Ўзбекистон | 10:45
6148
19 дақиқада ўқилади

“Ҳайдовчиларнинг манфаати энг охирги ўринда бўлиши керак” – тезлик “чегирмаси”нинг оширилиши эътирозга сабаб бўлмоқда

Ҳукумат ҳайдовчиларга “тезликни ошириш ҳуқуқини берадиган” қонун лойиҳасини Олий Мажлисга киритди. Унда автомобил тезлиги оширилганда чегириб ташланадиган 5 км/соат 10 км/соатга оширилиши назарда тутилган. “Тезликни ошириш ҳақида бирор нарса гапиришганда, йўлларда ҳалок бўлаётган ҳамюртларимиз, айниқса болаларни ўйлашимиз керак”, – дейди эксперт. Kun.uz жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлаётган лойиҳа ҳақида эксперт ва фаоллар фикри билан қизиқди.

Парламентга қонун лойиҳаси киритилди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига МЖтКга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилди. Бу ҳақда 15 март куни қуйи палатанинг расмий саҳифасида эълон қилинди.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасида радар ва спидометрларнинг хатоликларидан келиб чиқиб, жарима ёзилмайдиган тезлик чегирмаси 10 км/соат бўлиши назарда тутилмоқда. Мавжуд амалиётга кўра, бу чеклов ҳозирда 5 км/соатни ташкил этади.

Қизиғи, Қонунчилик палатаси расмий хабари билан берилган суратда бу ҳали депутатлар муҳокамасидан ўтишга улгурмаган ҳужжат амалиётга шубҳасиз жорий этилишига ишора қилингандек: “Энди қайд этилган тезликдан 10 км/соат чегириб ташланади” деб ёзилган.

Ўзбекистонда 2024 йилда 9 мингдан ортиқ ЙТҲ содир этилиб, жараёнда салкам 9 минг одам жароҳатланган, 2 минг 200 дан зиёди эса вафот этган. Айни вақтда бундай қарор бизга керакми? Kun.uz бу масалада фаоллар ва йўл ҳаракати хавфсизлиги экспертининг фикри билан қизиқди.

ЙТҲнинг аксарияти тезликдан ва болалар ҳам айнан шу тезлик қурбони бўляпти”

Йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларида мутахассис Носиржон Зокиров йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан тезлик чегирмасини оширишга қарши эканини билдирмоқда. У биз бўлган бўлган суҳбатда нима учун бу ташаббус қилинмаслиги муҳимлигини тушунтириб берган.

Тезлик чегарасини 70 км/сдан 60 км/сга туширишга жуда катта ҳаракатлар қилинди, катта қийинчиликлар, эътирозлар бўлди. Гўёки 70 дан 60 га туширса, тирбандликлар камаяр экан, бир хилда айтиб ҳам қолишади: “60 га туширгач, одам ўлими камайдими?” деган саволни беришади, балки “кўпаймагандир, ортмагандир” дейишмайди. Энди ҳозир 5 дан яна 10 га кўтарсак, бир қадам олдинга, 2 қадам орқага юрган бўламиз. Кейин яна кимдир чиқади-да, “10 кам экан, 15 га кўтарамиз” дейди. Кейин “20 га кўтарамиз” дейди, шу билан кетаверади. Бу биринчиси.

Иккинчидан, аҳоли пунктларимизда юқори тезлик чеклангани 70 км/сгача, 60 эмас. Йўл ҳаракати қоидаларидаги чалкашлик шунга олиб келди. Қоидада шундай ёзилган: “аҳоли пунктларидаги юқори тезлик соатига 70 кмдан ошмаслиги белгиланган, лекин шаҳарларда, негадир Нукус ва Тошкентни алоҳида санаб ўтишган ва туман, вилоят марказларида юқори тезлик 60 км/с. 2 хил тезлик қилиб қўйибди. Масалан, Тошкентда 10 га кўтарсак, 70 км/сда юрса, бошқа туман, вилоят марказларида 80 км/с қилиб белгилаб қўямиз-ку. Ўзбекистон катта, посёлкалар, МФЙ, қишлоқлар бор. 80 км/с деб белгиланмайди, лекин юқори тезлик чегараси 70 бўлса, яна чегирмани 10 қилиб белгилаб қўйсак, яна ўлимларга олиб келинади.

