Спорт | 23:05 / 20.03.2025
20920
2 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2026 саралаши. Пеналти ва четлатиш кузатилган баҳсда Ўзбекистон Қирғизистонни мағлуб этди

ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 7-тури доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси қўшни Қирғизистон устидан муҳим ғалабага эришди.

«Бунёдкор» стадионида 32 мингдан ортиқ томошабин қаршисида ўтган баҳс воқеаларга бой ўтди. Учрашувнинг кулминацион воқеаси 24-дақиқада юз берди. Ҳожиакбар Алижоновга нисбатан ишлатилган қўполлик учун қирғизистонликлар футболчиси Саид Дациев майдондан четлатилди ва рақиблар дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди. Аммо Элдор Шомуродов пеналтидан фойдалана олмади – Эржан Токотаев зарбани қайтарди.

40-дақиқага келиб стадион ларзага келди. Файзуллаевнинг пасидан кейин Ҳожиакбар Алижонов кучли зарбаси билан ҳисобни очди – 1:0.

Иккинчи бўлимнинг асосий воқеаси Жалолиддин Машариповнинг муғомбирлик учун огоҳлантирилгани бўлди. У энди 25 март кунги Эронга қарши сафардаги ўйинда майдонга туша олмайди.

Темур Кападзе шогирдлари иккинчи бўлимда ҳам бир қатор голли вазиятлар яратган бўлса-да, майдонда 10 киши тўп сурган рақиблар дарвозасига бошқа йўл топа билмади. Шу тариқа, Ўзбекистон 7 ўйиндан кейин 16 очко билан 2-ўринда бормоқда. Эрон онлайн жавдалда 19 очко билан пешқадамлик қилмоқда. 3-ўринда бораётган БАА ҳисобида ҳозирча 10 очко мавжуд. 8-турда Эрондаги ғалаба Ўзбекистон миллий жамоасига муддатдан аввал ЖЧ-2026 йўлланмасини тақдим этиши мумкин.

ЖЧ-2026 саралаши. 7-тур
Ўзбекистон – Қирғизистон - 1:0
Ҳакам: Юсуке Араки(Япония)
VAR: Иида Жумпеи (Япония)
Гол: Ҳожиакбар Алижонов, 40
Фойдаланилмаган пеналти: Шомуродов, 25.

Ўзбекистон: 1.Ўткир Юсупов, 2.Абдуқодир Ҳусанов, 3.Ҳожиакбар Алижонов (19.Зафармурод Абдураҳматов, 88), 4.Фаррух Сайфиев (23.Иброҳимҳалил Йўлдошев, 57), 5.Рустам Ашурматов, 7.Отабек Шукуров (11.Русланбек Жиянов, 78), 9.Одилжон Ҳамробеков, 10.Жалолиддин Машарипов (6.Акмал Мозговой, 88), 14.Элдор Шомуродов, 18.Абдулла Абдуллаев, 22.Аббосбек Файзуллаев

Қирғизистон: 1.Эржан Токотаев, 2.Валерий Кичин (с), 3.Тамирлан Козубаев, 4.Саид Дациев, 7.Жоэль Кожо (18.Қайрат Жиргалбек Уулу, 57), 8.Элдиар Зарипбеков, 12.Одил Абдураҳмонов, 14.Александр Мишченко, 20.Адилет Канибеков (6.Кристиан Браузман, 46), 21.Кай Мерк (5.Арслан Бекбердинов, 79), 23.Эрбол Атабаев (10.Гулжигит Алиқулов, 46).

Четлатиш: Саид Дациев, 24 (Қ).

Мавзуга оид