Жаҳон | 13:12 / 19.03.2025
3339
9 дақиқада ўқилади

Ғазони яна бомбалаётган Исроил, Трамп ва Путин мулоқоти ва Украина учун 30 давлатдан иборат коалиция — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил Ғазони яна бомбалай бошлади

Исроил Ғазо секторига камида 35 та авиазарба берди. ҲАМАС бу ҳаракатни эришилган муваффат сулҳни бир томонлама бузиш деб баҳолаб, Нетаняҳу маъмурияти гаровга олинганларнинг тақдирини хавф остига қўйганини билдирди.

Жанговар ҳаракатлар олдидан Исроил АҚШ билан маслаҳатлашган. Вашингтон расмийлари Исроилнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ҲАМАС, ҳусийчилар ва Эрон терроризм учун жавобгар эканини таъкидлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, бомбалашлар оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 400 дан ошган, ярадорлар 562 нафарни ташкил этмоқда. Қурбонлар орасида кўплаб гўдаклар ва аёллар бор.

Исроил армияси ҳужумлар «ҲАМАС террорчи объектлари»га қаратилганини таъкидламоқда. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Исраэл Кац уруш мақсадларини амалга ошириш ва барча исроиллик гаровга олинганларни озод қилишни режалаштираётганини эълон қилди.

Исроил расмийлари «душманларга ҳеч қандай раҳм-шафқат қилинмаслиги»ни билдириб, урушни тўхтатиш учун барча гаровга олинганлар қайтарилиши кераклигини айтди.

Нетаняҳу уруш бошлаб, суддан қочяптими?

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазога ҳаво орқали ҳужумларини бошлаган куни судда кўрсатма беришдан бош тортди. У бу қарорини «хавфсизлик бўйича шошилинч маслаҳатлар» билан изоҳлаб, прокуратура ҳам унинг сўровини маъқуллаганини маълум қилди.

19 январдан бери амал қилиб келаётган ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги муваққат оташкесимга кўра, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларнинг иккинчи қисми 2 мартдан бошлаб озод этилиши керак эди. Бироқ Исроил Ғазодан ўз қўшинини олиб чиқиб кетишни рад этгач, музокаралар тўхтаган.

Нетаняҳу мамлакатдаги сиёсий инқироз фонида урушни кучайтирди. Мухолифат уни 7 октябрдаги ҳужумлар учун жавобгарликдан қочиш ва Қатар билан алоқалари бўйича текширувни тўхтатишга уринишда айбламоқда.

Дарвоқе, Исроилда Қатар билан боғлиқ янги улкан коррупция можароси бошланган. Нетаняху маъмуриятидаги айрим амалдорлар Қатардан пора олганликда айбланмоқда. Иш давлатга хиёнатгача бориб тақалиши мумкин.

Нетаняху бу ишни «кавлаётган» Шабак хавфсизлик хизмати раҳбари Ронен Барни лавозимидан четлатди. Аммо Исроил тарихида илк марта Шабак бошлиғи бош вазирга бўйсунмаслигини эълон қилди. У Нетаняхунинг шахсига эмас, давлатга хизмат қилаётганини таъкидлади. Мухолифат ҳам Барни қўллаб-қувватлади.

Нетаняҳу азалий коррупция бўйича уч ишда айбланмоқда: 700 минг долларлик қимматбаҳо совғалар олиш, матбуот билан махфий келишув ва телекоммуникация компаниясига имтиёз бериш эвазига медиа ёрдам олиш.

Трамп ҳусийчилар туфайли Эронга таҳдид қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳронга қарши кескин баёнот бериб, энди ҳусийчиларнинг ҳар қандай ҳужуми Эрон зарбаси сифатида баҳоланишини маълум қилди.

«Эрон ўзини террорчилардан жабрланган давлат сифатида кўрсатмоқчи. Лекин улар бошқаларни аҳмоқ деб ўйламаслиги керак. Теҳрон ҳусийчиларни қурол-яроғ, молия ва ҳарбий технологиялар билан таъминлаяпти. Энди Эрон ҳусийчилар томонидан қилинган ҳар бир зарба учун жавобгар бўлади», — деди Трамп.

Хуш, Трампнинг Эронга таҳдидлари ҳаққонийми ёки ёлғондакам?

АҚШ қўшинлари бир неча кундан бери Форс кўрфазидаги Эроннинг Бушаҳр АЭС ҳудудини кузатмоқда. Шу билан бирга, АҚШ ва Исроил яқинда кенг кўламли қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди. Унда стратегик бомбардимончи учоқлар, ҳаво танкерлари ва бир нечта жанговар самолётлар иштирок этди.

Вашингтон айни пайтда Исроил ҳарбий-ҳаво кучларини йирик партиядаги бункербузар авиабомбалар билан таъминламоқда. Бу қуроллар асосан Ғазода эмас, бошқа потенциал нишонларда қўлланиши мумкин.

