Жаҳон | 13:51
5147
9 дақиқада ўқилади

Трамп баёнотидан рози Фаластин, Путиннинг оташкесим шартлари ва Озарбойжон таклифларини қабул қилган Арманистон — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Фаластин Ғазо ҳақидаги баёнотни олқишлади

Фаластин маъмурияти Доналд Трампнинг «Ҳеч ким фаластинликларни Ғазодан ҳайдаётгани йўқ», деган баёнотини қўллаб-қувватлади. Фаластин президенти матбуот котиби Набил Абу Рудейна буни «муҳим ва умидбахш қадам», деб атади.

Рудейнага кўра, АҚШнинг мажбурий кўчириш ғоясидан воз кечиши фаластинликлар манфаатига хизмат қилади. У АҚШ маъмурияти халқаро қонунчилик ва Араб тинчлик ташаббуси асосида сиёсий ечимга эришишини умид қилди.

Рудейна араб давлатлари ва фаластинликлар ўз ерларини тарк этмаслик ҳақида қатъий позицияда эканини таъкидлади. Фаластин маъмурияти Ғазони тиклаш, босиб олинган ҳудудларни озод қилиш ва 1967 йилдаги чегаралар асосида мустақил давлат барпо этиш учун араб давлатлари билан ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирмоқда.

13 март куни Трамп Оқ уйда Ирландия бош вазири Майкл Мартин билан учрашувда ушбу масалага тўхталиб, фаластинликларни Ғазодан мажбурий кўчириш ҳақидаги фикрларни рад этди.

Путин ўт очишни тўхтатиш шартларини санади

Россия Украинадаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш таклифини қабул қилишга тайёр, аммо бу жараён узоқ муддатли тинчликни таъминлаши ва инқироз сабабларини бартараф этиши керак. Бу ҳақда Владимир Путин маълум қилди.

Президент 30 кунлик отишларни тўхтатиш режаси бўйича бир қатор саволлар борлигини таъкидлади. Унга кўра, Украина ушбу вақтдан мобилизация ва қурол етказиб беришни давом эттириш учун фойдаланиши мумкин. Шунинг учун Россия ҳукуматининг позицияси вазиятни амалдаги ҳолатдан келиб чиқиб баҳолашдир.

Путин назорат ва аниқлик киритиш масалаларида жиддий саволлар борлигини таъкидлаб, 2 минг километр узунликдаги фронт чизиғида ким қандай қоидаларни бузганини аниқлаш осон эмаслигини айтди. Шунингдек, бу қарорларни ким қабул қилиши, буйруқлар қанчалик амалий бўлиши ҳам муҳокама қилиниши керак.

Россия музокаралар бўйича кейинги қадамларни фронтдаги ҳолатдан келиб чиқиб белгилашини таъкидлади.

Путиннинг баёнотига Трамп ва Зеленскийнинг изоҳи

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия раҳбари Владимир Путиннинг 30 кунлик сулҳ таклифини «умидбахш, аммо тўлиқ эмас» деб баҳолади.

Трампнинг таъкидлашича, АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф Москвада музокаралар олиб бормоқда ва у тез орада Путин билан учрашиши режалаштирилган. Президент «Россия тўғри йўл тутишига умид қилиши»ни билдирди.

У, шунингдек, АҚШ ва Украина вакиллари ўртасида ҳудудлар, Запорижжя АЭС устидан назорат ва НАТОга аъзолик масалалари муҳокама қилинганини тасдиқлади. Трампнинг сўзларига кўра, келишувнинг кўп тафсилотлари аллақачон муҳокама қилинган.

Президент сулҳ самарали бўлиши учун у аниқ шартларга асосланиши лозимлигини таъкидлади. Агар келишув Россия ва Украинани урушни тугатиш йўлига олиб чиқмаса, АҚШ музокараларга вақт сарфлашдан маъно кўрмаслигини билдирди.

Украина президенти Володимир Зеленский Россия раҳбарининг сулҳ таклифи бўйича билдирган фикрларини манипуляция деб атади. Унинг фикрича, Москва тинчлик жараёнини чўзиш ва воқеаларни кечиктиришга ҳаракат қилмоқда.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Путин АҚШ президенти Доналд Трампга урушни давом эттириш ниятини тўғридан-тўғри айтишдан чўчимоқда. Шу сабаб Кремл сулҳ таклифини оғир шартлар билан ўраб, жараённи мураккаблаштиришга уринаётгани таъкидланди.

Украина президенти Россия сулҳни кечиктириш орқали фронтда устунликка эришишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

Финландия Украинага ёрдам ажратди, бироқ қўшин юбормайди

Финландия ҳукумати Украинага 200 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратганини маълум қилди. Бу ҳақда Финландия мудофаа вазири Антти Ҳакканен ва Украина мудофаа вазири Рустем Умеров ўртасида Ҳелсинкида имзоланган меморандумда қайд этилган.

Шунингдек, Финландия Украинага қўшин жўнатмаслигини тасдиқлади. Бош вазир Петтери Орпо мамлакат «Кўнгилли коалиция» муҳокамаларида иштирок этаётганини, аммо Украинадаги тинчликпарвар миссияларга қўшилмаслигини билдирди.

