Жаҳон | 14:00 / 13.04.2025
1925
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Эрон АҚШ билан музокараларда ядровий дастурини чеклаш эвазига санкциялар юмшатилишини талаб қилди

Ўмонда Эрон ва АҚШ вакиллари ўртасида музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди. Унда Эрон томони ўзининг ядровий дастурини чеклаш эвазига бир қатор шартларни илгари сурди.

Фото: Abdelhadi Ramahi/Reuters

Эрон АҚШ билан Ўмонда ўтказилган билвосита музокаралар давомида ўзининг ядровий дастурини чеклаш эвазига Америка санкциялари юмшатилишини талаб қилди. Бу ҳақда учрашувдан хабардор манбаларига таяниб, The Wall Street Journal хабар берди.

Қайд этилишича, Эрон вакиллари янги битим доирасида Теҳрон иқтисодиётини фалажлаб қўйган АҚШ санкциялари юмшатилишини талаб қилган.

Бундан ташқари, Эрон хорижда музлатилган миллиардлаб долларларидан фойдаланишни, шунингдек, АҚШ Эрон нефтини сотиб олаётган хитойлик харидорларга босим ўтказишни тўхтатишини хоҳламоқда.

Бунинг эвазига Теҳрон уранни 2015 йилги битим доирасида кўзда тутилган кўрсаткичларда бойитишга қайтишга тайёр.

Эрон ва АҚШ делегациялари 12 апрел куни Ўмон пойтахтида билвосита музокаралар ўтказди. Учрашувдан кейин Қўшма Штатлар президенти Доналд Трамп Эрон билан музокаралар яхши ўтганини маълум қилди. Музокараларнинг иккинчи раунди 19 апрелда бўлиб ўтади.

Теҳрон 2018 йилда Доналд Трамп АҚШни ядровий дастур бўйича битимдан чиқишини эълон қилганидан кейин уранни бойитишни қайта тиклаган эди. Америка разведкасининг ҳисоблашича, Эрон бир неча ой ичида ядровий қурол яратиши мумкин. Трамп эса Эронда ядровий қурол пайдо бўлишига қарши.

Axios маълумотларига кўра, Трамп Эронга янги ядровий битим тузиш учун икки ой муҳлат берган. АҚШ президентининг асосий талаби — Эроннинг ядровий қурол яратишдан бутунлай воз кечишидир.

Шу билан бирга, Доналд Трамп Яқин Шарқдаги Америка Қуролли кучлари иштирокини оширишни буюрган. Агар Трамп дипломатияси муваффақиятга эриша олмаса, улар Эрондаги ядровий объектларга зарбалар бериши ёки Исроил ҳужумларини қўллаб-қувватлаши мумкин.

Мавзуга оид