Қуруқ гап бўлмаслиги учун тадқиқотларга мурожаат қиламиз. Техник имкониятлари бир хил бўлган 2 та автомобил параллел равишда ҳаракатланяпти. Биттасининг тезлиги соатига 60 км, иккинчисиники 65 км. Бор-йўғи 5 км, 70 эмас, 66 ҳам эмас. Иккала ҳайдовчининг ҳам ёши, саломатлиги бир хил, спиртли ичимлик ичмаган. Иккови ҳам тўсатдан тўсиқни, хавфни кўриб қолди. Хавф деганда бу пиёда ҳам, бошқа транспорт воситаси ҳам, дарахт ҳам бўлиши мумкин. Иккови бир вақтда шунга реакциясини билдириб, ҳайдовчи кўзи билан кўриб бош мия ва оёққа сигнал бергунича вақт ўтади, тормоз педалини иккови баробар босяпти, бир хил тезликда ҳаракатланиб келиб, тўсиққа уриладиган вақтда аниқроқ қилиб ўша тўсиқни пиёда десак, бориб урилаётган вақтда 60 км/с тезликда ҳаракатланган автомобил ураётган вақтда тормоз билан соатига 5 км/сга тушди, 65 км/с ҳаракатланганида эса 32 км/сга тушди. Фарқ 27 км/с. Бор-йўғи 5 км/с охир-оқибат 27 км/с бўляпти. 32 км/сда урилган одам тирик қоладими? Йўқ, жуда амримаҳол.

Шунинг учун ҳар бир км/сга оширишдан олдин ўйлаб кўриш керак ва тадқиқот ўтказиш керак. Чунки имтиҳонда ҳам саволлар бор, агар тезлик 2 марта оширилса, тўхташ йўли неча марта ортади деган саволнинг жавобида 4 марта ошади дейилган. Чунки тезлик ошган сари тўхташ йўлаги ҳам ортади. Энди биз ҳозир ишқаланиш коэффициенти юқори бўлган йўл қопламали йўллар ҳақида гапиряпмиз, ёмғир, қор ёғганда, сирпанчиқ бўлиши мумкин. Ҳамма ҳолатлари бор. Шу сабаб тезлик ошган сари, хавф ортиб боради. ЙТҲнинг аксарияти тезликдан ва болалар ҳам шу тезлик қурбони бўляпти. Тезликни ошириш ҳақида бирор нарса гапиришганда, бевақт ўлаётган ҳамюртларимиз, айниқса болаларни ўйлаб кўришимиз керак”, – дейди у.

“Соҳага фуқаровий раҳбарлар керакдир”

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров “давлат раҳбари томонидан шаҳар кўчалари пиёдалар учун мослаштирилиши кераклиги бонг урилаётган вақтда” бундай ташаббус илгари сурилаётганини тескари қадам деб баҳоламоқда. Бакиров қонун лойиҳаси жамоатчилик билан муҳокама қилинмай, парламентга киритилганига ҳам эътибор қаратган.

Айни бир пайтда жуда муҳим бўлган масала Ўзбекистонда ҳайдовчилардан кўра пиёдалар кўпроқ, статистика бўйича ҳам. Айтайлик, 4,5 млн автомобил бўладиган бўлса, Ўзбекистоннинг қолган аҳолисини шартли равишда пиёда деб олсак, ҳатто ҳайдовчиларнинг ўзи ҳам куннинг ёки ҳафтанинг айрим пайтлари пиёда сифатида ҳаракатланишади. Шунга айтмоқчи бўлганим, аҳолининг мутлақ кўпчилик қисмига тааллуқли бўлган масалани муҳокамасиз парламентга киритилишининг ўзи савол туғдиради. Давлат раҳбарининг ўзи янги чақириқ, парламент шаклланганида айтган масала бор эди, яъни “жамоатчилик муҳокамасига қўйишни кўпайтиринглар, жамоатчилик муҳокамаси бўлиши керак деган қарорлар олдидан” деганди, парламентга топшириқ берилганди. Биз амалда ҳаммасининг тескарисини кўриб турибмиз, яна парламент мисолида. Бу биринчиси.

