“Устимдан бир нечта суваракни уриб туширдим” — поездлардан яна бир шикоят

Фото: Видеодан кадр
“Ўзбекистон темирйўллари”нинг Тошкент–Урганч рейси йўловчиси вагондаги санитар ҳолатдан шикоят қилиб, Kun.uz'га мурожаат қилди. У кўрпачаларнинг кирлиги, сувараклар юргани ва ҳаво алмаштириш тизими яхши ишламаслигини айтади. Аввалроқ Тошкент–Волгоград йўналишида ҳам ўхшаш вазият кузатилганди.
Kun.uz'га “Ўзбекистон темирйўллари” поездида йўловчи бўлган ватандошдан мурожаат келиб тушди. Мурожаатчига кўра, у 7 март куни соат 22:48 да Тошкент–Урганч йўналишида юрган поезднинг 9-вагонида (плацкарт) бўлган.
“Вагонларнинг аҳволи жуда расво, кўрпачалар жудаям кир бўлиб кетган, поезднинг ичида сувараклар юрибди, шахсан ўзимнинг устимдан бир нечтасини уриб туширдим. Поездда ҳаво алмашиш тизими яхши ишламайди, ҳавоси ифлосланиб кетган, ҳожатхонада замонавой “био туалет” ўрнатилган, лекин у ҳам техник тарафдан муаммо чиқариб, ишламай қолди”, – дейди шахсини очиқлашни истамаган ватандош.
У тақдим этган суратларда чойшаблар тоза эмаслиги, суварак юргани кўзга ташланади.
“Чипталар нархи ошиши, сифат назорати йўқлиги ва вагонлар ҳолати гигиеник тарафлама жавоб бермаслиги… Бу масалалар бўйича бир неча маротаба уларнинг ишонч телефон рақами билан боғланмоқчи бўлганмиз, лекин фойдаси бўлмади”, – дейилади мурожаатда.
Шунингдек, у ҳозирга қадар расмийларга бу вазиятни етказишга урингани ва шу сабаб ОАВга мурожаат қилмаганини, ҳаракатлари самара бермагач, Kun.uz билан алоқага чиққанини қайд этди.
Kun.uz ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖга сўров юборди.
Эслатиб ўтамиз, поездлардаги санитар вазиятнинг талабга жавоб бермаслигига оид масала биринчи марта кўтарилаётгани йўқ. Аввалроқ Урганч–Волгоград йўналишида ҳам вагонда сувараклар юргани, деразалар тоза эмаслиги, ўриндиқлар тилиниб кетгани айтилганди.
Расмийлар вазият ўрганилаётганини, поезд манзилдан қайтгач санитар ҳолат яна текширилишини маълум қилган, лекин кейинроқ бошқа маълумот берилмаган.
Мавзуга оид

20:49 / 27.03.2025
«Ўзтемирйўлйўловчи» танқид ортидан поездларда санитария назорати кучайтирилишини эълон қилди

12:47 / 15.03.2025
Темирйўл транспортида божхона кўриги қанча давом этиши белгиланди

16:57 / 10.03.2025
Қирғизистонда Боткендан Қўқонгача темирйўл қурилиши мумкин

12:45 / 10.03.2025