Ўзбекистон | 12:30
5378
11 дақиқада ўқилади

«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти

Тошкент шаҳридаги қурувчи фирмалардан уй учун шартнома олиб, узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан харидорларга «сотиб» келган  «Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» МЧЖ мансабдорлари минглаб фуқароларнинг пулларини ўзлаштирганликда гумонланяпти. Kun.uz мухбири мазкур компаниялар билан шартнома қилган фуқаролар билан боғланиб, ишнинг айни пайтдаги ҳолати, шунингдек таклифлари шубҳали кўринган бу “бизнес”нинг тепасида ким турганини ўрганди. 

«На уйим, на пулим бор»

«2024 йилнинг ноябр ойида Instagram’да «Credit Hоuse»нинг рекламасини кўриб қизиқиб қолдим. Анора деган менежер қиз тинимсиз телефон қилди. Охири 20 декабр куни офисига бордим. Улар иккиламчи бозордан уй олиб беришни ваъда қилишди. 25 минг АҚШ долларини нақд пулда тўлов қилдик. Пулни компаниянинг офиси жойлашган бинонинг 5-қаватидаги камера йўқ, қоронғи хонада Шоира исмли компания раҳбарларидан бирининг кўрсатмаси билан битта эркак санаб олди. Ўша пайтда бизда шубҳа пайдо бўлди. Пастга тушганимизда пул тўланди, деган чек беришди. Сал ўтиб, буларнинг муомаласи ўзгариб қолди. Шоира сендан пулни санаб олмаганман, борадиган жойингга бор, дея таҳдид қила бошлади. Шундан бери на пулим, на уй бор. Шартномада 30 фоиз тўловни амалга оширганимиздан кейин, 20 иш кунида уйни олиб беришлари керак эди. Лекин бу шартни бажаришмади, пулимни ҳам қайтариб беришмаяпти. 15 кунча аввал Тошкент шаҳар ИИББга ариза бердим, ҳали жавоб келмади», дейди мурожаатчи.

Яна бир жабрланувчининг сўзларига кўра, у 31800 доллар миқдоридаги пулни 27 январ куни тўлаган.

«20 февралгача «Credit House» иккиламчи бозордан мен олмоқчи бўлган уйнинг эгасига 63 минг доллар бериши керак эди, аммо тўловни қилишмади. Кейин уй эгаси келишувни бекор қилди. Ҳозир пулимни қайтариб ололмаяпман», дейди у.

«Credit House» раҳбари Клара Толипова Kun.uz’га берган интервьюсида муаммонинг келиб чиқишига “фирма иккиламчи бозорга вақтли ўтгани сабаб бўлган”ини айтганди. Айнан иккиламчи бозордан уй олган мижозлар билан боғлиқ вазият ҳам жиддий.

Бошқа бир жабрланувчи 23 минг доллар пул тўлаб, уйга ҳам кўчиб ўтган. Аммо уйнинг эгаси келишилган пул унга тўлаб берилмагани ортидан «Credit House»нинг мижозини бу уйдан чиқариб юборган.

Тўланган пуллар қурувчиларнинг ҳисоб рақамига ўтмаган

«Credit House»нинг янги қурилаётган уй-жойлар бозоридаги фаолияти бўйича ҳам саволлар ва шубҳалар етарли. Хусусан, Kun.uz мухбири билан гаплашган Б.Т.нинг сўзларига кўра, у 2024 йилнинг апрел ойида Янги Дархон турар жой мажмуасидан уй харид қилиш учун бошланғич 200 млн сўм тўлаган.

«Қолган суммани 120 ойга 6,7 млн сўмдан тўлашим керак эди. Қурувчи фирма октябр ойида ишни тугатди, декабрда уйларнинг кадастри ҳам чиқди. Ҳозиргача мен «Credit House»га умумий 306 млн сўм пул тўлаган бўлсам, қурувчининг ҳисобига ушбу маблағнинг 1 фоизи ҳам ўтказиб берилмаган.

Қурувчи фирма 10 январгача пул ўтказиб берилмаса, уйларнинг сотувга чиқариб юборилишини «Credit House»га маълум қилганди. Кейин компания вакиллари қурувчи билан гаплашди ва маблағи банкда музлатиб қўйилганини иддао қилиб, кутишни илтимос қилди. Лекин вазият ўзгаргани йўқ, қийналяпмиз. Бизга кимнингдир қамалиши ёки қамалмаслиги аҳамиятсиз, уйимизни ёки пулимизни топиб беришсин», дейди у.

«Пулимни талаб қилсам, судга беришди»

«Credit House» тўлаган пулини қайтаришни сўраган мижозини судга ҳам берган. Kun.uz мухбири билан гаплашган жабрланувчининг сўзларига кўра, «In Fin Strоy Invest» («Credit House»га алоқадор фирма) билан бирламчи бозордан уй олиш мақсадида 2023 йилнинг август ойида шартнома тузган харидор 300 млн сўм бошланғич тўловни амалга оширган. Унга берилган уйнинг кадастри узоғи билан 2-3 ойда чиқиши айтилган бўлса-да, амалда бундай бўлмаган. Тоқати тоқ бўлган, фирмага нисбатан ишончи сўнган жабрланувчи 2024 йилнинг сентябр ойида тўлов қилган умумий 440,5 млн сўм пулини қайтаришини сўраб, ариза ёзган. Фирма раҳбарияти 60 кун ичида унинг пули муаммосиз қайтарилишини айтган. Аммо белгиланган вақт ўтса-да, маблағ қайтариб берилмаган. Ноябр ойидаги қайта мурожаатга фирма раҳбарлари йил охири бўлганлиги учун уларда пул йўқлигини, 2025 йилнинг январ ойида ишни ҳал қилишини айтишган.

