Яна учта муҳим ўйин. Ўзбекистонга мундиалга чиқиш учун қандай натижалар керак?
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳозирданоқ саралаш ўйинларида очко тўплаш бўйича энг яхши натижасини қайд этиб турганига қарамай, ҳал қилувчи ўйинлар энди ўтказилади.

Фото: Kun.uz
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Элдор Шомуродов Қирғизистонга қарши ўйиндан кейин берган интервюсида агар кейинги турда Эрон мағлуб этилса, жаҳон чемпионатига чиқиш масаласи 99 фоизга ҳал қилиниши ҳақида гапирди. Лекин воқеалар ривожи бошқачароқ кетса-чи?
Ўзбекистон жаҳон чемпионати саралашида яна учта ўйинда майдонга тушади:
- 25 март: Эронга қарши меҳмонда;
- 5 июн: БААга қарши меҳмонда;
- 10 июн: Қатарга қарши уйда.
Жамоа ҳозирда гуруҳ жадвалининг иккинчи ўрнида мустаҳкам жойлашганига қарамай, кейинги ўйинлардаги натижалар барчасини ўзгартириб юбориши мумкин.
Рекорд кўрсаткич
Ўзбекистон 20 март куни Тошкентда ЖЧ-2026 саралаши учинчи (охирги) босқичи 7-тури доирасида Қирғизистон вакилларини қабул қилди. Гуруҳ аутсайдерларидан бирига қарши ўйинда ҳимоячи Ҳожиакбар Алижонов урган гол минимал 1:0 ҳисобидаги ғалабани таъминлади. Қийинчилик билан қўлга киритилган бу уч очкодан кейин Ўзбекистон миллий жамоаси ўз гуруҳида иккинчи ўринни мустаҳкамлади.
7 турдан сўнг очколар сони 16 тага етган, энг яқин таъқибчилар 6 очкога ортда қолдирилган, бу – жамоа учун ЖЧ саралаш турнирлари сўнгги босқичида тўпланган очколар бўйича рекорд кўрсаткичдир.
Бунгача энг яхши натижалар 2014 ва 2018 йилги мундиаллар учун саралаш босқичларида қайд этилган: Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоа 8 ўйинда 14 очко тўпланган, лекин Бразилиядаги турнирга тўғридан тўғри йўлланма учун бу етарли бўлмаганди. Тўрт йил ўтиб Россия мезбонлик қилган жаҳон чемпионати учун саралашда эса Самвел Бабаян қўли остидаги жамоа 13 очко билан қолиб кетган.
Гуруҳдаги олдинги ўйинлар
Бир қарашда Ўзбекистон миллий жамоаси бу сафарги саралашда яхшироқ иштирок этаётгандек ва имкониятлар ҳам яхшироқдек кўринади. Аммо ЖЧ формати ўзгаргани ва унда иштирок этувчи жамоалар сони оширилгани туфайли саралашнинг сўнгги босқичида гуруҳлар ҳамда унда қатнашувчилар сони ҳам ошгани, натижада нисбатан кучсиз рақибларга қарши ўйинлар ҳам бўлаётганини инобатга олиш керак бўлади.
Осиё минтақасидаги A гуруҳида Қирғизистон ҳамда КХДР жамоалари айнан шундай рақиблар бўлди ва Ўзбекистон ўз очколарининг аксарини – 16 очкодан 12 тасини ушбу жамоалар билан ўйинларда қўлга киритди. Қайд этиш керакки, ушбу нисбатан кучсиз рақибларга қарши ўйинларнинг ҳам ҳеч бири осон кечмади – КХДРга қарши иккала ўйинда ҳам рақиблар пеналтидан фойдалана олмагани қўл келди ва минимал ҳисоблардаги устунлик (1:0) сақлаб қолинди. Қирғизистонга қарши сафарда кечган биринчи ўйинда ўзбекистонликлар ҳисобда қувишга мажбур бўлди ва фақат иккинчи бўлимда иродали ғалабага эришилди (3:2). Тошкентдаги иккинчи ўйинда эса рақиб биринчи бўлимдаёқ бир киши кам бўлиб қолгани вазифани осонлаштирди (1:0).
Гуруҳнинг қолган вакиллари билан эса ҳозирча бир мартадан ўйин ўтказилган ва бу ўйинлардаги натижалар у қадар қониқарли эмас.
Дастлаб гуруҳ фаворити Эрон билан Тошкентда кечган ўйинда рақиб иккинчи бўлимнинг катта қисмини бир киши кам бўлиб ўтказганига қарамай, бундан фойдаланилмаганди (0:0).
Ўзбекистон гуруҳдаги иккинчи йўлланма учун курашдаги асосий рақиби бўлмиш БАА билан Тошкентда кечган ўйинда муҳим уч очкони қўлга киритганди (1:0), аммо ўша ўйинда аввалига амирликлар футболчиси қизил карточка олгани ҳал қилувчи вазият бўлди, кейинроқ меҳмонлар дарвозасига пеналтидан ғалаба голи урилди.
