Жаҳон | 13:16 / 18.03.2025
3702
9 дақиқада ўқилади

Ҳусийчиларнинг ҳужуми, Трамп ва Путин мулоқотига тайёргарлик ва Озодлик ҳайкалини қайтаришни сўраган француз — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

АҚШ барибир Ғазо аҳолисини кўчирмоқчи

Саудия, Миср ва Иордания таъсири остида Ғазодан фаластинликларни кўчириш масаласидан чекингандек бўлган АҚШ барибир Исроил билан биргаликда ғазоликларни Судан, Сомали ёки Сурияга кўчириш имкониятини муҳокама қилмоқда, деб хабар бермоқда CBS News.

Бу вариант АҚШнинг Исроил-ҲАМАС зиддиятини бартараф этиш ва Ғазони тиклаш режаси доирасидаги йўналишлардан бири ҳисобланади.

Бироқ, Сурия ҳукумати бундай таклиф олмаганини маълум қилган, Сомали элчиси эса АҚШ ёки Исроилдан бу борада ҳеч қандай расмий мурожаат бўлмаганини айтган. Судан ҳукумати эса бу борада изоҳ беришдан бош тортган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ўзининг бу мақсадига қаршилик қилган Мисрга босим ўтказиш мақсадида Қоҳирага ҳарбий ёрдам кўрсатилишини тўхтатиб қўйган эди.

БМТ Исроилга қарши санкция талаб қилмоқда

БМТ махсус маърузачиси Майкл Фаҳри Исроилни Ғазода инсонпарварлик ёрдамларини босим воситаси сифатида ишлатишда айблади. Унинг сўзларига кўра, бу замонавий тарихдаги энг тез ривожланаётган оммавий очарчилик ҳолатидир.

Фахри Женевадаги БМТ Ҳуқуқ кенгашида сўзлаб, Исроил ҳужумларини тўхтатмасдан, ёрдамларга чеклов қўяётганини таъкидлади.

«Бу ҳеч қандай оташкесим эмас. Одамлар очлик ва касалликдан ҳалок бўлаётган пайтда, ёрдамлар сиёсий восита сифатида ишлатилмоқда», — деди у.

Унинг фикрича, бу нафақат ҳуманитар инқироз, балки геноциддир.

Халқаро суд БМТга Исроилга санкция қўллаш ваколатини берганини таъкидлаган Фаҳри, халқаро жамоатчиликни кескин чоралар кўришга чақирди.

Ҳусийчилар ва АҚШ зарбалар алмашишди

Ҳусийчилар АҚШнинг Яманга уюштирган ҳаво ҳужумларига жавоб сифатида Американинг USS Harry S. Truman авиаташувчи ҳарбий кемасига баллистик ва дрон зарбалари берганини эълон қилди.

Ҳусийчилар ҳарбийлари расмий вакили Яҳё Сарийга кўра, Қизил денгиз шимолий қисмида жойлашган авиаташувчи кема бир неча соат давомида ракеталар ва дронлар билан нишонга олинган. Сарийга кўра, бу ҳужум АҚШ учоқларининг қўшинларининг Яманга навбатдаги зарбасини тўхтатган. Шунингдек, у Исроил Ғазога ҳуманитар ёрдам киритишни таъминламаса, минтақадаги денгиз қамали давом этишини таъкидлади.

Ҳусийчилар Исроилнинг ҳуманитар йўлакни тўсганига жавобан Қизил денгизда янги ҳужумларни бошлаб юборган эди. 15 мартга келиб Трамп ҳусийчиларга қарши катта ҳужумга буйруқ берди.

Ҳусийчилар томонининг маълумотига кўра, АҚШ ва Британия зарбаларидан сўнг Яманда 53 киши ҳалок бўлиб, 98 нафар одам яраланган.

17 март куни АҚШ Яманнинг Ҳудайда ва Жауф вилоятларига яна олти бор авиазарба берди. Al Masirah телеканалига кўра, икки зарба Ҳудайда вилоятидаги Зебид шаҳридаги заводга, яна тўртта зарба Жауфдаги ҳукумат мажмуасига қаратилган. Ҳалок бўлганлар ва етказилган зарар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Доналд Трамп эса ҳусийчиларнинг ҳужумини Эрон уюштираётганини таъкидлаб твит ёзиб, таҳдид қилди. Эрон ҳукумати бу иддаоларни рад этди.

АҚШнинг ҳусийчиларга йўналтирилган авиаҳужумлари ортидан жаҳонда нефт нархлари кескин ошди. Ҳафтанинг илк савдо сессиясида Brent нефти 1,42 фоизга қимматлашиб, баррелига 71,58 долларга етди, WTI эса 1,5 фоизга кўтарилиб, баррелига 68,19 долларни ташкил этди.

Трамп ва Путин Украина бўйича музокара ўтказади

АҚШ президенти Доналд Трамп 18 март куни Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилиши ва Украинадаги урушни тугатиш имкониятларини муҳокама қилишини билдирди.

У Биринчи рақамли борт саҳнида журналистларга берган баёнотида музокаралар давомида «айрим активлар — жумладан, ҳудудлар ва Запорижжя атом электростанциясини бўлиш» масаласи ҳам муҳокама этилиши мумкинлигини айтди.

Трамп Украина бўйича музокаралар ўзининг «критик нуқтаси»га яқинлашаётганини таъкидлади. У Россия Украина билан 30 кунлик оташкесим имзолашига тайёрлигига баҳо берар экан, «улар рози бўлишади», деди.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков музокаралар 18 март куни бўлиб ўтишини тасдиқлади. Путин аввалроқ АҚШ таклиф қилган 30 кунлик оташкесим келишувини, гарчи бу ҳақда у тўғридан тўғри маълум қилмаган бўлса ҳам, амалда рад этган.

