Ўзбекистон | 23:03 / 07.04.2025
34615
9 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги қаҳвахонада тил билан боғлиқ ҳолат муҳокамаларни келтириб чиқарди

Тошкентдаги қаҳвахоналардан бирига кирган блогер унга, яъни ўзбек мижозга қаҳвахонанинг ўзбек ходимлари рус тилида мурожаат қилганини танқид қилиб видео эълон қилди. Бу ҳолат савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида доим ҳам давлат тилида хизмат кўрсатилмаслигини тармоқларда кенг муҳокама мавзусига айлантирди.

Фото: Getty images

Воқеа Activist тахаллуси билан танилган блогер Ҳожиакбар Носиров билан рўй берган. У Instagram'ида эълон қилган видеода воқеани қуйидагича сўзлаб берган.

Бугун каппучино олишга “Bon!”га кирдим, ғазнанинг олдига бориб турганимда (кассанинг олдига, “Bon!”да ишлайдиганларга тушунарли бўлиши учун) ўзбек қиз турибди, мендан “что будете заказывать?” деб сўраяпти. Мен бошида тушунмай қолдим, лекин тез жавоб бериш учун “маленький капучино” дедим.

Қараб турибман – ўзбек қиз. Мендан яна сўрашни бошлади: “еще что нибудь желаете?” деб. Кейин турдим-да: “менга қаранг, ўзбекмисиз?” дедим. “Ҳа, ўзбекман” дедилар. “Мен ҳам ўзбекман, кўриб турибсиз-ку, нимага менга русча гапиряпсиз?” десам, ўйланиб турдилар-да, “яна нимадир керакми?” дедилар. “Йўқ” дедим. Менимча, озгина уялдилар ҳам.

Кейин, кофени кутиб турганимда, менимча, ўзбек аёли келиб, “что вы заказывали?” деяпти. Мен жавоб бермасдан, ўқрайиб турибман-да, “маленький капучино, да? Вот ваш заказ” деб олдимга қўйиб кетяпти.

Гап бу ерда унинг қилган муомаласи, бошқасида ҳам эмас. Биз Ўзбекистондамиз-ку. Кўриб турибсизлар, мен ҳам, сизлар ҳам ўзбексизлар, мен билан ўзбек тилида гаплашинглар. Рус тилида гапирманглар демайман. Умуман олганда, сизларнинг бизнесингиз рус тилига ёки Россияда қурилмаган-ку, тўғрими?

Буни майда нарса, нимага гапиряпсан дейдиганлар бўлиши мумкин. Тушунтираман, бу жудаям муҳим нарса. Ўзбек тилининг йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўлаётганлар – мана шундай бизнеслар ҳам. Шу билан бирга, ўзбек тилини биладиган, Ўзбекистонда ишга кирмоқчи бўлган одамлардан шунга ўхшаш компаниялар рус тилини талаб қилади. Ўзи мижозларининг 90 фоизи – ўзбеклар. Бутун ходимларини рус тилида гапиртириб нима кераги бор? Қани мантиқ?

Бунинг яна бир муҳим ва аянчли томони шундаки, улар ўзбек тилини йўқ қилишга ёрдам бераётгани майли, рус тилини билмайдиган мижоз келиб, буюртма бермоқчи бўлса-да, улар рус тилида савол берадиган бўлишса, мижоз уялиб қолиши мумкин, рус тилини билмагани учун. Ўзи унақа бўлиши керакмас, аксинча бўлиши керак: ўзбек инсонга рус тилида савол бераётганлар уялиши керак. Шунинг учун ҳам ўзбек тилида гапирмаяптими, нарсасини олиш керакмас бошқа. Шуни деб қанчадан қанча рус тилини ўрганмаган, ўзининг ватанида ўзбек тилини билиб туриб, ишга киролмаётганлар тиқилиб ётибди”, – деган блогер.

Видеопост остида “Bon!” маъмурияти ҳолат учун узр сўраб, компания ўзбек тилининг давлат тили мақомини эътироф этиши, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун чоралар кўрилишини билдириб изоҳ қолдирган.

Ҳожиакбар Носировнинг бу видеосига 5 кун ичида 210 мингдан ортиқ лайк босилган, 22 мингдан ортиқ изоҳ ёзилган. Бу рақамлар интернетнинг ўзбек сегментида сўнгги кунларнинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуси айнан шу бўлганини кўрсатади.

Тармоқларда фойдаланувчилар кўтарилган мавзу долзарблиги, айрим савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида асосий хизмат кўрсатиш тили рус тили экани сабаб, русчани билмайдиган ватандошлар ўзини ноқулай ҳис этишини айтган.

Бир сафар “Bon!”га шеригим билан кирганимизда сал телефонга чалғиганман ва сотувчи қиз шеригимга рус тилида мурожаат қилган, шеригим рус тилини билмаганлиги учун бироз хижолатли аҳволга тушган”, – дейилади тармоқдаги изоҳлардан бирида.

100 фоиз тўғри айтяпсиз. Рус тилини билиш – хорижий тил кўникмаси. Уни билиш ва унда гапириш яхши. Лекин Ўзбекистон ҳудудидаги бизнеслар аввало ўзбек тилида хизмат кўрсатиши керак. Ундан кейин мижозларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, уларнинг тилига мослашиши мумкин”, – дея ёзган бошқа бир фойдаланувчи.

Биздаги айниқса қиммат ресторанларга кирсам, ҳаммаси рус тилида кутиб олади. Рус тилини билсам ҳам, ўзбекча гапиравераман. Баъзи бирларининг энсаси қотади, сезилади. Мен билмаганимдан эмас, улар тилимизни ҳурмат қилиб, 1-ўринга қўйиши учун шу ишни қиламан”, – дея таъкидлаган яна бир изоҳ муаллифи.

