Мақсадидан узоқлашиб кетган олий таълим ёхуд боғча боласи ҳолидаги талабалар
«Ўзининг билими ҳаминқадар, педагоглик маҳоратидан туғма мосуволар борки, барчаси олий таълим муассасаларида йиғилиб қолган», дейди 5 йил Хитойда илмий тадқиқот қилиб Ўзбекистонга қайтган Бахтиёр Шералиев. Биолог олим олий таълимдаги муаммолар ҳақидаги хулосаларини Facebook'даги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Бахтиёр Шералиев сўнгги 4 ойдан буён Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан бирида фаолият юритиб келаётгани, унгача Хитойда деярли 5 йил давомида илмий тадқиқот иши билан банд бўлганини таъкидлаб, айни вақтда унда Хитой ва Ўзбекистон олий таълим тизимини ич-ичидан солиштириш, муаммоларнинг илдизи қаерда эканини тушуниш, уларни ташхислаш имкони борлигини қайд этган.
«Мен Ўзбекистондаги олий таълимни борган сари ботқоққа ботиб бораётган тузилмага ўхшатаман. Чунки ботқоқликка тушиб қолганда қанча кўп ҳаракат қилсангиз, шунча кўп ботиб бораверасиз. Сизни ташқаридан бир куч келиб суғуриб олмаса, ўзингиз ҳеч қачон ботқоқдан чиқиб кета олмайсиз. Олий таълим тизимимиз айни вақтда мана шундай ҳолатда кетмоқда», – дея ёзади у.
Муаллиф олий таълимдаги фаолиятни икки қисмга ажратган: илмий тадқиқот ва ўқув жараёнлари.
«Илмий тадқиқот ишида олий таълим профессор-ўқитувчилари ўз соҳаси бўйича илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланади, соҳасининг мавжуд муаммоларига илмий асосланган ечим излайди. Бу борада мақолалар чоп этади, турли илмий анжуманларда иштирок этади, соҳаси бўйича маълумотларни саралаб, тизимлаб, ўқув қўлланма ёки дарслик кўринишига келтиради ва ҳоказо.
Ўқув жараёнида эса олий таълим муассасасидаги талабаларга маълум фанлардан дарс беради. Уларнинг келажакда маълум бир мутахассислик бўйича ихтисослашувига кўмаклашади.
Лекин айни вақтдаги олий таълим тизими ушбу икки функциянинг ҳар иккисини ҳам уддалай олмаяпти. Нега?» — деб савол қўяди ёш олим.
У муаммога сабаб бўлаётган омилларни санаб ўтган.
Биринчи омил — карвонсаройга айланиб қолган университетлар
«Қўполроқ қилиб тушунтираман: иши юришмаган, қўлидан бошқа иш келмайдиган, фалончининг фалончиси, қисқаси, илм-фандан минг километр узоқликдаги кимса борки, бемалол университетга ишга кира олади. Ўзининг билими ҳаминқадар, педагоглик маҳоратидан туғма мовусолар борки, барчаси олий таълим муассасаларида йиғилиб қолган. «Ҳа?» деса, «эплаб кетади, бошида ўзи ҳамма қийналади ва ҳоказо», деб қўйилади.
Нега олий таълимга кадрлар сараланиб ишга қабул қилинмайди? Нега бу борада ҳеч қандай тизим йўқ? Нега исталган одам олий таълимга ишга кира олади? На ўз фанини тузук-қуруқ билади, на бирор чет тилини билади, на илмий тадқиқот нималигини тушунади, на бир мақола ёза олади ёки ўқий олади. Олий таълимда бундай кадрлар нима қиляпти? Бу каби ношудлар армияси билан олий таълимни ўн йил тугул юз йилда ҳам ривожлантира олмаймиз», дея таъкидлайди Бахтиёр Шералиев.
Иккинчи омил — ҳаддан зиёд мақсадсиз ва фойдасиз қоғозбозлик
Олимнинг сўзларига кўра, ҳозирда ОТМ раҳбар ходимларидан тортиб оддий профессор-ўқитувчисигача шу даражада бандки, ўзининг асосий функцияси бўлган илм-фан ва ўқув жараёни билан шуғулланишга вақти йўқ. Вазирлик ҳар куни бир дунё қанақадир жадвалларни тўлдириб беришни сўрайди.
«Айни вақтда бир нарса мода бўлибди — лаборатория жиҳозлари ва шунга ўхшаш нарсаларнинг рўйхатини сўрашди. Ваҳоланки сўралган нарса ҳеч қачон олиб берилмайди. Аллақачон рўйхат ёзиб берадиган ўқитувчилар, кафедра мудирлари ҳам тушуниб бўлган буларнинг барчаси шунчаки қоғозбозлик эканини. Бўлмаса ҳар 2-3 ҳафтада айни шу нарсани сўрашдан мақсад нима?
