“Ўлиб қутулаётган” аёллар: жазодан қўрқмаётган зўравонлар ва хориж тажрибаси асосида уларни эрта аниқлаш ечими
Энди зўравонликка учраган аёл ўз истагига кўра ярашиш муддатисиз ажрашиши мумкин бўлади. 2024 йилда ажрашишга ариза берган 6 нафар аёл 6 ойлик ярашиш муддати вақтида ўз жонига қасд қилган. Булар ажримга ариза бериб улгурганлари. Kun.uz суд материаллари билан танишиб, бунга улгурмаган яна 6 аёл ҳақида маълумот тўплади.
1-ҳолат: Данғара тумани
Эркак 3 нафар фарзанди ва аёлига тинимсиз руҳий ва иқтисодий зўравонлик содир этиб келган. Уларни кўчада, оғир яшаш шароитига солиб қўйган, аёл ва болаларининг бирламчи эҳтиёжлар тугул овқатланишга етарли имконияти бўлмаган.
Хўрланган, мунтазам калтакланган, ҳақорат қилиб келинган. Бир неча марта ота уйига кетган аёлга чидаш кераклиги, қариндошлик ришталарини узмаслик ҳақида панд-насиҳат қилинган ва қайтариб юборилган. Аёл ҳомиладор ҳолатида ҳам эри томонидан болалари билан кўчада қолдирилган. Оқибатда чақалоғини ва катта қизини яқинларига қолдириш ҳақида васият қилиб “Энг катта жазо айбсиз айбдор бўлиш, номи ёмон бўлиш экан, тўйдим, зерикдим, чарчадим. Меҳрибоним, ғамхўрим онам, нодон қизингизни кечиринг, сизга ўхшаб сабрли, бардошли бўлолмадим, илтимосим йиғламанг, ўзингизни айбдор ҳисобламанг, фақат мендан рози бўлинг!” мазмунида хат қолдирган ва ўз жонига қасд қилиб вафот этган. Эркакка Жиноят кодекси 103-моддасига кўра – ўзини ўлдириш даражасига етказгани учун 7 йил қамоқ жазоси берилган.
2-ҳолат: Қўшработ тумани
Судланувчи хотинининг моддий томондан қарамлигидан, унинг ота-онаси Россия Федерациясига ишлаш учун кетганлиги, оилавий низоларни уларга айта олмаслигидан фойдаланиб, уни уй ишларини қилолмасликда айблаб, шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиб, унга доимий равишда қўпол ва раҳмсиз муносабатда бўлиб, муттасил калтаклаган. Марҳуманинг онасига кўра, қизи унга қўнғироқ қилиб, эри урганини, аҳволи ёмонлиги, лекин шифохонага боришга рухсат беришмаётганини айтган. Куёв эса калтаклашга сабаб сифатида ювилмаган чойнак-пиёлани рўкач қилган.
Олий маълумотли бўлса-да бирор жойда ишламаган эр аёлини озиқ-овқат ва бошқа зарур уй-рўзғор буюмлари билан таъминламасдан ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиб, “сен қулларнинг боласисан” деб камситиб, ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлган. Оқибатда аёл сирка ичиб ўз жонига қасд қилиб вафот этган. Эрга 7 йил қамоқ жазоси берилган.
3-ҳолат: Косон тумани
Бу воқеа ҳали ёдингизда бўлса керак. Оилада келиннинг ўз жонига қасд қилишига олиб келган эр ва унинг ота-онаси қамоққа олинган. Улар келинга нисбатан раҳмсиз муомалада бўлиб, қасддан муттасил равишда турли сабабларни рўкач қилиб жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиб, жанжал чиқариб, марҳуманинг далада меҳнат қилиб топган пулини ҳам тортиб олган оила аъзолари унинг уйдан кетишини талаб қилиб, ота-онасиникига ҳайдаб юборишган. Ўз яқинлари томонидан ҳам ёрдам ололмаган аёл жонига қасд қилган. Эр 7 йилга, қайнота 4 йилга қамалган бўлса, қайнонага 3 йил берилди. Қайнонага қўлланган жазо шартли ҳисобланиб, синов муддати берилган.
4-ҳолат: Қарши шаҳри
Марҳуманинг эри ва қайнопаси унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда касмитиб, раҳмсиз муомалада бўлиб, унга “Сенга уй йўқ, уй онамники, укамни сен билан яшатмайман, уни бошқа аёлга уйлантираман, уйдан чиқиб кет” деб у билан атайлаб жанжал чиқариб, руҳий азоб бериб, ота-онасининг уйига кетишини талаб қилиб келган. Уйидан ҳайдалган аёлнинг онаси эса буларнинг барига кўз юмиб, сабр қилишини айтган.