«Кўнгилли коалиция» Лондон ташаббуси билан март ойида ташкил этилган бўлиб, 20 га яқин давлат унга қўшилган. Коалициянинг асосий мақсади — Украина учун тинчлик режасини ишлаб чиқиш ва уни АҚШга тақдим этишдир. Финландия ҳукумати Украинага ёрдам беришни давом эттириш ниятида эканини таъкидлади.

Америкаликлар Трампнинг иқтисодий сиёсатидан норози

CNN томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг 56% фоизи Доналд Трампнинг иқтисодий сиёсатини қўллаб-қувватламайди.

Бу унинг иккинчи президентлик давридаги энг паст кўрсаткичлардан бири. Шу билан бирга, 51 фоиз респондент унинг миграция сиёсатига ижобий баҳо берган.

Федерал бюджетни бошқариш ва давлат аппаратини тартибга солиш борасида Трампга 48 фоиз қўллов билдирилган. Аммо аҳолининг қўллаб-қувватлаши бўйича кўрсаткичлар ташқи сиёсатда — 42 фоиз, соғлиқни сақлашда — 43 фоиз ва тарифлар масаласи бўйича 39 фоизлик паст даражада қолмоқда.

Сўров иштирокчиларининг 42 фоизи иқтисодни мамлакат учун энг муҳим муаммо деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 62 фоизи Трамп маъмурияти томонидан амалга оширилаётган федерал ҳукумат қисқаришидан хавотирда. Трампнинг умумий рейтинглари 45 фоиз бўлиб, 54 фоиз америкаликлар унинг ишини маъқулламайди.

Қирғизистон ва Тожикистон чегара шартномасини имзолади

Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон Душанбе шаҳрида икки давлат ўртасида давлат чегараси бўйича шартнома имзолади. Бу ҳужжат 23 йил давом этган музокараларнинг якуний натижаси бўлди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида делимитация жараёни 2002 йилдан бери давом этиб, бир неча бор қуролли тўқнашувларга сабаб бўлган. Ҳозирда 980 кмлик умумий чегара тўлиқ келишиб олинди. Президентлар мазкур келишув икки халқ ўртасида тинчлик ва барқарорликни таъминлашини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон уч давлатнинг чегаралари туташган нуқта бўйича шартнома имзолашга келишиб олинди. Бу тарихий ҳужжат 31 март куни Хўжанд шаҳрида уч мамлакат президентлари томонидан расман тасдиқланади.

Арманистон Озарбойжон таклифларини қабул қилди

Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирликлари тинчлик шартномаси матни бўйича келишувга эришди. Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов маълум қилишича, Ереван Боку таклифларини тўлиқ қабул қилган.

Томонлар илгари келиша олмаган икки масала — халқаро судлардаги ўзаро даъволардан воз кечиш ва чегара бўйлаб чет эл кучларини жойлаштирмаслик бўйича келишувга эришган. Бу билан икки давлат ўртасидаги бир неча йиллик музокаралар якунига етди.

Арманистонда конституциявий ислоҳот ўтказиш керак бўлади, чунки арманларнинг амалдаги Асосий қонунида Озарбойжонга нисбатан ҳудудий даъволар мавжуд. Ҳозирда икки мамлакат тинчлик шартномасини расмий имзолаш вақти ва жойи бўйича маслаҳатлашувларни бошлади.

2020 йилда Озарбойжон ҳарбий амалиёт орқали Қорабоғ ҳудудини назоратга олган ва шундан сўнг музокаралар давом этган. Феврал ойида Никол Пашинян ҳужжатнинг 15 та моддаси келишиб бўлинганини, фақат икки банд баҳсли эканини маълум қилган эди.

АҚШ 1 центлик тангалардан воз кечмоқчи

АҚШда 1 центлик тангаларни зарб қилиш расман тўхтатилади. Президент Доналд Трамп АҚШ Молия вазирлигига «пенни» деб аталувчи энг кичик қийматли тангани зарб қилишдан воз кечиш бўйича кўрсатма берди. Бунга сабаб – бир центлик бир дона тангани ишлаб чиқариш таннархи 3,7 центга тушмоқда, бу унинг номинал қийматидан анча юқори.

Ўтган 2024 йилда АҚШ бюджети 1 центлик танга зарб қилиниши ортидан 85,3 млн доллар зарар кўрган. Ҳолбуки, инфляция туфайли 1 центлик танганинг харид қобилияти йўқолиб бўлган.

1990 йилдан буён «пенни»ларни бекор қилишга бир неча бор ҳаракат қилинганига қарамасдан, танга ҳамон сақланиб келинаётганди. Бунга рух ва мис ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи лоббистлар сабаб бўлмоқда. Яна шундай ташкилотлардан бири Americans for common centsʼдир. 

Бундан ташқари, 1 центликнинг муомаладан олиб ташланиши чакана нархларга салбий таъсир ўтказади, деган қарашлар ҳам мавжуд. Шунингдек, 1 центликдан воз кечиш никелдан ясаладиган 5 центликни кўпроқ ишлаб чиқариш заруриятини туғдиради. Уларни ишлаб чиқариш эса янада қимматроққа тушади. 

Мавзуга оид