Иккинчидан, парламентимиз, айниқса янги чақириқдагиси дискуссия макони эмаслигини кўрдик-ку. Яъни жуда кўп масалалар жуда тез, осон ва муҳокамаларсиз қабул қилинаётганини кўрдик. Табиийки, бошқа бир жамият бўлганида, бошқа давлатда “парламентда бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қиладиган вакилларимиз бор, бу антихалқ қарори ўтмайди” деб ўзларини ўзлари ишонтиришлари ёки таскин беришлари мумкин эди. Лекин биз биламиз-ку, парламентда қарорлар қандай қабул қилинади? Неча соат, неча дақиқада бутун Ўзбекистоннинг эртанги куни, истиқболи учун муҳим бўлган қарорлар, ҳатто зарарли бўлса ҳам муҳокамасиз қабул қилинаётганини кўп кўрдик-ку ва кўряпмиз ҳам. Бу иккинчи хавотирни яратади: нима учун бу даражага келиб қолдик?

Хаёлимнинг бир бурчагида барибир яхши гумоним бор, агарда шу спидометрлар ёки автомобиллардаги ўлчовчи қурилмалардаги хатоликни ҳисобга олувчи чегирмани 5 км/сдан 10 км/сга туширишаётган бўлса, демак қайсидир бир бурчакда шаҳарларда ҳаракатланиш тезлигини 60 км/сдан 50 км/сга тушириш ҳақидаги қарор тургандир, бу қарор парламентдан муҳокама қилиниб ўтиши билан бу қарорни балки кучга киритишар деган гумоним ҳам пайдо бўлди. Орадан 3-5 кун вақт ўтяпти, бирор жойда бу тарафини эшитганимиз, кўрганимиз йўқ.

Парламентга киритилаётган ва биринчи ўқишдан кейинги матн, парламентнинг қуйи палатасидаги 2-3-ўқишда маъқулланган лойиҳа Сенатга келгандаги матн, Сенатдан кейин имзолашга юбориладиган матнларни доимий равишда кузатиш имкониятига эга бўлишимиз керак. Биз қаерда нима муҳокама қилинётганини ҳам, у муҳокамаларга қандай ўзгартиришлар киритилаётганини ҳам ва у ўзгартиришлар амалда имзолангунча яна ўзгариб қолган ёки қолмаганини ҳам билмаймиз. Биз қонунлар йўқолиб қолишига, Сенат тасдиқлаган қонун ҳужжатлари имзолангунгача ўзгартирилганига гувоҳ бўлдик-ку”, – дейди иқтисодчи.

Шунингдек, Бакиров расмий вакилларда жамоатчилик фикрини эътибордан четда қолдириш кайфияти уйғонганини, йўл ҳаракати тизимида баъзи ҳолатлар яширилаётганини, бу эса ёмон тенденция эканини айтмоқда.

Одатда “жамоатчиликнинг фикри халқ фикри эмас” деган нарратив бор. Айрим расмийлар бу ҳақда очиқ ҳам айтишяпти, яъни “жамоатчилик фикри бошқа, тармоқлардаги фикр бошқа. Улар бир-бирини такрорламайди ва тенг эмас” деган нарративлар мавжуд. Шундай экан мен ҳатто фаолликка рухсат берилган айрим депутатларимизнинг чиқиб ўзининг фикрини билдиришганига гувоҳ бўлмадим. Уларга рухсат бўлмаганми? Одатда биз 1 ҳафта 10 кун ўтиб қаердандир рухсат ёки топшириқ бўлса, мавзуга қўл уришади-да. Балки бунга ҳам рухсат тегиб қолар. Депутатларимиз сўров юборишар.

