«Чироғи ёнган уй борки, дарди бор» — ўгай отадан озор кўрган қиз кечинмалари
«Ичиб келганда отам онамни урар, бизни ташқарига қувиб соларди. Уйимиз тўртинчи қаватда эди. Биз уйнинг пастида тунаб қолардик. Онам тўртинчи қаватдан ёпинишимиз учун кўрпа ташларди. Ўшанда онамга ҳам осон бўлмаган: ўгай отамдан қўрқармиди, ё ўзи пиширган ош бўлгани учун бировга дардини айтолмасмиди...»

«Ҳаётий ҳикоялар»нинг бугунги қаҳрамони отаси тирик бўлатуриб ўгай отанинг қўлида қолмаганида балки тақдири бутунлай бошқача бўлиши мумкин эди. Бўй қизнинг қалбига етказилган оғир жароҳат йиллар ўтса-да, битиб кетмаган. Хотиралар ҳамон бу ярани янгилайверади.
«Оилада бир қиз икки ўғил эдик. Битта қиз бўлганим учун отам мени ер-у кўкка ишонмасди. Эркалаб, «она қизим», дерди. Айтганим айтган, деганим деган эди. Ўн ёшимгача болаликнинг лаззатини ҳис қилиб яшадим.
Отам яхши топарди, онам эса уй бекаси эди. Ўн ёшимда отам автоҳалокатга учради. Миясидан олган оғир жароҳати натижасида жиннихонага ётқизишди. Аввалгидек ишлаб пул тополмай қолди.
Энди рўзғор ташвишлари онамнинг гарданига тушганди. Бир жойга салат тайёрловчи бўлиб ишга кирди. Уйимиздаги файз, аввалгидек осойишталик йўқолди. Онам жинни билан ортиқ яшолмаслигини, бошқа бировга кўнгил қўйганини, ажрашишга қарор қилганини айтди.
Ўшанда холамнинг гапи ҳеч эсимдан чиқмайди. «Ўғилларинг-ку майли, қизингни ўйла, унинг келажаги нима бўлади? Ҳаётини барбод қилишинг мумкин», деганди холам.
Лекин онам фикридан қайтмади. Отам билан ажрашди. Биз барча фарзандлар онамиз билан қолдик. Ўгай отамникида бир йил яхши яшадик. Бир йилдан сўнг ишлари чаппа кета бошлади, шекилли, ичиб келиб жанжал қиладиган бўлди.
Ичиб келганда онамни урар, бизни ташқарига қувиб соларди. Уйимиз тўртинчи қаватда эди. Биз — уйидан қувилган болалар кўп қаватли уйнинг пастида тунаб қолардик. Онам тўртинчи қаватдан ёпинишимиз учун кўрпа ташларди.
Ўшанда онамга ҳам осон бўлмагандир. Болалари ташқарида қолиб ўзи чиқолмасди. Ноиложликдан кўрпа ташларди. Ўгай отамдан шу даражада қўрқармиди, ёки ўзи пиширган ош бўлгани учун бировга дардини айтолмасмиди...
Булар ҳақида онам билан ҳеч қачон гаплашмаганмиз. Ўзи қачонлардир онам билан дилдан суҳбатлашганимизни, сирлашганимизни эслолмайман.
Ўгай отам эрталаб икки бурда буханка нон билан бир қошиқ шакар берарди. Шугина емакни ҳам бир мушт уриб берарди. Бизни текинхўрлар дерди.
Бир куни ўгай отам ҳар доимгидек ичиб келиб, онамни ураётганида катта укам «онамни урма», деб итариб юборди. Гандираклаб бориб боши деворга теккани учун милиция чақириб, укамни ўн кунга қаматиб юборди. Онам ҳеч нарса қилолмади.
Отамнинг онаси — бувим мактабимизга тез-тез бориб бизни кўриб турарди. Қўйнимизни тўлдириб совға салом, ширинликлар олиб келарди. Олишга олардик, лекин ўгай отам билса уради, деб еганимизча еб қолганини ташлаб кетардик. Ўгай отамдан шу даражада қўрқардик.
Укамни қаматганини эшитиб бувимникилар келиб иккинчи укамни олиб кетишди. Буни ҳам қаматиб юборади, болаларнинг тақдири нима бўлади, деб қайғуришди. Укаларимни ўйлашди-ю, мени ўйлашмаган экан.
Аслида ҳаммасидан қийини қиз боланинг тақдири бўларкан. Укаларимнинг бири қамоқда, бирини бувимлар опкетишган, онам ишда. Уйда ёлғиз эдим. Ўгай отам ичиб келиб, номусимга тегмоқчи бўлди. Қиз бола учун бундан оғир иснод бўлмаса керак.