Жуда муҳим мавзу. Кўп чет давлатларида бўлдим, ҳар бир давлатда аввало ўзларининг тили устувор саналади. Ўз давлатида ўз тилида гапиришларини хоҳлашлик бошқа тилга бўлган ҳурматсизлик эмас, ўз она тилининг келажаги учун қайғуриш деб биламан”, – дейилади бошқа бир изоҳда.

Тил ўрганиш, билиш фақат фойдали, лекин ўзингни юртингда билмаслик зарарга ишлаши керак эмас, айниқса нимадир сотиб олиш каби жудаям кундалик масалаларда. Ўзимда кийим дўконида шунақа ҳолат бўлган, шеригимга ўзбекча гапирганимда сотувчи қиз келиб “вы точно купите?” деган. Русча саломига русча жавоб бергандим ва ўзбекча гапиргунимча ҳаммаси жойида эди. Йўқ, қўлимдаги нарсани қўйиб кетганман”, – дея эслайди интернет фойдаланувчиларидан яна бири.

Бир қатор изоҳларда Ҳожиакбар Носиров ҳақорат қилингани, миллатлар ўртасида низо келтириб чиқаришда айбланганини кўриш мумкин.

Айримлар Ҳожиакбар кўтарган мавзу қолиб, унинг шахсига ўтиб кетаётгани ҳайрон қолдиряпти. Мувозанат сақлансин, бирор тилни йўқотиш ҳақида гап бўлиши мумкинмас, ўзбек тилидаям мулоқот бўлсин, десангиз, ёқадан олишяпти, таҳдид деб кўришяпти қоракўзларимиз. Адекват рус дўстларим эса қўллаб-қувватлаяпти энг қизиғи”, дейди блогер Мирзаёр Эркинов.

Блогер Дилшод Ҳошимов масалага истеъмолчи ҳуқуқи нуқтайи назаридан ёндашган. У Конституцияга кўра давлат тили ўзбек тили эканини эслатиб, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларга мурожаат қилган.

Сиз – истеъмолчисиз. Истеъмолчи сифатида ўзбек тилида мурожаат қилишларини талаб қилиш ҳуқуқингиз бўлади. Агар ресторан ўзбек тилини биладиган мутахассисни сизга жалб қилиб беролмаса, муаммо ресторанда бўлади, сизнинг ҳуқуқингиз бузилган бўлади. Иккинчидан, қонун бўйича кафе-ресторанлар ўзининг таомномаси, яъни менюси, этикеткаси, нархномаси бўйича маълумотларни ўзбек тилида ёзишлари шарт. Кейин эса бошқа тилга таржима қилиш ҳуқуқлари бор.

Ўтган йили Рақобат қўмитаси 700 та кафе-ресторанни текширганида уларнинг 75 фоизида ўзбек тилида меню аниқланмаган. Бу жудаям ачинарли ҳолат”, – дейди Дилшод Ҳошимов.

Мавзу муҳокамасида қатнашган айрим фаоллар Ҳожиакбар Носиров билдирган фикрларни рад этмаган ҳолда, уни нафрат руҳида гапириш ва ҳайп кўтаришда айблади.

Тил борасида радикал миллатчилик эмас, либерал ватанпарварлик йўлидан боришимиз керак. “Активист”нинг чиқиши борасида фикрим – оҳангни ва чиқиш қурилишини оқламайман, жаҳл, “ҳужум”, шахсларга қаратилган нафрат оҳанги билан тил масаласида айтган тўғри фикрини ҳам баҳсли гапга айлантириб қўйди. Лекин оҳанг ва эҳтиросларни олиб ташлаб, чиқишнинг асосий гапига қарасак, “Активист” тўғри айтяпти”,деди филолог Шаҳноза Соатова.

Муаммони кўтариш муҳим, албатта. Лекин у қандай шаклда кўтарилаётгани ҳам муҳим. Ҳозирги кунда тил масаласи жамиятимизда нозик мавзуга ва афсуски, бу мавзу орқали нафрат уйғотиш ва одамларни ажратиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бундай вазиятда катта аудиторияси бор инсонлар масъулият билан ёндашиши, муаммони англашга ва тушунтиришга хизмат қилиши керак, хайп қилишга эмас. Хайп – диққатни жалб қилади, лекин у муаммони ҳал қилмайди”, – дея ёзди ҳуқуқшунос Камола Алиева.

Воқеа маркетинг майдонида ҳам акс-садо берди. Масалан, бошқа бир ресторанлар тармоғи – “Kofteci Ramiz” Instagram'даги саҳифасида “Бизда кофе эмас, қаҳва бор” дея стори жойлади. Фаолларнинг эътибор қаратишича, шов-шувли ҳолатдан кейин “Bon!”нинг инстасториларда ўзбек тилида ҳам ёзила бошланган. “Бошқа брендлар ҳам секин-аста мувозанатни сақлашга ўтишса бўларди”, дейди блогер Мирзаёр Эркинов.

“Activist” юқоридаги видеони жойлаганидан икки кун ўтиб, Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқда қолдирилган эътирозлардан бири асосида, Тошкентдаги “MADO” ресторанига талабнома киритилганини маълум қилди. Қайд этилишича, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органнинг талаби билан, ресторан ва унинг филиалларида мижозлар давлат тилидаги таомнома билан таъминланган.

Мавзуга оид

Эълонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Yandex Uzbekistan Ўзбекистонда эндиликда бизнес мулоқотларини амалга ошириш учун Юлдуз ва Лола овозларини тақдим этди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Yandex Uzbekistan Ўзбекистонда эндиликда бизнес мулоқотларини амалга ошириш учун Юлдуз ва Лола овозларини тақдим этди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди