Жаҳон | 13:14 / 17.03.2025
4309
9 дақиқада ўқилади

Яманга ҳужум, Илон Маскка қарши намойишлар ва армия Бош штаби раҳбарини алмаштирган Украина — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

АҚШ Яманга ҳаво ҳужумларини амалга оширди

АҚШ президенти Доналд Трамп Ямандаги ҳусийчиларга қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумларини бошлаш буйруғини берди. У бу ҳаракатни ҳусийчиларнинг Қизил денгизда Америка кемаларига ҳужум қилганига жавоб сифатида изоҳлади.

Яманнинг ҳусийчилар назоратидаги соғлиқни сақлаш вазири Анис ал-Асбоҳийга кўра, пойтахт Сано ва Саъда вилоятидаги Америка ҳужумлари оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам яраланган. Маҳаллий телевидение қурбонлар ва ярадорлар орасида аёллар ва болалар ҳам борлигини хабар қилди.

Трамп Truth Social саҳифасида ҳусийчиларга мурожаат қилиб, «вақтингиз тугади», «агар ҳужумлар тўхтамаса, сиз ҳалигача кўрмаган даҳшатни бошдан кечирасиз», деб огоҳлантирди. У Эронни ҳам ҳусийчиларни қўллаб-қувватлашни бас қилишга чақирди ва АҚШ бу қўлловни асло қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

Кузатувчиларнинг айтишича, пойтахт Санодаги Шуауб ва Жираф туманларига зарбалар берилган, бу эса кучли портлашларга сабаб бўлган. Ҳусийчилар АҚШ ва Буюк Британия ҳужумларини ҳарбий жиноят деб атаб, уларга қарши чора кўришга тайёр эканликларини маълум қилди.

2023 йил охиридан бери ҳусийчилар Исроил билан боғлиқ кемаларга ҳужум қилиб, жаҳон савдосини издан чиқарган. Улар январда Ғазодаги оташкесим келишувидан сўнг ҳужумларни тўхтатганди. Бироқ Исроил ҳуманитар ёрдам юкларига Ғазога кириши учун тўсиқ қўйгач, яна ҳужумларни давом эттириш билан таҳдид қилган.

Ҳусийчилар қасос олишга ваъда бермоқда

Ямандаги ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати АҚШ ва Буюк Британиянинг пойтахт Сано шаҳрига берган ҳаво ҳужумларига жавоб қайтаришга қасам ичди.

Ҳусийчиларнинг сиёсий бюроси бу зарбаларни «хоинона ва мунофиқона тажовуз ҳамда ҳарбий жиноят», деб баҳолади.

«Тинч аҳолини нишонга олиш – бу Америка терроризмининг яна бир исботидир», — дейилади баёнотда. Улар АҚШ ва Буюк Британиянинг ҳаракатларини Ғазонинг қўллаб-қувватланишига қарши уриниш дея баҳолади ва бу уларни Фаластинни қўллаб-қувватлашдан тўхтатмаслигини таъкидлади.

Ҳусийчилар «бу тажовуз жавобсиз қолмаслигини» ва «аскарлари эскалацияга эскалация билан жавоб қайтаришга шай» эканини эълон қилди.

АҚШ Мисрга ҳарбий ёрдамни тўхтатиши мумкин

Доналд Трамп маъмурияти Миср армиясига ажратиладиган ҳарбий ёрдамни қисқартириш ҳақида расмий Қоҳирага маълум қилди. Бу ўзгариш жорий йилда амалга оширилиши кутилмоқда, деб ёзади Middle East Monitor нашри.

Вашингтоннинг бу қарори Мисрнинг Трампнинг Ғазодан фаластинликларини чиқариб юбориш режасига қарши позицияси билан боғлиқ. Миср АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиларидан бири ҳисобланади ва ҳарбий ҳамкорлик икки томонлама алоқаларнинг муҳим қисми саналади.

АҚШ ҳар йили Мисрга 1,3 млрд доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратади. Бу маблағлар Америка техникаси хариди, ҳарбий тайёргарлик ва мудофаа инфратузилмасини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Шунингдек, АҚШ ва Миср Bright Star каби қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказади.

Трамп ҳамон Гренландияни АҚШга қўшмоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландияни аннексия қилиш нияти борлигини яна бир бор эълон қилди. Бу баёнот Гренландиянинг ишдан бўшаётган бош вазири Муте Эгеде ва янги раҳбари Йенс-Фредерик Нилсен томонидан кескин танқид қилинди.

Гренландия 300 йилдан бери Дания назорати остида бўлиб, ички ишлар юзасидан мустақил, бироқ ташқи сиёсат ва мудофаа масалалари Копенҳаген томонидан бошқарилади. Орол аҳолиси тўлиқ мустақилликни қўллаб-қувватлаганига қарамай, иқтисодий қарамлик бўйича мунозаралар давом этмоқда.

Бу орада Гренландия пойтахти Нуук ҳамда Сисимиут шаҳрида АҚШга қўшилишга қарши йирик намойишлар бўлиб ўтди. Дания матбуотининг хабар беришича, мингга яқин одам кўчаларга чиқди. Бу Гренландияда сўнгги йиллардаги энг йирик норозилик акцияси бўлди.