Энг даҳшат жойи — ушбу жадваллар 1-2 соат ичида тўлдириб беринг, деган хати билан келади. Топшириқни бераётган калласи катта валломат бу ёқдагилар нима иш қилишини билмай, пашша қўриб ўтиради, деб ўйласа керак-да.
Яқинда вазирликдан бир хат келди. У ерда техникумлар учун ўқув қўлланма ёзиш танловида иштирок этиш учун номзод кўрсатинг, деган мазмун бор.
Танловда иштирок этиш учун талабгордан ёзиладиган ўқув қўлланмасининг дастури, мавзулари, улардаги изчиллик, биринчи бобнинг тўлиқ ёзилган ҳолати тақдим этилиши сўралган. Муддат эса — икки кун. Бу вақтда фақатгина аввалги тайёр нарсаларни кўчириб беришга улгуриш мумкин, холос. Янги нарса ёзишга ҳеч ҳам улгуриб бўлмайди.
Мана шулардан ҳам билиб олаверасиз, нега Ўзбекистондаги дарсликлар бир аҳволда эканини. Чунки тепадагилар «сенга бир ҳафта/бир ой муҳлат, фалон-фалон дарслик/ўқув қўлланма ёзасан», деб буйруқ беради. Пастдагилар ҳам шунга мос қилиб ўхшатишади. Ҳа, ўхшатишади, зеро ҳақиқий дарслик ёки ўқув қўлланма ёзиш учун ойлаб вақт сарфлаш, изланиш, маълумотларни саралаш, тизимлаш, тартиблаш керак бўлади», – дейди у.
Учинчи омил — ОТМларга бириктирилган мактаблар
Бахтиёр Шералиев ОТМлар ўзи жойлашган вилоятлардаги кўрсаткичи паст мактабларга улардаги таълим сифатини ошириш вазифаси билан бириктирилганини танқид қилади:
«Бир қарашда мантиқан тўғри ишдек туюлади. Аслида эса ундай эмас. Олий таълимдаги ходимларнинг иш юкламаси ўзи ҳаддан ортиқ бўлган бир вақтда мактаблар билан шуғуллангани вақтни қаердан олади? Ҳозир олий таълим ўқитувчилари мактабларнинг кўрсаткичларини кўтариш билан шуғулланса, ўз-ўзидан маълумки, эртага вақтида ўз ишини қилмагани учун олий таълимнинг ҳам кўрсаткичлари туша бошлайди. Ана унда олий таълим кўрсаткичини яна бошқа бир ташкилот келиб кўтаришга ёрдам берадими?»
Тўртинчи омил — сохтакорликнинг энг тепадан маъқулланиши
«Мана бу энг расво, энг жирканч ва энг даҳшатли ҳолат. Айни вақтда Ўзбекистондаги барча университетларнинг профессор-ўқитувчилари 90 фоиз ҳолатда плагиаторга айланиб бўлган. Мавжуд барча «мусор» журналлар борки, улардаги мақолаларни ўзбеклар чоп этади. Бирорта олий таълим раҳбари ходимларини бундан қайтармайди. Чунки ҳаммага натижа керак, сон керак. Сифат на вазирликни, на олий таълим муассасаларини қизиқтиради.
Агар мана шу гапимга вазирлик ёки бирор олий таълим муассасаси эътироз билдирса, мен буни исботлаб беришим мумкин. Google Scholar бўйича олий таълим муассасаларидаги аксарият профессор-ўқитувчиларнинг h-индекслари 20 дан баланд. Оғзингиз очилиб қолади. Лекин бу «даҳо»ларни на Scopus, на Veb of Sciense базалари танийди. Чунки аксарият мақолалар сохта, пулини берсангиз исталган ахлат материални «мақола» сифатида чоп қилиб берадиган «журнал»ларда чоп этилган.
Мақолаларга иқтибос келтириш бўйича ҳайбаракаллачилик ишлари ҳақида алоҳида пост ёзаман. Чоп этилаётган дарсликлар, ўқув қўлланмалар, монографияларнинг ичини варақласангиз, йиғлайсиз. Қисқаси, ўқув қўлланмаларнинг ичи билан деярли ҳеч ким қизиқмайди. Муҳими, сон керак, чоп этиш керак. Бутун мамлакат сон ортидан қувиб юрибди, буни эса вазирликнинг ўзи рағбатлантирмоқда ва қўллаб-қувватламоқда», дея ёзади биолог.
Бешинчи омил — талабаларни ўқитишда асосий тамойилнинг бузилганлиги
Шералиев олий таълимдаги кредит-модул тизими ҳақида ҳам тўхталган.
«Биздаги кредит-модул тизими ҳам ўзимизга хос. На амма, на хола. Қисқаси ўзимизга мослаштирилган, аввалги тизимнинг номи ўзгартирилган ва бирозгина таҳрирланган версияси.
