Жаҳон | 19:46 / 25.04.2025
9124
3 дақиқада ўқилади

Трамп: Қрим Россия билан қолади ва Зеленский буни билади

АҚШ президенти Қрим анча олдин россияликларга ўтиб бўлгани ва бунда Барак Обаманинг айби борлигини таъкидлади. «Яна айтаман, бу Обаманинг уруши. Бу уруш ҳеч қачон бошланмаслиги керак эди», дейди Трамп.

Фото: Reuters

Қрим Россия билан қолади ва Володимир Зеленский буни билади, аммо яриморол унга ўтиб кетишига Барак Обама айбдор. У Қримни Россияга бериб юборди, дейди АҚШ президенти Доналд Трамп Time журналига берган интервюсида. Урушни 24 соат ичида тўхтатиш ҳақидаги ваъдасини эса у «ҳазил» ва «муболаға» деб атади.

«АҚШ де-юре РФнинг Қрим устидан назоратини тан олади», — дейилади АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Париждаги музокараларда тақдим этган Украинада урушни тўхтатиш тўғрисидаги таклифлар рўйхатида. Трамп президентлигининг 100 кунига бағишланган интервюда Time бош муҳаррири Сем Жейкобс ва катта сиёсий мухбир Эрик Кортеллесса унга Қрим ҳамда босиб олинган тўртта област россияликларга ўтиб кетиши керакми, деган саволни берди.

«Қрим [аллақачон] россияликларга ўтиб бўлган. Уни мен эмас, Барак Ҳуссайн Обама берган. Агар Қрим Россия билан қолса, биз фақат Қрим ҳақида гапиришимиз керак, чунки уни доим эслаб ўтишади. Қрим Россия билан қолади. Зеленский ва барча буни тушунади… У [Қрим] Трамп пайдо бўлишидан анча олдин Россия билан эди. Яна айтаман, бу Обаманинг уруши. Бу уруш ҳеч қачон бошланмаслиги керак эди», — дейди Трамп.

Бошқа бир жавобида Трамп олдин ҳам бир неча бор такрорлаганидек, Россиянинг Украина билан урушини «Байденнинг уруши» деб атаган. Шунингдек, Трамп Владимир Путин ҳеч қачон унинг даврида «қўшни давлатга ҳужум қилмаган бўларди», деди.

Уиткофф томонидан етказилган таклифларда АҚШ де-факто Россиянинг Луҳанск области ва Запрожжя, Донецк ва Херсон областлари устидан қисман назоратини тан олишга тайёр. Украина ҳудудий масалада фақат «Харкив области устидан назоратини қайта тиклайди» — Россия қўшинлари унинг кичик қисмини эгаллаган холос.

Аввалроқ Трамп Володимир Зеленскийнинг Украина ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қачон Қримни Россияники дея тан олмаслиги ҳақидаги баёноти «Россия билан тинчлик музокараларига жиддий зарар етказаётгани»ни айтганди. «Ҳеч ким Зеленскийдан Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олишни сўраётгани йўқ, лекин агар у Қримни хоҳлаётган бўлса, нега улар яриморол учун 11 йил олдин, бирорта ўқ отилмасдан Россияга топширилганида курашмади?» — деган у.

Мавзуга оид