Ўзбекистон | 22:43 / 23.04.2025
22679
4 дақиқада ўқилади

Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?

Ўзбекистонга самолётда, поездда, автомобилда ёки пиёда кириб келувчилар ўзлари билан олиб келаётган товарларнинг нархлари қандай ҳисобланади? Лимитдан ортиқча товар учун бож миқдори қанча? Фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади? Божхона қўмитаси ушбу саволларга жавоб берди.

Хориждан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар учун нотижорат мақсадларда товар олиб кириш лимитлари пасайтириляпти. Ҳукумат қарорига кўра, 1 майдан бошлаб самолётда келаётганлар ҳозиргидек 2000 доллар эмас, 1000 долларгача бўлган товарларни божсиз олиб кириши мумкин.

Поездда келувчилар учун эса божсиз лимит 1000 доллардан 500 долларга тушириляпти. Ўзбекистонга автомобилда ёки пиёда кириб келаётганлар учун 300 долларлик чеклов ўзгаришсиз қолади.

Божхона қўмитаси ахборот хизмати киритилган ўзгаришлар юзасидан муҳокамаларга сабаб бўлаётган айрим жиҳатларга аниқлик киритди.

Фуқароларнинг неча кун чет давлатда бўлгани қай тартибда аниқланади?

Божхона қўмитасига кўра, бугунги кунда фуқароларнинг 76 фоизи автомобил чегара божхона постлари орқали, 20 фоизи аэропортлардаги божхона пунктлари орқали, 4 фоизи эса темирйўл чегара божхона постлари орқали ҳаракатланади.

“Божхона органларининг ахборот тизимлари бошқа ваколатли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро интеграция қилинган. Бунинг натижасида чегара орқали ҳаракатланаётган фуқаронинг чет давлатда бўлган муддатини реал вақт режимида аниқлаш имконияти мавжуд. Ушбу тартиб йўловчиларнинг ортиқча вақтларини олишга умуман сабаб бўлмайди”, дейилади қўмита хабарида.

Божсиз товар олиб кириш учун Ўзбекистондан ташқари камида 2-3 кун бўлиш тўғрисидаги қоида 2025 йил 20 июлдан кучга киради.

Шахсий эҳтиёж учун олиб кирилаётган товарларнинг қиймати божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ бўлса, қандай йўл тутилади?

Қонунчилик талабларига асосан, товарларнинг божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ бўлган қисмига соддалаштирилган тартибда импорт божи, қўшилган қиймат ва акциз солиқлари ўрнига божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир кг учун 3 доллардан кам бўлмаган миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.

Масалан, хориждан учиб келган фуқаро томонидан киймати 1300 доллар бўлган 12 кг шахсий эҳтиёж учун товарлар олиб келинган. Бу ҳолатда йўловчининг 1000 доллар божсиз олиб кириш нормаси чегириб ташланади ва қолган 300 доллар қисмига 30 фоиз ёки килосига 3 доллардан кам бўлмаган ягона божхона тўлови ундирилади.

Агар йўловчи божсиз нормаларидан ортиқча олиб келинган товарлар учун тўловларни тўлай олмаса, ушбу товарлар чегара постларидаги вақтинча сақлаш жойларида олиб қолинади. Кейинчалик маҳсулот йўловчи томонидан 30 кун ичида тўловларни тўлаган ҳолда олиб кирилиши ёки қайтариб олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона қиймати чеклар, квитанциялар ва (ёки) бошқа тижорат ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолда аниқланади. Бу нархни тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотлар бўлмаган тақдирда, божхона органи товарларнинг қийматини мустақил равишда белгилаши мумкин.

Ҳаво транспорти ва курьерлик жўнатмалари орқали Ўзбекистонга асосан қандай маҳсулотлар олиб келиняпти?

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жисмоний шахслар томонидан ҳаво транспорти ва курерлик жўнатмалари орқали Туркия, БАА, Корея, Хитой, АҚШ ва Ҳиндистон давлатларидан асосан қуйидаги товарлар олиб келиняпти:

  • уяли алоқа (смартфон) воситалари (импорт божи 5 фоиз);
  • планшетлар (0 фоиз);
  • ноутбуклар (0 фоиз);
  • электрон қўл соатлари (5 фоиз);
  • ўйин консуллари (playstation) (15 фоиз);
  • ҳаво тозалагичлар (10 фоиз);
  • аёллар кийим кечаклари (20 фоиз ёки донасига 2 доллардан 4 долларгача );
  • болалар кийим-кечаклари (10 фоиз);
  • дори воситалари (2 фоиз);
  • заргарлик буюмлари (20 фоиз);
  • парфюмерия (30 фоиз ёки 2,5 доллар/кгга);
  • биологик фаол қўшимчалар (30 фоиз).

Мавзуга оид