Йўлланма учун яна бир рақобатчи – Қатарга эса сафарда аламли тарзда мағлубиятга учралди (2:3). Ўшанда биринчи бўлимдан кейин икки тўп фарқи билан ортда борган ўзбекистонликлар иккинчи бўлимда Аббос Файзуллаев урган голлар эвазига камбэк амалга оширганди, аммо футболчилар қўшимча дақиқаларда диққатни йўқотишди ва гол ўтказиб юборилди.
Энди ўша гол қимматга тушиши мумкин.
Гуруҳдаги кейинги ўйинлар
25 март, сешанба куни Осиёда ЖЧ-2026 саралашининг 8-тур учрашувлари ўтказилади. Эрон Ўзбекистонни, Қирғизистон Қатарни, КХДР БААни қабул қилади.
Ўзбекистон ҳозирда гуруҳда қулай ҳолатда турганига қарамай, охирги уч ўйиннинг барчаси кучли рақибларга қарши кечади: Эрондан кейин БАА ва Қатарга қарши ўйинлар кутмоқда.
Ҳозирда гуруҳда 10 очко билан учинчи ўринда жойлашган БАА гуруҳ фаворити бўлмиш Эрон билан икки ўйиндан ҳам ўтиб бўлган ва энди КХДР, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан ўйнайди, 10 очкога эга яна бир жамоа Қатар эса охирги турларни Қирғизистон, Эрон ва Ўзбекистонга қарши ўтказади.
Яъни, энг осон тақвим БААда, энг қийини – Ўзбекистонда.
Ўзбекистон Эронда ғалаба қозонгудек бўлса, Шомуродов айтганидек, вазифа «99 фоизга уддаланади», жамоа амалда гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқиш учун курашга қайтади, шундан кейинги икки ўйиндаги бир очко ҳам Ўзбекистонга тўғридан тўғри йўлланма учун кифоя қилади. Аммо Теҳронда ғалабадан бошқа натижа қайд этилгудек бўлса, вазият чигаллашади.
Қуйида кейинги ўйинлар учун бошқа сценарийлар ҳам кўриб чиқилади:
Эрон ва БААдан мағлубият:
Сешанба куни Эрон Ўзбекистон билан ўз уйида кечадиган ўйинда йўлланмани нақд қилиш учун майдонга тушади, бу эса ўзбекистонлик футболчилар учун вазифани янада қийинлаштиради. Агар ўша куни очко қўлга киритилмаса, параллел учрашувларда эса араб жамоалари ғалаба қозонишса, гуруҳдаги вазият Ўзбекистон учун чигаллашади – рақобатчилар 3 очколик масофада яқинлашиб олишади.
Шундай ҳолатда БААга сафар қиладиган Ўзбекистон жамоасида босим каррасига ошиб кетади. Агар кейинги икки ўйинда ҳам мағлубиятга учралса, ўзбекистонликлар амалда тўғридан тўғри йўлланмадан умид узавериши мумкин. Чунки бу ҳолатда охирги тур арафасида Ўзбекистон, БАА ва Қатарда (Эрон 8- турдаёқ йўлланма масаласини ҳал этса, кейинги ўйинларда аралаш таркиб тушириши ва ютқазиши эҳтимоли юқори бўлади) бир хил – 16 тадан очко бўлади. Очколар тенг ҳолатда эса тўплар нисбати биринчи планга чиқади ва бу борада вазият БААда анча яхшироқ (ҳозирнинг ўзида +6 ва кейинги турларда ғалаба қозонса, янада яхшиланади, Ўзбекистонда +4 ва кейинги турларда мағлуб бўлса, янада ёмонлашади).
Натижада Ўзбекистон сўнгги турда Қатарни имкон қадар йирик ҳисобда енгиши ва Қирғизистон БАА билан ўйинда йирик ҳисобда ютқазмаслигига ёки имкон қадар «ёрдам» кўрсатишига умид қилиши керак бўлади.
Эрон ва БАА билан дуранг ёки дуранглар:
Агар Эрон билан дуранг ўйнаса, Ўзбекистон ҳисобидаги очколар сони 17 тага етади, лекин бу очко ҳозирча гуруҳ жадвалидаги вазиятга жиддий таъсир кўрсата олмайди, араб жамоалари ўз ўйинларида ғалаба қозониб, яқинлашиб олиши мумкин (13 тадан). Ва 9-турда Ўзбекистон БААга ютқазса, бу жамоа билан фарқ бир очкогача қисқаради, натижада охирги турда Қатарни енгиш шарт бўлиб қолади. Шунда БАА охирги уч турда максимал натижага эришиб, 19 очко тўпласа ҳам, Ўзбекистон 20 очко билан юқорида жойлашиши мумкин;
Агар Ўзбекистон Эронга ютқазиб, БАА билан дуранг ўйнаса, вазият анча енгилроқ бўлади: охирги турда Қатарга ютқазмаслик етарли. Шунда Ўзбекистон 18 (Қатар билан дуранг ҳолатида) ёки 20 очко (Қатар мағлуб этилган ҳолатда) билан БААдан юқорида қолади (араблар Ўзбекистондан ташқари икки рақиби билан 100 фоизлик натижа қайд этса ҳам, кўпи билан 17 очко тўплайди);