Бу орада АҚШнинг Ямандаги янги авиаҳужумларидан бир неча соат ўтиб, Санода минглаб яманликлар фаластинликларга ҳамдардлик билдириш учун митингга чиқди. Ҳусийчилар эса Исроилга қарата ракета учиришди.

Путин ва Трампнинг телефон орқали мулоқоти

Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг узоқ анонс қилинган телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Икки соатлик суҳбат асосан Украинадаги вазиятни муҳокама қилишга бағишланган.

Кремл баёнотига кўра, Путин Трампнинг урушни тўхтатишга бўлган интилишини олқишлаб, музокаралар комплекс ва узоқ муддатли бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Трамп 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш таклифини билдирган, Путин буни қисман маъқуллади ва Украина энергия инфтратузилмаларига зарба беришдан тийилиш борасида Россия ҳарбийларига тегишли кўрсатма беришини айтган. Кейинроқ бу ташаббусни Украина президенти Володимир Зеленский ҳам қўллаб-қувватлашини билдирган.

Россия томони украин армиясига мажбурий мобилизацияни тўхтатиш ва қайта қуролланишни чеклаш масаласини кўтарган. Киевнинг олдинги келишувларни бузгани ва террорчилик ҳаракатларига оид хавфлар муҳокама қилинган.

Путин Курск областида қуршовда қолган украин ҳарбийларига таслим бўлишни таклиф қилиб, уларнинг ҳаёти кафолатланишини яна бир бор такрорлаган. Шунингдек, 19 март куни 175 га 175 нисбатда асирлар алмаштирилиши ва 23 украин ҳарбийси ҳуманитар сабабларга кўра қайтарилиши маълум қилинган.

Икки етакчи Қора денгиздаги кемачилик хавфсизлиги ва Яқин Шарқдаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Улар стратегик барқарорлик ва ядро қуролини тарқатмаслик бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олган.

Оқ уй баёнотига кўра, Доналд Трамп ва Владимир Путин Украинадаги можаро анча олдин тугатилиши кераклигини таъкидлаган. Улар урушни тўхтатиш йўли энергетика ва инфратузилма объектларига зарбаларни бас қилишдан бошланишини қайд этган.

Етакчилар Қора денгизда келишувга эришиш бўйича музокараларни бошлашга келишишган ва бу жараённи Яқин Шарқда зудлик билан бошлашга қарор қилинган. Шунингдек, АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ва геосиёсий барқарорликни таъминлаш имкониятлари муҳокама қилинган.

Президентлар, шунингдек, Эрон ҳеч қачон Исроилни йўқ қилиш имкониятига эга бўлмаслиги кераклигини якдил таъкидлашган.

Украина учун 30 давлатдан иборат коалиция

Британия Украинадаги можарони барқарорлаштириш мақсадида 30 дан ортиқ давлатни ўз ичига олган тинчликпарвар коалицияни шакллантирмоқда. Лондон, Париж ва Канберра тинчликпарвар кучларни юборишга тайёрлигини билдирган, аммо миссия хавфсизлигини фақат АҚШ ҳарбий ёрдами кафолатлаши мумкинлигини таъкидлаган.

Дания ва Швеция ўз қўшинларини жойлаштириш эҳтимолини муҳокама қилмоқда. Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми агар Россия сулҳни рад этса, G7 янги санкциялар ва музлатилган активларни мусодара қилиш орқали Москвага босимни кучайтиришини билдирди.

Европа ва Британия ҳарбий босимни оширишни режалаштирмоқда. 20 март куни Лондонда «истаганлар коалицияси» давлатлари, шу жумладан Австралия, Канада ва Япония иштирокида музокаралар ўтказилади.

Британиянинг режасига кўра, миссия 30 минггача ҳарбийни ўз ичига олиши мумкин. Бу Украина президенти Володимир Зеленский талаб қилган 100 минг тинчликпарвар қўшиндан уч баробар кам. АҚШ ҳарбий ёрдами йўқлигидан хавотирланган коалиция НАТО бирдамлигига таҳдид солувчи хавфларни қайд этди.

Россия ва Тожикистон ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Москва ва Душанбе 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ва уни 2028 йилгача амалга ошириш режасини имзолади. Бу борада Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Россияга расмий ташрифи чоғида келишувга эришилди.

Владимир Путин музокаралар давомида Марказий Осиё хавфсизлиги, хусусан, Афғонистондан келаётган таҳдидлар муҳокама қилинганини таъкидлади. Россия минтақада барқарорликни сақлашда Тожикистонда жойлашган 201-Россия ҳарбий базаси имкониятларидан фойдаланишда давом этади.

2023 йилда Тожикистонда Россия маблағлари ҳисобига замонавий чегара пости қурилгани эслатилди. Икки давлат мудофаа, терроризмга қарши кураш, кибержиноятчилик ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди.

Имомали Раҳмон музокаралар натижаларидан қониқиш билдириб, Тожикистон Россия билан стратегик шерикликни янада ривожлантиришга интилишини таъкидлади.

Мавзуга оид