Яна бир ичимдан ўтган нарса, бу ишлар тизимда бутунлай янги одамлар келган пайтда юз беряпти. Биз одамларда янги умидлар пайдо бўлдики, тизимдаги раҳбарлар энг юқориси, ўрта поғоналари, ҳудудлардаги раҳбарлар алмашяпти-ку, янги келган одамлар ўша эскиларнинг ишини такрорлаяпти. Кеча мен жуда оғир масалага гувоҳ бўлдим, Пискент йўлида катта авария бўлган. Авария натижасида қурбонларнинг сонини, автомобилнинг русумини яширишга ҳаракат қилишган. Аслида автобус бўлган транспорт воситасини автомобил сифатида кўрсатиб, қурбонлар сонини, воқеадаги фожиавийлик аҳамиятини камайтиришга ҳаракат қилишган. Бу – жуда ёмон тенденция.

Биз агар қаердадир тезликни ошириш, нисбий харажатларни камайтириш ҳақида гапирмоқчи бўлсак, бунда шаҳардан ташқаридаги магистрал йўллар ҳақида гап кетиши керак. Мисол учун, мен яқинда Бухородан Хоразмга бордим, магистрал йўлдан юрдим, жуда яхши йўл қилинган. Айтайлик, бу йўлда тезликнинг миқдорини ошириш мумкин, аҳоли пунктлари йўқ, шаҳарлар орасидан ўтмайди, хавф йўқ. Ҳаракатланиш, юк ташиш билан боғлиқ-ку асосан, бир бирлик юк ташишнинг қийматини камайтириш мақсадида бу ҳақда ўйланиши мумкин, лекин шаҳар ичида вазият билан буни боғлаш керак эмас. Бутунлай бошқа-бошқа ҳолат. Балки соҳага фуқаровий раҳбарлар керакдир, тизимни фуқаровий нуқтаи назарда ҳис қиладиган раҳбарлар керакдир, балки. Бу ҳақда ҳам ўйлаб кўришимиз керакдир”, – дейди мутахассис.

“Бу қарор керак эмас, бизга ҳозир шу йўлларни сокинлаштириш керак”

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса айни ҳозирги вазият учун тезлик чегирмасини оширишдан кўра ҳукумат ва парламентни муҳимроқ муаммолар кутаётганини эслатмоқда.

У жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган ҳужжатларни парламент қабул қилолмайдиган тизим ишлаб чиқилиши кераклигини таклиф қилди.

Шу муҳокама учун эълон қилинганда эди, бу ерда маълумотномаси бўлар эди: “нега бу таклиф киритиляпти, нима асос билан, бунга нима зарурат бор?” – биз буларни билар эдик, тушунар эдик. Яъни ҳукуматнинг тузилмалари нега бу фикрга келганини билардик-да, ўша масалада қўшилса бўладиган фикр бўларди ёки акси. Энди катта эҳтимол билан кўрсак ҳам қўшилиб бўлмайдиган фикр бўлиб чиқади, лекин бу айнан ҳозир бош қотирадиган нарса эмас-да. [Йўлларда] ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида бундан бошқа масалалар тиқилиб ётибди, бу айни ҳозир керак бўлган нарса эмас.

Агар бу нарса жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган бўлса, шуни парламент қабул қилмайдиган тартибни йўлга қўйиш ёки чеклов топиш керакмикан деган фикр келаётганди. Яъни парламент “сен буни олдин жамоатчилик муҳокамасига қўймаган бўлсанг, биз қабул қилмаймиз” деган тартибни ўзига қўйиб олса, ҳозиргидек кинояли, истеҳзоли муносабатлардан қутилган бўлар эди.

