Жаҳон | 14:00 / 16.10.2024
6755
8 дақиқада ўқилади

Исроил мудофаасини мустаҳкамлаётган АҚШ, Россия учун жанг қилаётган КХДР аскарлари ва Украинадан чарчаган ғарб — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил-АҚШ ҳамкорлиги

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Байден маъмуриятига Эроннинг нефт ва ядровий объектлари эмас, фақатгина ҳарбий инфратузилмасига зарба бериш режасини маълум қилди, деб ёзади The Washington Post нашри.

Исроилнинг Эронга жавоб зарбалари АҚШдаги сайловларга аралашишдек кўриниш олмаслиги учун жуда ўйланган ҳужум бўлади. Вашингтон бу хабарни енгил нафас чиқариб қарши олган ва Нетаняҳунинг позицияси анча юмшаганини қайд этган.

Бу орада Исроилга америкалик ҳарбийлар келиб THAAD зенит ракета комплекси батареяларини эксплуатация қилиш учун дастлабки таркибий қисмларни ўрната бошлаган. Эроннинг 1 октябрдаги ракета ҳужуми Исроилнинг кўп мақталган «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёриб ўтилиши мумкинлигини кўрсатганди.

Батарея яқин фурсатларда тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилиши маълум қилинмоқда ва аниқ саналар ошкор этилмаган. Афтидан, Эроннинг келгусидаги ҳужумларига тайёргарлик кўрилмоқда.

АҚШ қўллови билан Ғазонинг кули кўкка совурилгач, Исроилга етказиб берилаётган Америка қурол-яроғлари билан энди Ливан вайрон қилинмоқда, дейилади Guardian нашри суриштирувида. 10 октябр куни Байрутга қилинган ҳужум натижасида 22 киши ўлдирилган, 117 киши яраланган.

Вайронлар остидан топилган қолдиқлар ракета Американинг Boeing компаниясида ишлаб чиқарилган ва «JDAM» навигация тизими билан жиҳозланганини кўрсатган.

КХДР аскарлари Украинада

АҚШ шимолий кореялик ҳарбийлар Украинадаги урушга жўнатилаётганидан ташвишда эканини билдирган.

Шу ҳафта ичида Украина президенти Володимир Зеленский Украина фронтига аскар жўнатаётган КХДРни айблаган. Кремл бу каби хабарларни «фейк» деб атаган.

АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши вакили Шон Саветтга кўра, агар шимолий кореялик аскарларнинг урушда қатнашаётгани тасдиқланса, бу Москва ва Пёнгянг ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик янги босқичга чиққанидан далолат беради.

«Бундай қадам Украинага қарши шафатсиз урушнинг жанг майдонларида сезиларли йўқотишларга дучор бўлаётган Россиянинг иложсизлиги ҳам янги даражага чиққанини билдиради», — деган Саветт.

АҚШ шунингдек, КХДР аллақачон Россияга баллистик ракеталар ва артиллерия снарядлари етказиб бераётганини таъкидламоқда. Москва ва Пёнгянг буни рад этиб келмоқда.

Украина разведкаси Россия КХДРнинг 3 минг аскардан иборат бўлинмасини тузиб, Шарқий Сибирда тайёрлаётганини хабар қилмоқда. BBC хабарига кўра, «Шимолий Корея баталйони» Курск областига Украина ҳужумини бартараф қилиш учун ташланиши мумкин.

Бу орада 18 нафар шимолий кореялик аскарлар Брянск ва Курск областидаги позициялардан Украинага қочиб ўтгани хабар қилинмоқда. Таслим бўлган шимолий кореялик аскарларга зудлик билан Жанубий Корея фуқаролиги тақдим этилиши ҳақида тасдиқланмаган хабарлар ҳам янграмоқда.

Ғарбнинг Зеленскийга босими

АҚШдаги ҳар иккала партия сиёсатчилари Украинада 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган йигитларни сафарбарликка жалб этиш масаласида Зеленскийга босим ўтказаётгани маълум бўлди.

Бу ҳақда Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Сергий Лешенко маълум қилди.

«Шерикларнинг асоси қуйидагича: АҚШ Виетнамда уруш бошлаганида у ерга аскарлар 19 ёшдан олиб кетилган. Шу боис америкаликлар биргина ғарбнинг қуроли етарли бўлмаслиги, 18 ёшдан бошлаб сафарбарликка жалб этиш кераклигини таъкидламоқда», — деб ёзади Лешенко.

Лешенконинг сўзларига кўра, Зеленский «бунга рози бўлмаган» ва «ҳар иккала партия сиёсатчиларини чақирув ёшидан қатъи назар қурол беришга кўндиришни давом этяпти».

2024 йилнинг майида Украинада сафарбарлик тўғрисидаги янги қонун кучга кириб, ҳарбий хизматга чақирув ёши 27 ёшдан 25 ёшга туширилган эди.

Бир йиллик ҳарбий хизматга чақирилган 18-25 ёш орасидаги йигитлар ҳарбий сафарбарликка жалб этилмайди, улар шунчаки муддатли ҳарбий хизматни ўтайди. Бу ёшдаги йигитлар фақат тинчлик даврида муддатли хизматини ўтаган ёки олий ҳарбий билим юртини тамомлаган бўлса, сафарбарликка жалб этилади.

