Фан-техника | 17:24 / 27.01.2024
46527
6 дақиқада ўқилади

Apple’нинг биринчи автомобили, Tank 700 вa Teslaʼдан «ҳамёнбоп» электромобил – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Фото: YouTube / Supercar Blondie

Apple’нинг биринчи автомобили

Bloomberg’нинг ёзишича, 2028 йилда Apple компанияси ўзининг биринчи электромобилини тақдим қилади. Компания лойиҳа устида 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаган бўлса-да, ҳали ҳам прототип тайёрламаган.

Дастлабки машиналарни сотувга чиқариш 2026 йилда бошланиши керак эди, аммо «энг яхши ҳолатда» бу муддат 2028 йилга тўғри келиши мумкин.

Bloomberg шарҳловчиси Марк Гурманнинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Apple ўз фикрини ўзгартирган, компания Level+ автопилот тизимига эга бўлган «анъанавий» автомобилни чиқаради. Бу ҳайдовчидан қисман йўлга эътибор беришни талаб қилади. Масалан, Level+ туфайли автомобил мустақил равишда энг яқин автомобилдан масофани ушлаб туриши ёки чизиқдан ташқарига чиқмаслиги мумкин.

Tank 700

Хитойда Tank 700 йўлтанламасининг стандарт версияси учун олдиндан буюртмалар қабул қилиниши бошланади. Унинг учун 70 минг доллар сўралмоқда.

Фото: autohome.com.cn

Tank 700 3 литр ҳажмли V6 двигатели билан жиҳозланган. У 523 от кучини беради. Двигател 9 поғонали автомат узатмалар қутиси билан ҳамкорликда ишлайди.

Samsung’да қондаги қанд миқдорини назорат қилиш функцияси

Samsung қондаги қанд миқдорини терини тешмасдан таҳлил қилувчи сенсорни ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Компания ушбу ғояни амалга ошириш учун турли хил технологик платформаларни кўриб чиқмоқда.

«Агар биз қон босими ва глюкоза даражасини доимий равишда ўлчай олсак, бутунлай бошқача даражада бўламиз. Айнан шу нарсага барча компаниялар эришмоқчи. Биз ушбу технологияларга катта сармоя киритмоқдамиз», дея таъкидлаган Samsung’нинг мобил соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари Хонг Пак.

Фото: SeongJoon Cho/Bloomberg

Янги сенсорларнинг пайдо бўлиши яқин беш йил ичида амалга ошиши мумкин. Тахминларга кўра, саломатлик кўрсаткичларини таҳлил қила оладиган ақлли қурилмалар компаниянинг янги маҳсулотларида мавжуд бўлади. Galaxy Watch ақлли соатлари ва Galaxy Ring ақлли узуклари мана шундай хусусиятларга эга бўлиши мумкин.

Teslaʼдан «ҳамёнбоп» электромобил

Тесла 2025 йилдан арзонроқ Redwood электр кроссоверини оммавий равишда ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин.

Фото: REUTERS/Fabrizio Bensch

Дастлаб, Илон Маск 2020 йилда 25 минг долларлик автомобил ишлаб чиқаришга ваъда берганди, бироқ режалар кейинга қолдирилди. Энди компания бу ишни 2025 йил ўрталаридан бошлашга тайёрланмоқда.

Ҳозирча компания бу борада расмий баёнот бермади, аммо Redwood 25 минг долларга тушиши тахмин қилинмоқда. Айни пайтда Tesla’нинг энг ҳамёнбоп модели Model 3 седани ҳисобланиб, нархи 39 минг долларни ташкил этади.

Қозоғистонда робот суд ижрочиси

Қозоғистон Адлия вазирлиги Хусусий суд ижрочилари палатаси билан ҳамкорликда Тараз шаҳрида оптималлаштирилган ижро процессларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳасини ишга туширди. 

Бугунгача фуқаролар жаримани ўз вақтида тўламаган тақдирда, хусусий суд ижрочисига жариманинг 25 фоизигача тўлашлари шарт эди. Энди бу хизматни робот бепул амалга оширади. Янги лойиҳа туфайли фуқаролар 2 млрд тенге маблағни тежаши мумкин. 

Тизим алгоритми қуйидагича ишлайди:

  • Бош прокуратуранинг Ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисобга олиш қўмитаси маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун 50 кун ичида тўланмаган жарималарни ундириш тўғрисида қарор юборади;
  • Робот 5 календар кун ичида талабни бажариш зарурлиги ҳақида SMS-хабар юборади;
  • Агар жарима ихтиёрий равишда тўланмаса, тизим хусусий суд ижрочисига ижро варақасини таклиф қилади;
  • Тўлов ўз вақтида амалга оширилган тақдирда, ижро иши қўшимча харажатларсиз тугатилади. 

Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, Қозоғистоннинг бутун ҳудудида жорий қилиниши режалаштирилган.

NASA’нинг биринчи космик вертолёт миссияси якунланди

Американинг NASA космик агентлиги Ingenuity вертолётининг Марсдаги миссияси парраклар шикастлангани сабабли якунланганини эълон қилди. 

Фото: NASA/JPL-Caltech/ASU/MSSS

«Вертолётнинг тасвирлари қўниш вақтида бир ёки бир нечта парраклар шикастланганини кўрсатди. Энди вертолёт ҳавога кўтарила олмайди», дейилади NASA баёнотида. 

Ingenuity вертолёти 2020 йил июл ойида Марсга юборилган Perseverance марсюрари учун разведка машинаси бўлиб хизмат қилди. 2024 йил 18 январ куни у қўниш вақтида шикастланди ва алоқа узилиб қолди. Эртаси куни алоқа тикланди, аммо вертолёт энди уча олмаслиги маълум бўлди. 

Миссия тугаллангач, NASA жамоаси вертолёт тизимларининг якуний синовларини ўтказади ва унинг ички хотирасида қолган тасвир ва маълумотларни юклаб олади. NASA маълумотларига кўра, Perseverance ҳозир вертолётни суратга олишга уриниши учун жуда узоқда. 

Ingenuity биринчи марта 2021 йил 18 февралда Perseverance билан бирга Марсга қўнган эди. 19 апрел куни вертолёт ҳавога кўтарилди ва ўзининг биринчи бошқариладиган парвозини амалга оширди. 

Ingenuity вертолёти 30 кун давомида бештагача экспериментал синов парвозларини амалга ошириш учун мўлжалланган эди. Бироқ Марсда тахминан уч йил (деярли минг кун) ишлади ва режалаштирилганидан 14 марта кўп - тахминан 17 км узоқликка, 24 метр баландликда 72 та парвозни амалга оширди. Умумий парвоз вақти икки соатдан ошди.

Мавзуга оид