Агар дастлабки икки ўйинда ҳам дуранг ўйнаса, Ўзбекистон ҳисобидаги очколар сони 18 та бўлади, БАА Қирғизистон ва КХДР устидан ғалаба қозонса ҳам 17 та очко билан Ўзбекистондан кейин жойлашади, шунда охирги турда Қатар билан дуранг ўйнаш ҳам етарли бўлади (Қатар дастлабки икки ўйинида ғалаба қозонган тақдирда ҳам, охирги турдаги дуранг туфайли 17 очко билан қолади).
Бундан ташқари, Ўзбекистон БАА ва Қатар аутсайдерларга қарши ўйинларда очко йўқотишидан умид қилиши мумкин. Араб жамоаларининг ҳар бир очко йўқотиши Ўзбекистонни мундиалга яқинлаштиради.
We Global Football портали ҳозирча Ўзбекистоннинг мундиалда иштирок этиш имконияти юқори баҳоламоқда. Қирғизистон устидан эришилган ғалабадан кейин Темур Кападзе шогирдларининг имконияти 6 фоизга оширилиб, 92,6 фоизга чиқарилган. Ўзбекистон миллий жамоаси мундиалга Осиё учун ажратилган тўғридан тўғри олтита йўлланмадан бирини қўлга киритиш учун даъвогарлар орасида Япония (йўлланмани олиб бўлган), Эрон ва Жанубий Кореядан кейинги 4-ўринда қайд этилмоқда. Яна икки йўлланма учун Австралия ва Ироқ асосий даъвогарлар бўлиб турибди.
Жамоадаги ҳолат
Биринчи даврада прагматик услуб билан натижага эришган Сречко Катанец январ ойида саломатлиги туфайли бош мураббийликни тарк этгач, унинг ўрнига Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ футболчиси Темур Кападзе тайинланган.
Лекин у жароҳатлар туфайли ҳимоячилар Ҳусниддин Алиқулов ва Шерзод Насруллоев, ҳужум вакили Достон Ўрунов хизматларидан фойдалана олмаяпти. Бундан ташқари, жамоа етакчиларидан бири Жалолиддин Машарипов Қирғизистон билан ўйинда симуляция учун навбатдаги сариқ карточкасини олгани туфайли Эронга қарши сафар ўйинида жамоага ёрдам бера олмайдиган бўлди.
Шу билан бирга, таркибнинг қатор вакиллари муҳим ўйинлар арафасида яхши спорт формасига чиққан. Хусусан, жамоа сардори, «Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродов, «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов, ЦСКА яримҳимоячиси Аббос Файзуллаев, «Пахтакор» ҳимоячиси Ҳожиакбар Алижонов, «Рубин» ҳимоячиси Рустам Ашурматов кабилар сўнгги ўйинда ҳам ўз фаолликлари билан ажралиб туришди. Қирғизистонга қарши ўйинда фақат бир гол урилган бўлса ҳам, ўйин давомида 24 та зарба йўлланди ва фақат дарвозабоннинг маҳорати туфайли меҳмонлар йирик ҳисобдаги мағлубиятдан қутулиб қолишди.
Мураббий ўйиндан кейинги матбуот анжуманида тайёргарлик кўриш учун вақт кам бўлгани, футболчилар асосан назарий машғулотлар ўтказишганини таъкидлади.
Амалда у дебютидаёқ ўйин услубида ўзгаришлар қилганини кўриш мумкин. Энди жамоа кўпроқ ҳужумга эътибор қаратмоқда ва қанот ҳимоячилари тез-тез олдинга ўтмоқда. Ўнг қанот ҳимоячиси Алижонов ғалаба голини уришдан ташқари пеналти ҳам ишлаганди.
Футболчилигида ўз тенгдошлари билан мундиалга чиқиш армон бўлиб қолган, мураббийлик фаолиятини бошлагач, тарихда илк бор Ўзбекистон олимпиячиларини Олимпиадага олиб чиққан мутахассис юзага келган имкониятдан фойдалана оладими, буни яқин бир неча ой ичида бўлиб ўтадиган учта муҳим ўйин кўрсатиб беради.
Мавзуга оид

12:07
Қозоғистон мағлубият билан бошлади, Англияда тарихий гол. Европада ЖЧ саралаши

13:52 / 21.03.2025
Симуляция ва фойдаланилмаган пеналти — Машарипов ва Шомуродовнинг Қирғизистонга қарши ўйиндан кейинги фикрлари

23:05 / 20.03.2025
ЖЧ-2026 саралаши. Пеналти ва четлатиш кузатилган баҳсда Ўзбекистон Қирғизистонни мағлуб этди

00:03 / 28.01.2025