“Таэквондо учун кўп нарсадан воз кечдим” – Париж олимпиадаси совриндори Светлана Осипова
Ўзбекистонлик таэквондочилар Париждаги мусобақада ўзига хос тарих ёзди. Хусусан, ёзги олимпия ўйинларида илк бор ўзбекистонлик аёл таэквондочи медалга эга чиқди. Бу ишни +67 кг вазн тоифасида татамига чиққан Светлана Осипова уддалади. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда 4 йилликнинг йирик мусобақаси совриндорлигигача босиб ўтган йўли ҳақида сўзлаб берди.
Светлана Осипова 2000 йилнинг 3 майида Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрида туғилган. 2015 йилдан буён таэквондо WТ спорт тури билан шуғулланиб келмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. 2019 йилда Бутунжаҳон ҳарбий ўйинларида олтин медални қўлга киритган. 2024 йилги ёзги олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби.
Париждаги жанглар
Одатда, трибунадан томошабинларнинг барчаси сизга қараб туради, татами ҳаяжонлари қўшилиб руҳий босим бўлади, атмосферага мослашишга бироз вақт кетади. Шу сабаб ҳар доим биринчи жанг мен учун мураккаб кечади.
Бу сафар ҳам энг қийин жанг биринчиси бўлди. Иккинчи, учинчи жанглар ва финалда ишонч ортиб, ҳаяжонларни енгиб беллашувга киришдим. Ўзбек таэквондочиларининг қандай салоҳиятга эгалигини барчага кўрсатиб қўйиш учун бор кучим билан интилдим.
Ҳал қилувчи жангда Франция вакили Алтея Лорен билан татамида беллашдик. Биринчи раунд Лореннинг ҳисобига тугади. Иккинчи раундда ҳисоб 0:0 эди, ўйиннинг тугаш вақтига яқин Лореннинг бошига зарба бердим, бизнинг ҳисобимизга 3:0 бўлди. Вақт тугади деб ўйлаган эдим, Лорен бирдан ҳужум қилди ва ҳакамлар унга ҳам 3 балл беришди. Шу тариқа Лорен олтинни қўлга киритди, менга эса кумуш медал насиб этди. Ўша вақтда ичимда “ғалаба тақдирда эмаскан” деган сўзларни такрорладим ва пешонамга ёзилгани шу экан деб кўнглимни чўктирмасликка ҳаракат қилдим.
Кутилмаган қўнғироқ
Айнан менга президент қўнғироқ қилади, деб ўйламагандим, кутмагандим, тўғриси. Чунки шу вақтгача фақат олтин медални олганларга телефон қилиб, табриклайдилар, деб ўйлардим. Раҳбаримиз бу ҳақида хабар берганларида, жуда хурсанд бўлдим. Президент қўнғироқ қилиб, “қизим, бу медал биз учун олтинга тенг” деганларида фахрланиб кетдим, ўзимга ишончим янада ортди.
Олимпиадага тайёргарлик
Токио олимпиадаси 2021 йилда карантин ҳисобига бир йил кейин ташкил этилгани сабабли Париж олимпиадаси даврийлиги 3 йиллик бўлди. Бу вақт ичида 2 марта жаҳон чемпионатига чиқдим, битта олтин, битта кумуш медал соҳибига айландим. Кўплаб мусобақалар ўтказдик, таэквондо бўйича қандай чемпионатлар мавжуд бўлса, ҳаммасидан медалим бор эди, фақат олимпиаданики қолган эди холос.
2023 йил декабрида бўлиб ўтган мусобақада франциялик рақибим билан бир-биримизга оёғимиз урилиб кетди. Қаттиқ жароҳат олдим. Ўзбекистонлик шифокорлар операция қилиш зарурлигини таъкидлашди. Яқинларим тавсиясига кўра, германиялик мутахассис билан боғландик. У икки ой давомида ётиб, оёққа дам бериш кераклигини айтди ва шу тариқа тренировкаларни маълум вақтга тўхтатдим. Бу пайт ичида ўзимга ишончим анча тушиб кетди. Сабаби барча рақибларим олимпиадага залларда ҳар куни тайёрланиб куч йиғаётган бир вақтда менга тўрт девор ичида қолиб, жимгина кутиш осон бўлмади.
Икки ойдан сўнг Германияга бордик, махсус аппаратларда оёғимни текширишди. Суяк билан бўғин орасида масофа 1 мм бўлса, “тўғридан тўғри операция, ўз-ўзидан тузалмайди” дейишди. Жароҳат олган жойимда бу кўрсаткич 0,7 мм эди, 0,3 мм мени операциядан қутқарди ва жарроҳлик амалиётини олимпиададан кейин ўтказишга қарор қилдик.
Шу йилнинг апрел ойидан яна спорт билан шуғулланишни бошладим, май ойида Осиё чемпионатида қатнашдим, 3-ўринни қўлга киритдим. 2 ҳафтадан сўнг ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этдим ва 2-ўринни эгалладим. Шундан кейин Ўзбекистонга қайтиб келдик ва Туркияга спорт йиғин машғулотларига бордик. Асосий жисмоний тайёргарликлар ўша жойда ўтди, 1 ойга яқин вақт мобайнида кунига 3 маҳалдан шуғулландик. Тайёргарлик осон бўлмади.
Жисмоний тайёргарликнинг ўзи етарли эмас
Турли хил давлатлардаги спортчиларни кўрганман ва кузатганман, ўзбек спортчилари уларга қараганда анча кучли. Фақат бизда кўпчиликка психологик-руҳий қувват етишмайди. Спортда ғолиб бўлиш учун жисмоний тайёргарликнинг ўзи камлик қилади.
Бундан ташқари, тренер ҳам юқори натижаларни қайд этишида муҳим аҳамиятга эга. Мураббий ва спортчи бир-бирини яхши тушунса, уларнинг ўрталарида ўзаро ишонч мустаҳкам бўлса, натижалар, албатта, қониқарли бўлади. Мураббийим Павел Хан машғулотларда менга тўғри ёндашувни топган ва бугунги натижаларимда уларнинг катта ўрни бор.
Интервюнинг тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилиш мумкин.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Операторлар: Мирвоҳид Мирраҳимов, Зияддин Мамажонов
Монтаж устаси: Бобурмирзо Анваров
Тавсия этамиз
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Тошкентда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди
Ўзбекистон | 20:34 / 24.04.2025
Стоматология поликлиникалари хусусийлаштирилади
Ўзбекистон | 10:56 / 24.04.2025
Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?
Ўзбекистон | 22:43 / 23.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Украина 5 минг тонна буғдой ортилган Россия кемасини ҳибсга олди
Жаҳон | 19:59
-
Россияда мушкул аҳволда қолган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди
Жамият | 19:49
-
Трамп: Қрим Россия билан қолади ва Зеленский буни билади
Жаҳон | 19:46
-
Танзила Норбоева Туркия Буюк Миллат Мажлиси раҳбари билан учрашди
Ўзбекистон | 19:32
Мавзуга оид

20:33 / 13.01.2025
Париж Олимпиадасининг кўплаб медаллари нуқсонли бўлиб чиқди

18:15 / 13.09.2024
Ўзбекистон Паралимпия ҳаракатининг олтин авлодисиз – Шавкат Мирзиёев

18:03 / 09.09.2024
“Париж олимпиадаси мен учун қийин кечди” – Улуғбек Рашитов

21:04 / 07.09.2024