Уйдан қочиб кетдим. Ўгай отамнинг қўлида хўрлангандан кўчада хор бўлиб ўлганим яхши, деб ўйлардим фақат. Кетяпман, кўзимдан ёшим шашқатор оқади. Ҳеч тўхтатолмайман. Қани ўзимни тиёлсам.
Шунда бир йигит гапга солди. Йиғлаётганимнинг сабабини сўради. 16-17 ёшлар эдим. Соддалигим бор эди. Тўлиб турган эмасманми, ҳамма гапни айтиб берибман, мен аҳмоқ.
Сенга бошпана бераман, қизлар турадиган бир жойни биламан, у ерда хавфсиз бўласан, деб мени ишонтирди. Кўзимга халоскордек кўринган бу одам аслида қўшмачи экан. Буни анча кеч билдим...
Уйга қайтиб бормадим. Мени ҳам излаб келишмади. Ўз кунимни ўзим кўра бошладим. Бозордан нарса олиб сотдим. Одамларнинг уйларини йиғиштирдим. Нима иш бўлса қилдим, лекин боши берк кўчани танламадим. Осон пул топишга учмадим. Ёмон йўлга юрмадим.
Бу орада ўзимга ўхшаган бир йигит билан танишдим. Асли келиб чиқиши сурхондарёлик эди. Оила қурганимиздан сўнг тошкентлик бўлганим учун пропискамга ўтди. Бирга ишлаш учун Россияга кетдик. У ерда ишлаб Ўзбекистондан уй олдик.
Қайтиб келганимиздан сўнг мени ишлатмади. Кун бўйи уйда ўтирардим. Бир ойга бир кило картошка, бир кило сабзи, пиёз ва бир литр ёғни етказишим керак эди. Пулга жуда қаттиқ эди. Шу даражада эдики, 50 сўмга сомса олиб еганимда мени ўласи қилиб калтаклаганди.
Доим бир қўлимда супурги, бир қўлимда чанг латта турарди. Келиши билан ҳамма жойни текшириб чиқар, йўқ жойдан жанжал чиқариб урарди. Сени мен одам қилдим, юргандинг кўча-кўйда деган гап оғзидан тушмасди.
Етти йил ҳаёт қурдик. Лекин бир тирноққа зор эдик. Мен ўша ҳаётда яшаб юраверардим, агар фарзандим бўлганида эди. У пайтлар пропискага қаттиқ туриларди. Эрим пропискали бўлди, ишли, уй-жойли бўлди. Энди унга керагим йўқ эди.
Сен билан ортиқ яшашни истамайман, сурхондарёлик қизга уйланмоқчиман, деди. У билан ажрашдик. Анча вақтдан ўтгач уйга борсам хотини чиқиб келди. Ҳомиладор экан. Уй менинг номимда эди. Уни ўзим ишлаб, меҳнат қилиб олгандим. Уйни бўшатиб қўйинглар, сотаман, дедим.
Сотдим. Бошқа уй олдим. Лекин омадим чопмади. Муттаҳамларга учраб қолган эканман. Мен олган уйни яна бир нечта одамга сотишган экан. Уларга қўшилиб қамалиб кетишимга оз қолди. Шундай қилиб уйсиз, пулсиз қолдим.
Ишлаб, ўз кунимни кўриб юрган кунларимнинг бирида, бир инсон билан танишдим. Оиласи бўлишига қарамай, мени никоҳига олмоқчи эканини айтди. Мен ҳам аёлман, фарзандли бўлишни истардим, рози бўлдим. Пешонамга битилган шу қизимни топдим — она бўлдим.
Фарзандли бўлиш фақатгина бахт дегани эмас экан. Энди ташвишларим икки ҳисса кўпайганди. Ёш бола билан ҳеч ким квартирага қўйишни истамас, уйимни расво қилиб юборади деган важ билан рад этарди. Амаллаб жойлашсам ҳам бироздан сўнг уй эгаси чиқариб юбораради.
Эрим бўлгани билан мен у учун иккинчиси эдим. Иккинчиси бўлиб яшаш сароб билан ҳаёт кечиришга ўхшар экан. Истаганда, керак бўлганда суянолмайсан. Керак бўлганингда пайдо бўлади, керак бўлганида ўрнини пайпаслаб қоласан.
Операция қилишларига тўғри келиб, шифохонада анча ётдим. Лекин эрим бир марта ҳам келмади. Одамлар уни таниб қолишидан қўрқди. Менинг аҳволимдан кўра одамларнинг гап-сўзи унга муҳимлигини ўшанда тушиниб етдим.
