«Оқ бўрилар»да «тўдабоши» ўзгарди: Копа уддалайдими?
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец истеъфога чиққани ҳақида хабар бергандик. Кутилганидек бу пост узоқ вақт бўш қолмади. Словениялик мураббий ўрнини футболимиз тарихидаги энг кучли ўйинчилардан бири Темур Кападзе эгаллади. Ҳозир ҳаммада бир савол: Копа эплайдими? Футболга қизиқмайдиганлар учун айтиб ўтишимиз керак, футбол оламида Кападзени айнан Копа деб аташади.
Ҳозир Ўзбекистон миллий жамоаси Қатарда йиғин ўтказмоқда. 27 январ куни Доҳада Иордания билан ўртоқлик ўйини бор. Янги мураббий айнан Осиё кубоги финалчисига қарши ўйинда дебют қилади. Бироқ ҳозир Қатарда миллий жамоанинг асосий футболчилари, яъни аксар легионерлар қатнашмаяпти. ФИФA кунлари бўлмагани учун йиғинда маҳаллий клублардаги футболчилар чақирилган. Кападзе кечанинг ўзида Қатарга учиб бориб, миллий жамоани қабул қилиб олди. Aллақачон биринчи машғулотни ўтказишга ҳам улгурди.
«Биз аскармиз»
Кападзе ЎФAнинг янги президенти бўлиши кутилаётган Равшан Эрматов билан бирга Қатарда футболчилар олдида нутқ сўзлади. Копанинг майдонда катта профессионал бўлганини кўрганмиз. У майдондан ташқарида ҳам ҳақиқий профессионал эди. Миллий жамоа бош мураббийи вазифасидаги илк нутқида ҳам Кападзе буни исботлади. У сўзи бошида Канатец ЖЧ саралаш циклини якунлаб қўйишини кўпчилик қатори истаганини айтиб, унга ҳурматини изҳор қилди.
«Миллий жамоа менга бегона эмас, ўйнаганман, бош мураббий, ёрдамчи мураббий бўлганман. Биз аскармиз, вазифа юклатилди – уни бажаришимиз керак. Олдимизда масъулиятли ўйинлар бор, ҳаммаси жойида бўлади деб ўйлайман. Барча ўйинчилар мартдаги йиғинда яхши формада бўлиши керак. Футболчиларнинг кучи ва маҳорати жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишга етади. Барчамизнинг орзумиз шу, халқимиздан эса дуода бўлиб туришларини сўрайман», деди Кападзе.
Нега айнан Копа?
Темур Кападзе қачондир миллий жамоа бош мураббийи бўлиши аниқ ва бу вақт масаласи эди холос. Чунки етишиб чиқаётган мураббийлар орасида ундан яхшиси йўқ. Кападзе чиндан юқори даражадаги мураббий. Сиз миллий жамоага дунёнинг энг зўр мураббийларини олиб келишингиз мумкин, лекин улар сизга маҳаллий мураббийлардек жон куйдиришмайди. Оддий факт: футбол бўйича жаҳон чемпионатлари тарихидаги барча чемпионларни маҳаллий мураббийлар бошқарган. Шу боис Темур Кападзенинг тайинланиши анчадан буён пишиб келган ва шубҳасиз тўғри қарор эди.
Баъзи мухлислар орасида Кападзега ишончсизлик борлигига кўзим тушди, буни тушуниш мумкин: олимпиададаги натижалар, ёрқин бўлмаган ўйин мураббийга нисбатан фикрлар ўзгаришига ҳам сабаб бўлди. Лекин олимпиадага Ўзбекистонни айнан Кападзе олиб чиқди. Бу ишни ўз вақтида Вадим Aбрамов, Миржалол Қосимов, Самвел Бабаян, Рауф Инилеев каби катта мураббийлар, хорижлик бошқа мураббийлар ҳам уддалай олмаганди. Париж йўлидаги ҳал қилувчи ўйинда Ўзбекистон жуда кучли Саудияни енгганини ҳам унутманг.
Кападзенинг энг катта устунлиги – замонавий мураббий эканида. Копа кўпчилик «old school» мураббийлари каби 20 йил аввалги конспектга қараб ишламайди, футбол билан бирга ривожланади. Таркиб танлашда ҳам ўзининг доимий кўчириб юрадиган «армияси» йўқ, Ўзбекистон чемпионатини кузатади, футболчиларни танийди. Катанец даврида айнан мана шу жиддий муаммо эди. Словениялик мураббий чемпионат ўйинларини кўрмас, кучсизроқ жамоалардаги яхши футболчилар сояда қолиб кетаётганди. Кападзе даврида бу муаммо бўлмайди.
Хуллас, футбол мухлислари хурсанд бўлишлари мумкин. Темур Кападзе ҳозирги кунда Ўзбекистон миллий жамоасини бошқариш учун энг муносиб номзод эди. Менимча, Копа Ўзбекистонни олимпиада ва жаҳон чемпионатига биринчи марта олиб чиққан уникал мураббий сифатида тарихга киради. Aхир Тоҳир Кападзенинг таъбири билан айтганда, жаҳон чемпионатига чиқишимизга жиччагина қолган...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид

00:03 / 28.01.2025
Ўртоқлик учрашуви. Ўзбекистон - Иордания ўйинида ҳисоб очилмади

22:19 / 23.01.2025
«Неча марта шартномани бекор қилишни сўраганимни биласизми?» – Катанец мураббийлик фаолиятини якунламоқда

13:49 / 23.01.2025
Темур Кападзе: «Олдимизда масъулиятли ўйинлар турибди. Биз аскармиз. Вазифа берилди ва уни бажаришимиз керак»

21:24 / 22.01.2025