Мянмада одам савдоси қурбони бўлган икки ўзбекистонлик ватанга қайтарилди
Улар интернет орқали иш топиб, Таиландга борган. Бироқ Ўзбекистон фуқаролари у ердан Мянмага олиб кетилган ва жиноий гуруҳ қўлига топширилган.

Фото: "Дунё" АА
Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси Мянмада одам савдоси қурбони бўлган ўзбекистонликларга ўз ватанига қайтишда амалий ёрдам кўрсатди.
Қайд этилишича, М.С. ва Б.В. исмли фуқаролар Мянмада одам савдоси қурбони бўлганини билдириб, Ўзбекистонга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, улар Таиландга интернет орқали юқори маошли иш таклиф қилинганидан сўнг борган. Бироқ Таиландга етиб келганида, ноқонуний равишда Мянмага олиб кетилган ва у ерда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлига топширилган. Ўзбекистонликлар Мянмада ноқонуний марказларда ишлашга мажбур қилинган. Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган фуқароларга жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қўлланган. Жиноий тўда уларнинг озод этилиши ва ватанига қайтиши учун катта миқдорда пул талаб қилган.
Шунингдек, 8 нафар Қирғизистон ва 4 нафар Қозоғистон фуқароси ҳам Мянмада худди шундай вазиятга тушиб қолган. Таиландда Қирғизистоннинг дипломатик ваколатхонаси йўқлиги инобатга олиниб, Қирғизистон томонининг илтимосига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари ушбу фуқароларни ўз ватанига қайтаришни ташкил этишда ёрдам кўрсатган.
Мянма ва Таиланд ваколатли органлари билан келишилган ҳаракатлар ва музокаралар натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Маесот (Таиланд) чегара ўтиш пунктида озод қилиниб, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатларига топширилган. Озодликка чиққанлар вақтинчалик уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланган.
11 апрел куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида икки нафар Ўзбекистон, 4 нафар Қозоғистон ва 7 нафар Қирғизистон фуқароси ўз оиласи бағрига муваффақиятли қайтарилган. Қирғизистоннинг бир фуқароси соғлиғи билан боғлиқ ҳолда тиббий муассасада даволаниш учун вақтинча Таиландда қолган. Унинг ватанига қайтиши даволаниш курси тугаганидан кейин ташкил этилади.
Бош консулхона фуқароларни хорижда ишга жойлашиш бўйича таклифларни кўриб чиқишда ҳушёр бўлишга ва ахборот манбаларининг ишончлилигини синчковлик билан текширишга чақиради. Шунингдек, идора ватандошларга Таиланд, Камбоджа, Мянма ва Лаосда ишга жойлашиш бўйича консуллик ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдиради.
Мавзуга оид

20:56 / 20.04.2025
Татаристонда оғир касалликка чалинган фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди

20:02 / 18.04.2025
Таиланд Мянмада қулликдан озод этилган 7 минг кишини ватанига юборди

23:04 / 16.04.2025
Россияда ижарага берилган квартирадан тўрт нафар ўзбекистонликнинг жасади топилди

17:05 / 16.04.2025