«2025 йилнинг январь ойида «Credit House»нинг офисига келдим. Буларнинг менга нисбатан муомаласи ўзгариб қолганини дарров пайқадим. Менга тўлиқ сумма қайтарилмаслигини, 100 млн сўм пул ушлаб қолинишини айтишди. Жаҳлим чиқиб кетди. Уларга айб менда эмаслиги, уйнинг кадастри чиқмаганлиги учун муаммо юзага келганлигини айтдим. Ўша ерда мазам қочиб қолди, уйга қайтдим. Кейин билсам, улар мени декабрда судга беришган экан. Биринчисига бормадим, иккинчи суд 19 мартга белгиланган. Ўзи буларнинг иши терговда бўлса, жуда катта миқдорда пулни ўзлаштиришда гумонланяпти. Қанақасига ўзининг пулини талаб қилган одамни судга бериш мумкин», дейди у.

Бирламчи бозордан уй олиб, кадастри чиққан ва ўша уйда яшаётганлар бошқа бир муаммо билан юзлашишган. Уларнинг уйи банкларга гаровга қўйилиб, катта миқдорда кредит олинган. Мурожаатчилар уйларига «Анорбанк» ва «Апексбанк»дан ходимлар келиб, охирги ойларда кредит маблағлари тўланмаётгани ҳақида айтишганидан кейин бундан хабар топишган.

“1+1 акция”  

«Credit House» охирги 3 ойлик (2024 йил ноябр – 2025 йил январ) иш фаолияти давомида одамлардан жуда катта миқдорда нақд пул йиғишга ҳаракат қилган. Хусусан, мижозларига “1+1 акция”сини эълон қилган. Масалан, 50 млн сўм пул тўланса, бу 100 млн сўмга тенг ҳисобланиши, 40 млн сўм тўланганда эса 80 млн сўм ҳисобланишини айтишган. Бунга ишониб қолган мижозлар катта миқдорларда пулларни тўлаб ҳам улгуришган.

Бундан ташқари, иккиламчи бозордан уй олиб бериш важи билан чет эл валютасида ҳам катта миқдорда пул қабул қилинган. Бу маблағларнинг фирма ҳисоб рақамига кирим қилинган ё қилинмагани номаълум. Kun.uz ихтиёрида фирма ходимларининг катта миқдорда чет эл валютасини нақд пул кўринишида қабул қилаётганлигини тасдиқловчи видеолавҳалар мавжуд.  

Фирибгарлик айблови билан жиноий иш очилган

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, «Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» МЧЖ мансабдорларига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан «In Fin Strоy Invest» ва «Credit House» МЧЖ раҳбари Б.Д. ва жамиятнинг бошқа мансабдор шахсларига нисбатан 05.02.2025 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида жамият раҳбари Б.Д.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилиб, барча айбдорларни терговга жалб қилиш ва етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда», дейилади ИИВ расмий изоҳида.

Гуруҳ тепасида ким турган?

Kun.uz ўз манбалари орқали ИИВ маълумотида қамоққа олингани айтилган Б.Д.нинг шахсини аниқлашга уриниб кўрди. Бу – Дмитрий Викторович Баженов бўлиши мумкин.

Хорижий нашрлар худди шу исм-фамилиядаги шахс бундан олдин Россияда катта миқдорда фирибгарлик жиноятида айбдор деб топилиб, қамалгани ҳақида ёзган. Унда айтилишича, Баженов ўзининг камерадоши ўрнига суд мажлисида қатнашиб, 2009 йил июлида Москвадаги №4 тергов изоляторидан (СИЗО-4) қочиб кетади. Дмитрий Баженов тахминан бир йил давомида эркинликда юрган. 2010 йил 12 август куни у Москвадаги «Пролетарская» метро бекати ёнида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган.

Мазкур шахс ва «Credit House»нинг қамоққа олинган мансабдорининг исм-фамилияси, туғилган йили ва жойи бир хил. Жабрланувчиларга кўра, компания вакили Шоира Раҳимова Дмитрий Баженов Москвада фирибгарлик айблови билан «ўтириб чиққанини» тасдиқлаган, аммо у ишларда унинг айби бўлмаганини, балки «ноҳақ» қамалганини айтган.

Мурожаатчиларга «Credit House» вакиллари уларнинг муаммоси 1 мартгача ҳал қилинишини ваъда беришган, кейин бу муддат 10 мартгача чўзилган. Аммо ҳеч қандай тайинли ўзгариш бўлмаган. Компания вакили Шоира Раҳимова «Credit House» ва унга алоқадор ташкилотларни Давлат молиявий назорати инспекцияси текшираётганини, улар ижобий хулоса беришса банкдаги ҳисоб рақами очилишига ишонтирган. Kun.uz мухбири Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати билан боғланиб, ушбу ташкилот таркибидаги Давлат молиявий назорати инспекцияси «Credit House» МЧЖ устидан текширув ўтказяптими, деган савол билан юзланди. Маълум қилинишича, инспекцияда бу бўйича текширув йўқ ва мазкур тузилма хусусий фирмалар билан ишламайди.  

Kun.uz мавзуни кузатишда давом этади.

Достон Аҳроров
Kun.uz

Мавзуга оид