Трампнинг сўзларига кўра, дам олиш кунлари унинг Флоридадаги Мар-о-Лаго қароргоҳида бу борада фаол иш олиб борилган.

Шу билан бирга, АҚШ Россияга нефт савдосига оид санкцияларни янада кучайтириши мумкин. Жумладан, санкцияларга дучор бўлган рус банклари орқали нефт сотиб олиш учун берилган лицензиялар бекор қилиниши мумкин. Бу чеклов Европа давлатларига ҳам таъсир қилиши эҳтимоли бор.

АҚШ яна Россияни қўллаб юборди

Вашингтон Россиянинг Украинадаги жиноятларини тергов қилувчи халқаро гуруҳдан чиқишга қарор қилди. Бу қарор АҚШнинг Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартираётганидан далолат беради, деб ёзмоқда The New York Times.

Жо Байден маъмурияти Россияни Украинадаги жиноятларда айблаган, аммо Доналд Трамп маъмурияти бу терговда қатнашишдан бош тортди.

АҚШ 2023 йилда Европа ва Украина билан биргаликда махсус тергов гуруҳига қўшилган эди, бу ташкилот Россиянинг иттифоқчилари — Беларус, Эрон ва Шимолий Корея билан ҳамкорлигини ҳам ўрганаётган эди.

Шунингдек, АҚШ 2022 йилда ташкил этилган WarCAT (жанг жиноятларини тергов қилувчи гуруҳ) фаолиятини қисқартиришга қарор қилди.

Киев санкцияларни бекор қилиш шартларини санади

Украина расмийлари Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр, агар бу мамлакатда хавфсиз ва адолатли тинчликни таъминлашга ёрдам берса. Бу ҳақда Украина президентининг санкциялар сиёсати бўйича вакили Владислав Власюк Politico нашрига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия билан бизнес юритувчи халқаро компанияларнинг бозорга қайтиши фақат вақт масаласи, аммо бу жараён маълум шартларга мувофиқ амалга оширилиши керак. Власюк санкцияларнинг асосий мақсади Москвани агрессияни тўхтатишга ва барқарор тинчлик келишувига мажбур қилиш эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, у ҳозирча санкцияларни бекор қилиш ҳақида гапириш эрта эканини, аввал Россиянинг тинчлик музокараларида жиддий қадамлар қўйиши зарурлигини таъкидлади.

Инвесторлар Россия иқтисодиётига оид мавжуд санкцияларнинг эҳтимолий юмшатилиши борасида тахминлар қилиб, россиялик компаниялар облигацияларига ва рублга сармоя киритишни муҳокама қилмоқда, деб хабар бермоқда Financial Times. Бу эса рубл курсига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда 1 АҚШ долларининг биржа курси 82-83 рублгача тушиб кетган.

Европада АҚШ товарларига қарши бойкот

АҚШ президенти Доналд Трамп бошлаган савдо урушига жавобан, Европада Америка маҳсулотларини бойкот қилиш ҳаракати кенг қулоч ёймоқда. Минтақанинг турли давлатларида истеъмолчилар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаб, АҚШ товарларидан воз кечмоқда.

Ижтимоий тармоқларда бойкотга чақирувчи гуруҳлар фаол тарғиб қилиб, McDonald’s, Levi’s, WhatsApp каби брендларни маҳаллий маҳсулотларга алмаштиришга чақирмоқда. Teslaнинг Европадаги сотувлари 45 фоизга камайди, Францияда WhatsApp ва X платформаларидан воз кечиш ҳолатлари ортиб бормоқда.

Шунингдек, Норвегия Америка кемаларига ёқилғи етказиб беришни тўхтатди, Канадада АҚШ ичимликларига чеклов киритилди. Google’да «бойкот АҚШ» сўрови кескин ошгани кузатилмоқда. Дания ва Люксембургда маҳаллий маҳсулотлар сотуви кескин ўсди.

Италияда йирик супермаркетлар Европа маҳсулотларини алоҳида белгилаб қўймоқда. Испанияда эса Америка компаниялари билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқиш бўйича муҳокамалар бошланган.

АҚШдан Озодлик ҳайкалини қайтариш сўралди

Франциянинг Европарламентдаги вакили Рафаэл Глюксман АҚШни демократия ва озодлик қадриятларидан чекинганликда айблаб, Озодлик ҳайкалини қайтаришни талаб қилди. Унга кўра, шу кунлардаги Америка энди бу рамзга муносиб эмас.

Глюксман бу даъватни Place Publique партияси йиғилишида билдирди ва АҚШни авторитар тузумлар билан ҳамкорлик қилишда ҳамда илмий эркинликни чеклашда айблади.

Озодлик ҳайкалини Франция 1886 йили АҚШ мустақиллигининг 100 йиллиги муносабати билан ҳадя қилган. Глюксман Ню Йоркдаги Гудзон қўлтиғида жойлашган оролда ўрнатилган ҳайкалнинг оригиналини Францияга қайтаришни талаб қилиб, Париждаги кичик нусха уни алмаштира олмаслигини таъкидлади.

Бу баёнот Франция матбуотида катта шов-шувга сабаб бўлди. Париж расмийлари ҳозирча расмий изоҳ бермаган, аммо бу ҳолат АҚШ-Франция муносабатларидаги кескинликни кучайтириши мумкин.

Мавзуга оид