Украинадан чарчаган ғарб

Финландия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен ғарбнинг тобора Украинадан чарчаб бораётганидан огоҳлантирган, деб ёзади Financial Times.

Унга кўра, Украина ҳудудининг бешдан бир қисми Россия томонидан оккупация қилинганига қарамасдан, тобора кўпроқ ғарб давлатлари ўт очишни тўхтатиш йўлларини муҳокама қилмоқда.

У ғарб томонидан тийиб туришга ишонч сақланиши учун Украинани қўллаб-қувватлаш муҳим эканини таъкидлаган. Шунингдек, Валтонен Россияга қарши, айниқса Болтиқ денгизи экологияси ва атроф-муҳитга таҳдид солаётган «яширин флот»га санкцияларни кучайтиришга чақирган.

Бу орада Франция бюджетдаги тақчиллик туфайли Украинага ваъда қилинган 3 млрд еврони ажрата олмаслигини маълум қилган. Бироқ кўрсатиладиган ёрдам 2 млрд евродан ошади, деган Франция мудофаа вазири Лекорню.

Форс кўрфази давлатлари ҳам Европа Иттифоқининг Украинадаги уруш бўйича позициясини ёқламаяпти, деб ёзади Politico.

Европа Иттифоқи ва Форс кўрфази давлатлари саммити баёнотининг лойиҳаси нашр таҳририятига келиб тушган ва унда Украинага ёрдам мажбуриятлари бўйича баҳслар кўзга ташланган. Европа Иттифоқи Россия ва Эроннинг ёрдамини қоралашни таклиф қилган, Форс кўрфази давлатлари умумий гап қурилмаларини танлашган.

Шунингдек, араб давлатлари, айниқса БАА санкцияларни айланиб ўтишга чек қўйиш бўйича қўшма ишлар тўғрисидаги пунктларга қарши чиқишган. Қарама-қаршиликларга қарамасдан, томонлар Украина инфратузилмаларига ракета зарбаларини қоралашга рози бўлишган, гарчи баёнот матнида Россия тўғридан тўғри тилга олинмаган бўлса ҳам.

Курск фронтидаги вазият

Украина Қуролли кучлари Россия армиясининг қарши ҳужуми фаоллашгани фонида Курск областидаги позицияларини қўлдан бой беришни бошлади, деб ёзмоқда Newsweek нашри.

Нашр фронтдаги вазиятни кузатиб борадиган очиқ манбалардаги маълумотларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келган.

Украинанинг OSINT лойиҳаси жанговар ҳаракатлар харитасини эълон қилган. Ундан кўринишича, октябр бошидан бери Россия қўшинлари Курск областида 120 км квадрат майдонни эгаллашга муваффақ бўлган. Жумладан, 65 км квадрат сўнгги дам олиш кунлари қўлга киритилган.

Айни вақтда Украина 660 км квадратга яқин майдонни назорат қилмоқда, яна 360 км квадрат кулранг зонага киради.

Таҳлилчиларнинг маълумотларига кўра, Курск областига амалга оширилган ҳужумнинг энг юқори нуқтаси вақтида украин кучлари 900 квадрат километр майдонни эгаллаган эди.

АҚШдаги сайловлар олдидан

АҚШ тарихидаги энг вайронкор тўфонлардан бири саналаётган «Милтон» президентлик пойгасига ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Сайловгача саноқли ҳафталар қолганида табиий офат асосий штатлар — Флорида, Шимолий Каролина ва Жоржияга ёпирилган. Бу демократлар номзоди Камала Ҳарриснинг овоз беришда иккиланувчи бу штатлардаги позициясига салбий зарба бериши мумкин.

Доналд Трамп ҳам тўфон оқибатларини бартараф этиш учун секин реакция қилган Байден маъмуриятини қаттиқ танқид остига олиш имкониятини қўлдан бой бергани йўқ.

Умуман олганда, Трамп айни пайтда муддатидан олдин овоз бериш бўйича асосий штатларда Ҳаррисни ортда қолдирмоқда.

Ҳарварддаги Америка сиёсий тадқиқотлар маркази сўровларига кўра, Доналд Трамп асосий иккиланувчи штатларда Камала Ҳаррис устидан бироз устунликка эга бўлмоқда: Трамда 48 фоиз, Ҳаррисда эса 47 фоиз. Ушбу штатларнинг барча сайловчилари ўртасида Трамп икки фоиз бирлиги миқдорида етакчилик қилмоқда.

Бироқ бутун мамлакат бўйлаб Ҳаррис Трампдан 8 фоизга ўзиб кетган. Ҳаррисни сайловчиларнинг 51 фоизи қўллаб-қувватламоқчи, Трамп эса 43 фоиз маъқулловга эга. Сўровномаларнинг кўрсатишича, сайловчиларнинг 45 фоизи муддатидан аввал овоз бермоқчи. 50 фоиз сайловчилар сайлов ўтадиган 5 ноябр куни овоз беришни режа қилишган.

Мавзуга оид