Бу гапим ҳозир жуда радикал эшитилиши мумкин, тўғри, айрим чет мамлакатларида тезлик чегирмалари мавжуд. Менинг назаримда, ҳозирги Ўзбекистон шароитида 5 км/с тезлик чегарасини ҳам олиб ташлаш керак. Яъни ҳайдовчининг ўзи ҳисоблаб юраверсин. Ўзи асосан тезлик чекловини бузадиган машиналарнинг кўпи енгил, замонавий машиналар ҳисобланади ва уларда сиз бемалол “cruise control” қилиб, тезлик чегарасини белгилаб қўйсангиз бўлади. Ёки тезликни кўриб туроладиган, электрон таблоли қандайдир қурилмалари бор, ҳайдовчи керак бўлса [шулар орқали тезлигини] ҳисоблаб юриши керак. 60 км/с тезлик чегараси белгиланган жойда ўзи онгли равишда 55 км/с тезликда юрсин. Радар нотўғри уриб қўйиши мумкин деган хавотирлар бўлса, ўзи шундай юрсин керак бўлса.

Ҳозирги Ўзбекистон шароитида шундай бўлиши тарафдориман, яъни тезлик чегирмасини ўзгартириш керак бўлса, пастки томонга ўзгартириш керак, юқори томонга эмас.

Охирги 2-3 йилда сурбетликми, безбетликми – шундай режимга ўтиб олишди. Амир Темур кўчасида кетма-кет ЙТҲ бўлди. У ерда нима бўлди? ЙҲХга масъул ташкилотлар йўлларга янги чизиқлар чизиб тажриба ўтказишни бошлашди ва ишни биринчи қилиниши керак бўлган жойдан эмас, охиридан бошлашди. Яъни орқага бурилиб олиш чизиқларини чизишдан бошлашди. Бунинг оқибатида Амир Темур кўчасининг светофор ўрнатилмаган, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида кетма-кет ЙТҲлари бўлса, боласи билан йўлдан ўтаётган аёлни машина уриб юборган, ҳозир уларнинг аҳволи қандай эканини билмайман, лекин ўша вақтда оғир эди. Она ва бола реанимацияда ётган эди.

Жамоатчилик орасида катта резонанс бўлганидан кейин ўша чизиқларни ўчириб чиқишди, бошқатдан чизиб чиқишди. Ҳозир Шаҳристон чорраҳасидан то Юнусобод бозори чорраҳасигача бўлган қисмида янги йўл чизиқлари чизилди, худди вилоятлараро йўлларга ўхшайди. Қайрилаётган жойда машиналар оқими чапроққа сурилади, қайриладиган жойдан кейин яна ўнгга сурилади. Лекин улар бошида фақат буриладиган жойнинг ўзини қилишаётган эди. Шу авариядан кейин Шаҳристон чорраҳасининг бир қисмини ўнг томондан бошлаб бир чеккадан тўғрилаб чизиб чиқишди. Ва ҳозир ўша ерда ҳаракат тартибга тушгандек. Сиз йўлни кўриб, “полоса”га тушиб юрасиз.

Лекин шуни муҳокамага эълон қилганида эди ёки олдиндан “биз шундай қилмоқчимиз, сизлар нима дейсизлар?” деб жамоатчиликни чақирганида эди, шу соҳанинг тушунадиган яхши мутахассислар, урбанист, архитекторлар яхши маслаҳат берган бўлар эди. Қандай қилишса, бу тўғри бўлиши, қандай қилишса, оқибати юмшоқроқ бўлиши, шундай кўнгилсиз ҳодисалар бўлмаслигини айтган бўлишар эди. Катта эҳтимол ўша кетма-кет бўлган авариялар ҳам содир бўлмаган бўлар эди. Афсуски, бу [светофор] ЙТҲ жабрланган одамларнинг хотирасига қўйилгандек бўлиб қолди, лекин бамаслаҳат қилинганида эди, йўл чизиғи ҳам қўйилар эди, светофор ҳам қўйилар эди.

