва Мартин Лютер Кинг қотилликлари билан боғлиқ барча махфий ҳужжатларни ошкор этишни буюрди. Миллий архив 1963 йилда ўлдирилган Жон Кеннедига оид юз минглаб саҳифаларни эълон қилди.

Расмий маълумотларга кўра, Федерал тергов бюроси ва Марказий разведка бошқармасининг ўша даврдаги фаолиятига оид ҳужжатлар очиқланди. Улар орасида Кеннедининг қотили деб топилган Ли Харви Освалднинг СССР ва Куба билан алоқаларига оид маълумотлар бор. 1991 йилги бир ҳужжатда КГБ амалдори Освалд «совет жосуси бўлмаган»ини таъкидлаган.

Шунингдек, Куба етакчиси Фидел Кастро режимига қарши МРБ амалга оширган махфий операциялар ҳақидаги ҳужжатлар ҳам очилди.

Ҳужжатлар Трампнинг ваъдасига мувофиқ эълон қилинган бўлса-да, таҳлилчилар сенсацион фактлар пайдо бўлмаганини таъкидламоқда.

Пашинян тинчлик шартномасини имзолашга тайёр

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон билан тинчлик шартномасини имзолашга тайёр эканини маълум қилди. Унга кўра, томонлар ҳужжат матни бўйича тўлиқ келишиб олган.

«Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик шартномаси лойиҳаси келишилди ва имзоланишни кутмоқда. Мен уни имзолашга тайёрман», — деб ёзди Пашинян Х ижтимоий тармоғида.

Бу баёнот Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовнинг 13 мартда келишув матни тўлиқ келишиб олингани ҳақидаги хабаридан сўнг пайдо бўлди.

Байрамовга кўра, Арманистон конституциясидаги Озарбойжонга нисбатан ҳудудий даъволар олиб ташланиши шарт. Шунингдек, вазир Минск гуруҳи тугатилишини талаб қилди.

Мавзуга оид