Намойишчилар АҚШ консуллиги олдида тўпланиб, президент Доналд Трампнинг Гренландияни АҚШга қўшиш борасидаги баёнотига қарши чиқишди. Бош вазир Муте Эгеде ва сайловда ғолиб чиққан демократлар партияси раҳбари Йенс-Фредерик Нилсен ҳам намойишда иштирок этди.

Илон Маскка қарши намойишлар давом этмоқда

АҚШнинг турли шаҳарларида Илoн Маск ва Tesla’га қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Бостон, Филаделфия, Балтимор ва Вашингтонда юзлаб одамлар компания автосалонлари олдида тўпланиб, федерал бюджетнинг DOGE дастурига тегишли қисқартиришларга қаршилик билдирмоқда.

Намойишчилар Tesla автомобилларини сотмасликка чақириб, «Tesla’ни бойкот қилиб, Маскни тўхтат!» деган шиорларни кўтариб чиқишди. АҚШ бўйлаб автосалонлар олдида тартибсизликлар кузатилмоқда, бир қанча намойишчилар қўлга олинган.

Аввалроқ Доналд Трамп Маскнинг ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлаш мақсадида Оқ уй олдида Tesla автомобилини сотиб олган эди. У автосалонларга қилинган ҳужумлар «ички терроризм» деб баҳолашини ва айбдорларга қаттиқ жазо берилишини таъкидлади.

Украинада Бош штаб раҳбари алмаштирилди

Украина президенти Володимир Зеленский Украина Қуролли кучлари Бош штаби раҳбариятида ўзгариш амалга оширди. Анатолий Баргилевич лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Андрий Гнатов тайинланди.

Гнатов аввалроқ Бош штаб бошлиғининг ўринбосари, шунингдек, Украина Қуролли кучлари Бирлашган кучлар қўмондони сифатида фаолият юритган. Унинг 27 йиллик ҳарбий тажрибаси мавжуд бўлиб, денгиз пиёдалар бригадаси ва «Шарқ» оператив қўмондонлиги қўшинларига раҳбарлик қилган.

Украина мудофаа вазири Рустем Умеровнинг маълум қилишича, президент Зеленский Гнатовни Генштаб раҳбари этиб тайинлагач, Баргилевич Мудофаа вазирлиги Бош инспектори лавозимига ўтказилган.

Лондон Украина бўйича ташаббусни қўлга олмоқда

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Украина бўйича ғарб етакчилари иштирокида видеосаммит ўтказмоқда. Унда Европа Иттифоқи давлатлари, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва НАТО бош котиби Марк Рютте қатнашмоқда.

Асосий мавзулар — урушни тугатиш режаси ва эришиш мумкин бўлган сулҳ шартлари. Лондон ва Париж Украинада тинчликпарвар миссия ташкил қилишга тайёрлигини билдирди. Бироқ АҚШ қўшин юбормаслигини маълум қилган ва фақат хавфсизлик кафолати бера олишини айтган.

Москва НАТО ҳарбийларининг Украина ҳудудида бўлишини қабул қилмаслигини билдириб, Киевнинг алянсга қўшилиш режасидан батамом воз кечишини талаб қилмоқда.

Стармер Владимир Путиннинг тинчлик истагига шубҳа билдирди ва Кремл АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф этган 30 кунлик сулҳни рад этгани сабабли ғарб позициясини кучайтириш кераклигини таъкидлади.

Кипр масаласи Женевада муҳокама қилинади

17 март куни Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ташаббуси билан Кипрдаги можарони муҳокама қилиш бўйича норасмий учрашув ўтказилади.

Унда Шимолий Кипр Турк Республикаси ва Жанубий Кипр раҳбарлари, шунингдек, кафил давлатлар – Туркия, Греция ва Буюк Британия вакиллари иштирок этади.

Туркия, Греция ва Британия ташқи ишлар вазирлари учрашувда ўз мамлакатлари номидан иштирок этади. Учрашув расмий музокаралар давоми ёки янги жараён бошланиши эмас, балки Кипр муаммосининг истиқболларини муҳокама қилишга қаратилган.

Шимолий Кипр раҳбари Эрсин Татар Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан маслаҳатлашувлар ўтказган. Анқара ва Шимолий Кипр 2004 ва 2017 йилларда кипрлик греклар БМТ режаларини рад этганини таъкидлаб, оролда икки давлат мавжудлигини тан олишни талаб қилмоқда.

Қозоғистонда учта АЭС қурилиши режалаштирилмоқда

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат учун битта эмас, балки учта атом электр станцияси зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу стратегик қарор бўлиб, келажакда иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам база яратади.

Шу муносабат билан президент ҳузурида Ядровий энергетика агентлиги ташкил этилиши ҳам маълум қилинди.

2024 йил кузида Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилган бўлиб, унда 71,12 фоиз овоз берувчи бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Биринчи станция Алмати вилоятининг Ўлкен посёлкасида, Балхаш кўли яқинида барпо этилиши режалаштирилмоқда.

Қурилиш халқаро консорциум томонидан амалга оширилади, аммо унинг таркиби ҳали аниқ эмас. АЭС технологияларини етказиб бериш учун Хитой, Жанубий Корея, Россия ва Франция компаниялари номзод сифатида кўриб чиқилмоқда. Лойиҳа иштирокчилари 2025 йилнинг биринчи ярмида аниқланади.

Мавзуга оид