Фан-техника | 18:03 / 15.03.2025
2693
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск 2026 йил охирида одамсифат робот Марсга учишини эълон қилди

Унинг қайд этишича, агар парвоз муваффақиятли бўлса, одамлар Марсга 2029 йилдаёқ қўниши мумкин.

Фото: X / elonmusk

Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск одамсифат Optimus роботига эга Starship коинот кемаси 2026 йил охирида Марсга учишини эълон қилди.

Унинг қайд этишича, агар парвоз муваффақиятли якунланса, одамлар Марсга 2029 йилдаёқ қўниши мумкин. Аммо бунинг 2031 йилда содир бўлиши «эҳтимоли юқорироқ».

Tesla Optimus - Tesla томонидан ишлаб чиқилган робот прототипи. Маск режаларига кўра, Optimus 2025 йилда оммавий ишлаб чиқарилиши керак. Модель одатдаги ва хавфли топшириқларни бажаришга ёрдам берадиган одамсифат робот сифатида тақдим этилган. Унинг кутилаётган нархи 30 минг долларни ташкил қилади.

2024 йил кузида Маск кейинги икки йил ичида Марсга бешта Starship космик кемаси учувчисиз юборилишини эълон қилди. Тадбиркор бу даврни одатда ҳар икки йилда бир марта содир бўладиган Ер ва Марснинг «яқинлашиши» билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, агар миссия муваффақиятли бўлса, 4 йил ичида одам томонидан бошқариладиган парвозлар амалга оширилиши мумкин.

Мавзуга оид