Ортиқ бундай яшаб бўлмасди. Фарзандим учун, ўзим учун ҳаракат қилмасам бўлмасди. Ҳафтанинг қайсидир куни шаҳар ҳокими фуқароларни қабул қилар экан. Қабулига бориб уй кераклигини айтдим. Ҳужжатларимни бердим. Бироз вақт ўтиб ўзлари телефон қилиб мана шу сиз кўриб турган уйнинг бошланғич тўловини қилиб беришди.
У вақтда «коробка» ҳолида эди. Бир вақтда учта жойда ишлаб, пул йиғиб, ҳамма нарсасини ўзим қилдирдим. Ҳаракат қилсангиз бераверар экан. Берди, Худога шукур. Уйим бор, фарзандим бор, номига бўлса ҳам эрим бор. Лекин ҳаётим йўқ, тушуняпсизми?
Ўзимнинг, фақат ўзимга тегишли бўлган ҳаёт йўқ. Эр-хотинларга ўхшаб гаплашиб ўтирадиган инсоним йўқ. Қаранг, менга қирқ ёш берасизми? Қирққа кирмай қариб кетдим. Ичим тўкилиб адо бўлган. Бу ҳаётда ўн ёшимгача яшадим. Ундан кейинги ҳаётимни ўчириб ташлашнинг иложи бўлса ўчириб ташлардим.
Аввал онамдан кўп хафа бўлардим. Энди тушунишга ҳаракат қиламан. У ҳам аёллик бахтини ҳис қилиб яшашни истагандир. Лекин ўша бахтни тополмади-ку. Калтак емаган, жанжалсиз ўтган бир куни йўқ эди. Бизнинг ҳаётимиз ҳам бузилгани қолди.
Отамни кўп эслайман. Охирги марта олдиларига борганимда туғилган кунлари эди. Мени болаларим келди, қаранглар мени шундай болаларим бор деб шифохонадагиларга шундай хурсанд бўлиб гапиргандиларки. «Яна бир оз қол, соғинганман», деганларида яна келаман деб кетганимга афсусланаман. Салдан кейин оламдан ўтдилар.
Ҳаётимни қизимга бағишладим. Ўзим ўқиёлмадим. Уни ўқишини, яхши давраларда юришини истайман. Мен кўрган кунларни кўрмасин».
Аёл ҳаётини дам йиғлаб, дам бўғзига аччиқ бир нарса қадалиб, дам ўкинч билан сўзлаб берар экан, бир гапи хотирамга муҳрланиб қолди:
«Чироғи ёниқ уй борки, дарди бор. Ўзига яраша ташвиши бор. Мен ҳеч кимга осон тутмайман», дейди.
Ҳеч кимнинг чироғи ўчмасин. Ташвишлари, ҳасратларида суянчиқ бўладиган, елка тутадиган ва фақат ўзига тегишли бўлган инсони бўлсин.
Чарос Маннонова суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди
Ўзбекистон | 11:20 / 14.03.2025
Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик оташкесим таклифига рози бўлди
Жаҳон | 23:00 / 13.03.2025
“Хитой билан орамиз бузилишини истовчи давлатлар бор” – тармоқдаги долзарб мавзу ҳақида суҳбат
Ўзбекистон | 15:17 / 13.03.2025
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Уиткофф Путин билан учрашиш учун 8 соат кутгани айтилди
Жаҳон | 18:18
-
Маск 2026 йил охирида одамсифат робот Марсга учишини эълон қилди
Фан-техника | 18:03
-
Радарлар қайд этган тезликдан 5 эмас, 10 км/соат чегириб ташланиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 17:51
-
АҚШ 43 давлат, жумладан Россия ва Беларус фуқароларининг киришини чеклаши мумкин
Жаҳон | 17:13
Мавзуга оид

14:10 / 09.03.2025
“Касбингизни севсангиз, қийинчиликлари билинмайди” – кранчи, терговчи, поезд ва автобус ҳайдовчи аёллар ҳикояси

13:27 / 03.10.2024
«Дўстимнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – «авария» содир этган йигитнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)

18:30 / 01.10.2024
“Киевда танишганмиз” — 75 ёшида инглиз тилида гаплаша оладиган нуронийлар ҳикояси

18:18 / 20.09.2024