Бизда талабаларга худди боғча боласи каби муомала қилинади. Мен ўзим 2012-2014 йилларда магистратура ўқиётганимда бизга ота-оналар мажлиси қилинган. Тасаввур қиляпсизми, магистратурада ўқийдиганларнинг аксарияти ўзи ота-она, лекин уларнинг ота-онасини чақиртиришган. Мантиқ қани?! Одам қўлига паспорт олганидан сўнг ўз ҳаётига ўзи эга бўлиши керак эмасми? Ўз хатти-ҳаракатига ўзи жавоб бериши керак эмасми? Нега биз болани катта бўлгани қўймаймиз? Талаба фанни ўзлаштира олмаса уни ҳайдаш муаммо. Нега?
Бутун дунёда тизим шундай, талаба ўзлаштира олмадими, кредит-модул тизими бўйича ўша фанни қайта ўқийди. То топшира олмагунча ўқийди. Университетларнинг талабага фанни билмаса ҳам баҳо қўйиб бериш мажбурияти йўқ. Куни кеча битта талаба фанлардан йиқилгани учун ўзига ўт қўйиб вафот этибди. Мен аввало шу талабанинг ота-онасига ачиндим.Чунки фарзанд доғини кўтариш осон эмас.
Ўша талабанинг ўзига ўт қўйиш кейси ортидан бутун республикадаги олий таълим муассасаларига вазирликнинг ички топшириғи юборилди. Нима эмиш, талабаларни курсдан курсга қолдирмаслик керак эмиш! Ие, унақада исталган одамга баҳо қўйиб, диплом бераверайлик. Эртага алифни калтак дейдиганларни мутахассис сифатида битиртириб юборганимиз учун ким жавоб беради? Шунча йил шундай қилганимиз камми?
Балки энди ҳақиқий олий таълим тамойилларига амал қилиб ўқитармиз? Бир нарсани унутмаслик керак, олий таълим мажбурий таълим эмас. Ҳеч кимни олий таълимга мажбурлаб ўқишга олиб келинмайди. Ҳамма ўзи ўз ихтиёри билан ҳужжат топшириб ўқишга киради. Кирдими, энди ўқисин. Ўқимадими, баҳо қўйилмасин, фанни ўзлаштирсин, ўзлаштира олмадими, кетсин. Бошқа муносиб бир одамнинг ўрнини банд қилиб ўтирмасин. Фалон университетда талаба ўзини ёқибди, осибди, деразадан ташлабди, деб фанни ўзлаштирмаган талабага баҳо қўйиб берилиши талаб этилишига мутлақо қаршиман.
Ҳозир талабага қанча кўнгилчанлик қилиб, билмаса ҳам майли, деб баҳо қўйиб берилаверилса, эртага бундан бутун жамият азият чекади. Вазирлик нега буни ҳисобга олмаяпти? Ёки очиқдан очиқ айтиш керак, бизда тизим шунақа, ўқимаса ҳам битиртириб, диплом берамиз, денглар. Эртага нега талабанг ишга кирмади, деб сўрашни мана шу вазирликнинг ўзи эсдан чиқармайди. Ҳа, етарлича мутахассис бўлмасидан бурун диплом берилганидан кейин меҳнат бозоридан иш топиш ҳам осон бўлмаслигини вазирлик билмайдими?
Нега талаба яхши ўқитилмади, деган иддаога биринчи омил жавоб.
Хуллас, бу борада айтадиганларим жуда ҳам кўп. Имкон топишим билан яна ёзаман. Чунки муаммони бартараф этишдан аввал уни аниқлаш, батафсил гапириб, муҳокама қилиб олиш керак. Ана ундан кейин ечим изланади», дея ўз постига якун ясаган Бахтиёр Шералиев.
Тавсия этамиз
Leapmotor автомобилларининг Ўзбекистонга импорти чеклангани юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон | 15:52 / 11.04.2025
“Яқин кунларда рекорд иссиқлик тўлқини кутилмоқда” – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 13:00 / 10.04.2025
Ўзбекистонликларни ҳақоратлаган тиктокер қамоққа олинди
Жамият | 09:52 / 10.04.2025
Хитой ўз фуқароларини АҚШга бормасликка чақирди
Жаҳон | 22:59 / 09.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Мянмада одам савдоси қурбони бўлган икки ўзбекистонлик ватанга қайтарилди
Жамият | 15:18
-
WSJ: Эрон АҚШ билан музокараларда ядровий дастурини чеклаш эвазига санкциялар юмшатилишини талаб қилди
Жаҳон | 15:00
-
Россия қўшини Суми марказига ракета зарбалари йўллади
Жаҳон | 14:59
-
Божларни музлатган Трамп, урушдан силласи қуриган Судан – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:50
Мавзуга оид

18:12 / 22.01.2025
Нукус, Бухоро, Фарғона ва Наманганда техника университети очилади

20:20 / 20.01.2025
Нодавлат ОТМларга норасмий “солиқ” солиш давом этаётгани айтилмоқда. Вазирлик буни рад этди

20:25 / 23.08.2024
Олий таълим муассасаларида янги ўқув йили 9 сентябрда бошланади

15:45 / 19.08.2024