Бу қарор керакмиди бизга ҳозир? Йўқ, бу қарор керак эмас, бизга ҳозир шу йўлларни сокинлаштириш керак. Иложи бўлса, “полоса”ларни камайтиришимиз керак. Тирбандликнинг олдини олиш мумкин бўлган, шаҳар ичида бир жойдан иккинчи жойга етиб олишни таъминлайдиган бошқа чоралар ечимлар бор”, – дейди Аъзамхўжаев.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда бу ташаббус ўринсиз, чунки ҳукумат қилиши керак бўлган, парламент кўриши керак бўлган муаммолар етарлича.

“Радикал чораларни кўриш керак”

Яна бир журналист Шуҳрат Шокиржонов ҳам бу масалада ўз фикрини билдираркан, муаммонинг илдизини автомобилларга “ҳашамат” сифатида қараш шакллангани билан боғлайди. У қарор қабул қилувчиларда ҳам бу масала приоритет бўлгани сабаб ҳар бир амалиётда машиналарга қулайлик яратилаётганини таъкидламоқда.

Бизда афсуски, ҳали-ҳамон машиналар “ҳашамат”, машинасиз бўлмаган одам ҳаётда ҳеч нарсага эришмаган “лосер” ҳисобланади ва ўз-ўзидан жамиятимизда машинага сиғиниш жуда кучли, ҳамма нарса машина учун бўлиши керак, ҳукуматдаги қарор қабул қилувчилар ҳам, вазирлар ҳам, депутатлар ҳам – ҳаммаси “автотеррорист-да, машинада юришни хоҳлайди, ҳамма шароит машинага бўлишини хоҳлайди. Бўлмаса, чўлнинг ўртасида парламент, вазирлик қилиб ўтириши керак, ҳеч ким халал бермайди, машинасини 350 км/с тезликда ҳайдаб бораверсин.

Аҳолини олиб қарасангиз, машинаси йўқ пиёдалар – аёллар, болалар ва қариялар бўлади. Нима учун уларни ўйламаслик керак, нима учун ҳамма шароит 20 ёшдан 50 ёшгача бўлган “автотеррорист” эркаклар учун бўлиши керак. Булар машина ҳайдамайди, ҳайдовчиси бор. Машиналари хавфсиз, 150 км/с билан урса ҳам 18 та хавфсизлик ёстиқчаси бор, ўлмай қолиши мумкин. Буни ҳам билишади, уларга қизиқмас-да. Булар ўзи учун қиляпти ҳамма нарсани, ҳайдовчиси, ўғли, қариндоши бор, “эзиб юборди шу радарлар ҳам 66 км/с тезликка атиги +1 учун жарима ёзибди-да” деса, буни кўпайтириб қўйиш керак деган-да.

Бу нарсаларнинг олдини олиш учун жуда радикал чораларни кўриш керак. “Ҳайдовчиларга ёқмайди, ҳайдовчиларни хафа қилиб қўямиз” [дейишади], уларнинг манфаати энг охирида бўлиши керак. Эпласа минсин, ҳеч ким ундан ҳайдовчи бўлгин деб илтимос қилгани йўқ ёки машина сотиб ол деб айтмаганмиз. Уларнинг “парковка”си… Нима давлат “парковка” қилиб беришга мажбурми?

Бизда ҳайдовчилик маданияти 0, қаттиқ чоралар кўриш керак Мактаблар олдида 30 белгилари шунчакига, ҳеч ким 30 км/с тезликда ҳайдаймайди, 30 ҳайдашга мажбурлайдиган чоралар қилиниши керак”, – дейди Шокиржонов.

Шунингдек, у айнан йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида автомобиллаштирилган давлатларнинг тажрибаси эмас, балки пиёдалар приоритет кўрилувчи Скандинавия давлатларининг тажрибалари ўрганилиши лозимлигини айтиб ўтди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид