Жамият | 14:10 / 09.03.2025
3506
9 дақиқада ўқилади

“Касбингизни севсангиз, қийинчиликлари билинмайди” – кранчи, терговчи, поезд ва автобус ҳайдовчи аёллар ҳикояси

Аёллар бугун рўзғор ва фарзанд тарбиясидан ташқари оғир техникаларни бошқариш, хавфли жиноятларни фош қилиш каби мураккаб ишларнинг ҳам уддасидан чиқмоқда. Кun.uz мухбири осмонўпар иншоотлар қурилишида юк кўтараётган кранчи, тезюрар поездини ишонч билан бошқараётган машинист, шаҳар кўчалари бўйлаб йўловчиларни манзилига етказаётган автобус ҳайдовчиси, жиноят тугунларини ечаётган терговчи каби ўз ишининг устаси бўлган аёллар билан суҳбатлашди.

Минорали кран машинисти Зиёда Супиева 2013 йилдан буён қурилиш соҳасида фаолият юритади. У ТТЗдаги болалар касалхонаси, Олой бозори атрофидаги турар жой мажмуалари ҳамда Tаshkent city ҳудудида барпо қилинаётган бинолар қурилишида иштирок этган. Ҳозирда оилали, 3 нафар фарзанднинг онаси.

Турмуш ўртоғим бошида бу касбда ишлашимга тўсқинлик қилган, кейинчалик рухсат берган. Болаларим кранчи эканимдан фахрланади, катта бўлганимизда сиз қурган биноларда яшаймиз деб айтишади, уларнинг гаплари менга куч беради”, – дейди у.

Кранчи аёл ҳар куни 100 метрдан ошиқ баландликдаги иш кабинасига зиналар орқали пиёда камида 3 марта тушиб чиқади. Унинг сўзларига кўра, қурилиш тугалланмагани боис объектларда лифтлар ишламайди.

Қишда ҳаво нам ва совуқ бўлиши, ёзда офтоб нурлари қиздириши жараённи янада мураккаблаштиради. Баландликда туриб ишлаганимиз туфайли ҳар қандай об-ҳаво фаолиятимизга катта таъсир кўрсатади. Масалан, қишда металл конструкциялар музлаб, сирпанчиқ бўлиб қолади. Ҳарорат кескин тушганда кабинадаги ойналар намланади, натижада ташқарини кўриш қийинлашади. Қаттиқ шамол эсганда эса кабина бироз тебранади, бунда бошқарув балансини сақлаш ва юкни белгиланган жойга олиб ўтиш бир неча карра кучли эътиборни талаб қилади”, – дейди Зиёда Супиева.

Зиёда Супиева, кранчи

Унинг айтишича, шамол тезлиги ортганда ҳамда кучли ёмғир ёғган пайтларда иш вақтинча тўхтатилади. Кранчи юкларни аниқлик билан жойига етказиши, остида ишлаётган қурувчилар ва ерда юрган одамларнинг хавфсизлигини таъминлаши шартлиги сабаб нафақат етарли тажриба, балки кучли сабр ва зеҳнга ҳам эга бўлиши талаб этилади:

Пастдан қараганда, кранни бошқариш осондек туюлиши мумкин. Шаҳар осмонида осилиб турган юкларни миллиметргача аниқлик билан керакли жойга етказиш – бу шунчаки оддий иш эмас, кучли зеҳн, аниқ концентрация ва тўғри ҳисоб-китобни талаб қиладиган масъулиятли жараён”, – дейди у.

Зиёда фаолиятидаги жараёнлар ўз ҳаёти учун турли хавфларни келтириб чиқаришига қарамай, касбини севиши, бошқа соҳада ишлашни тасаввурига сиғдира олмаслигини таъкидлайди.

Меҳнат қилган ҳеч қачон кам бўлмас экан. Ҳалол ишлаб, кўп нарсага эришдим, фарзандларимни олийгоҳларда ўқитдим. Касбим ортидан “Шуҳрат” медали соҳибаси бўлдим, ҳозирда шахсий автомашинам бор, ишимни жуда яхши кўраман”, – дейди у.

Наргиза Гадоева, автобус ҳайдовчиси

Пойтахтда автобус бошқараётган аёл ҳайдовчилар сони ҳозирда атиги 2 нафар. Улардан бири 57 ёшли Наргиза Гадоева. У пенсия ёшида бўлишига қарамай, шаҳар бўйлаб йўловчиларига хизмат қилишдан чарчамайди.

Наргиза Гадоева енгил машина бошқаришда 37 йиллик тажрибага эга, автобус рулига ўтганига бир йил бўлди. Унинг бу соҳага кириб келишига невараларини мактаб ва боғчага олиб бориш учун йўловчи ташиш тоифаси бўйича ҳайдовчиликка ўқигани сабаб бўлган.

Аввалига автобус ҳайдаш хаёлимга ҳам келмаган эди. Қонунчилик ўзгариши билан аёл-қизларнинг ҳам катта автобусларни бошқариш имконияти пайдо бўлди. Ўзимни синаб кўриш мақсадида тест топширдим, имтиҳонлардан ўтиб, шу тариқа мазкур соҳада ишлай бошладим”, – дейди у.

Наргиза Гадоева ҳар куни эрта тонг соат 05:00 га яқин автобус паркига келади, аввал транспортни техник кўрикдан ўтказиб, ҳар бир деталини текширади, шундан кейин одамларни манзилига етказиш учун йўлга отланади.

Кун давомида автобусимга ёш болалар, қариялар, талабалар, ишга шошаётган одамлар чиқади. Уларнинг барчасини эсон-омон манзилига олиб бориш менинг вазифам. Шунинг учун, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир бурилишни эътибор ва масъулият билан амалга ошираман. Йўлларда турли вазиятлар бўлиши мумкин: баъзан енгил автомобил ҳайдовчилари тўғридан тўғри йўлимизга чиқиб келади, баъзан шошқалоқ пиёдалар йўлни кесиб ўтаётган бўлади. Шундай ҳолатларда дарҳол тўхташ ёки бурилиш қилиш лозим. Тормоз бераётганда тепкини ўйлаб тортиш керак, салонда ёш болалар, ҳомиладор аёллар, кексалар бўлса, фавқулодда ҳаракат уларга зарар етказмаслиги учун диққат билан ҳаракат қиламан”, – дейди у.

Феруза Бакиева, “Афросиёб” поезди машинист ёрдамчиси

25 ёшли Феруза Бакиева тезюрар “Афросиёб” поездида машинист ёрдамчиcи бўлиб ишлайди. У 7 йилдан бери темирйўл соҳасида. Онасининг касбига қизиқиши ортидан соҳага кириб келган Феруза болалигидан поезд ҳайдашга қизиқиши юқори бўлганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, соатига 250 км тезликда ҳаракатланувчи поезд бошқарувида ўта синчков бўлиш талаб этилади, негаки ҳаракат вақтида юзага келадиган кичик техник носозлик, оддий қоидаларга риоя қилинмаслиги ҳам катта хавф туғдириши мумкин.

Ишимиз фақатгина йўловчиларни манзилга етказишдан иборат эмас, масофаларни босиб ўтиш мобайнида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири. Йўлда турли фавқулодда ҳолатлар юзага келиши мумкин, шунинг учун биздан доим ҳушёр бўлиш талаб этилади.

Кўпчилик "аёл киши учун бу касб қийин эмасми?" деб сўрайди. Албатта, жараёнда жисмоний ва руҳий бардошлилик керак. Муҳими – касбни севиш, ишингизни яхши кўрсангиз, қийинчиликлари билинмайди. Поезд манзилига етиб бориб тўхтаганда йўловчиларнинг бизга миннатдорлик билан жилмайиб тушаётганини кўрсам, ҳамма чарчоқларни унутаман. Меҳнат таътили ёки узоқ вақт ишда бўлмаганимда, поездни жуда соғинаман, ишга қайтгандан кейин уни қучоқлаб, ўпиб олгим келади [кулади], ишимни шу даражада қаттиқ яхши кўраман”, – дейди у.

Наргиза Ҳожиева, терговчи

Наргиза Ҳожиева 8-синфда ўқиётган вақтида отасига суиқасд уюштирилган. Ўша кезларда тергов жараёнида кузатилган ноҳақликлар сабаб у терговчи бўлиш ва суриштирув ишларини ҳаққоний тарзда олиб бориш, одамларнинг ҳуқуқларини адолатли ҳимоя қилишга ўзига-ўзи ваъда берган. Шу тариқа ички ишлар тизимига кириб, тергов соҳасида ишлай бошлаган. 25 йилдан буён терговчилик билан шуғулланиб келаётган Наргиза Ҳожиева ҳозирда терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятларни ўрганади.

Бу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлар билан ишлаш ниҳоятда мураккаб. Улар ўзларини ҳақ деб билади, жамият тинчлиги уларга қизиқ эмас. Одамларнинг азоб чекиши, фожиалар улар учун ҳаёт мазмунига айланган. Бундай шахслар билан ишлаш кучли иродани талаб этади”, – дейди у.

Терговчи аёл касби сабаб турли таҳдидларга дуч келганини ҳам яширмайди. Қийинчиликларга қарамай, инсонларга ёрдам бериш, уларнинг дардини тинглаш, муаммоларига ечим топиш унга куч бағишлашини айтади:

Баъзида кеч соат 10-11 гача ишлайман. Ҳар бир жиноят ишининг ортида инсон тақдири турганини англаган ҳолда тергов жараёнида ҳаққонийликни таъминлаш учун бор кучимни сарфлайман, иш давомида ҳеч бир тараф норози қолмаслиги учун ҳаракат қиламан. Айбланувчининг айбини аниқ исботлаш, жабрланувчини эса адолат қарор топганига ишонтириш – асосий мақсадим. Жабрланувчи ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинганини айтганда, жиноятчи эса ўз хатосини тушунганида касбимдан ҳақиқий завқни ҳис қиламан”, – дейди Наргиза Ҳожиева.

Кўрсатувнинг тўлиқ қисмини Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди. 

Мавзуга оид