Натижада шундай жанжалларнинг биридан кейин ўта тушкунликка тушган аёл қизига “укангга қарагин, мен кун кўрмадим, сизлар яхши яшанглар, укангни отангга берма, менга бирор нарса бўлса, тоғанг қарайди” деб тайинлайди. Ўғлига “Мен ўлсам менинг ўлигимни бу ҳовлидан эмас, бувингнинг уйидан олиб чиқаринглар” дейди ва тунда ўз жонига қасд қилади.
Эрга бор-йўғи 3 йиллик қамоқ, унинг опасига эса 3 йиллик озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
5-ҳолат: Пайариқ тумани
Эр ўзига моддий жиҳатдан қарам бўлган хотинини доимий камситиб, уйидан ҳайдаб юбориш билан қўрқитиб, раҳмсиз муомала қилиб, шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиб келган. Масалан уни шафқатсизларча калтаклаб, ҳушидан кетказиб, оёқларидан судраб ошхонага киритиб қўйган.
Марҳуманинг онаси қизи 5-6 марталаб калтак еб аразлаб келганлигини, ундан сабабини сўраганида эри баъзида “чойни тезда дамламадинг?” баъзида “нега чой совиб қолган?” деган баҳоналар билан калтаклаганини айтган. Аммо эри ялиниб келганда фарзандлари учун яшашини айтиб у билан кетган. Зўравон куёв аёлнинг ота-онасини ҳам қизига яхши тарбия бермаганлигини айтиб ҳақорат қилган.
Ҳафтасига такрорланадиган бу калтаклардан ва камситишлардан безиган аёл жонига қасд қилган. Чунки уни ҳеч ким, ҳатто яқинлари ҳам ҳимоя қилмас эди. 3 фарзанди эса етим қолган. Эрнинг қилмишлари 103-модда билан малакаланиб 8 йилга қамалган.
6-ҳолат: Ургут тумани
Эр қарамоғидаги фарзандлари ва аёлини муттасил равишда озиқ-овқат ва рўзғордаги бошқа зурурий эҳтиёжлар билан таъминламасдан эзиб келган. Ваҳоланки у олий маълумотли, мактабда “замдиректор” эди. Спиртли ичимликка ружу қўйиб, бегона аёллар билан ишқий муносабатини рўкач қилиб аёлни мунтазам таҳқирлаб, дўппослаб келган. Хотинини ва болаларини каналга оқизиш билан қўрқитиб таҳдид қилган. Муттасил калтакларда тан жароҳатлари олган аёл маҳаллага мурожаат қилади ва бунинг учун баттарроқ дўппосланади. Яқинларидан нажот топишига ишонмаган аёл ўзини ўлимга ҳукм қилади. Эри саккиз йилга қамалди, 5 фарзанд етим қолган.
Аёл – бош айбдор сифатида
Зўравонликка қарши курашишга қанчалик жиддий киришилмасин, бу янада кўпайиб бораётганга ўхшайди. Унга қарши чораларда биз нимада хато қиляпмиз? Оилавий зўравонлик жиноят сифатида эътироф этилиши, ҳимоя ордерларининг муддати чўзилиши, хуллас чоралар иш бермаётгандай назаримизда.
Жамиятда аёлни айблашга осонроқ ва яхшироқ ечим сифатида қараш одатга айланган. “Чидаш керак”, “Яхши бўлиб кетади” “Урса ун оши, сўкса сўк оши” деган иллюзияларга ишониб яшашга ўрганиб қолганмиз. Етарлича таълим олмаган, ўз ҳуқуқларини тўла билмаган, ўзини таъминлай олмайдиган аёллар учун бошқа чора қолдирилмайди. Кўпинча ота уйда ҳам улар яхши қабул қилинмайди, фарзандлари билан қайтса ундан ҳам баттарроқ. Ота-оналар қизининг ажрашиб қайтишидан ор қилишади.
Бу вазиятда эса руҳий изтиробдаги аёл учун ўлим ечим бўлиб туюлиши, “Ўлиб қутуламан” деган фикрни юзага келтириши мумкин. Бу ерда энг аянчлиси – оқибатда ҳам онасиз, ҳам отасиз қолаётган болалар тақдири мавҳумлигича қолишида. Буни катта йўқотиш сифатида баҳолаш мумкин.
Ҳуқуқ ва ҳимоя тизимининг етарлича эмаслиги
Албатта ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррар. Аммо унинг қандай ишлаши ҳолатга ҳақиқий баҳони беради. Жиноят кодексининг 103-моддаси билан қамалиб, борингки, 2 йилда “яхши хулқи учун” чиқиб келганларни кейинчалик зўравон сифатида ҳеч ким қайд этмайди. Ачинарлиси, улар эса яна оила қуришади. Катта эҳтимол билан зўравонлик янада кучайган ҳолда давом этади. Чунки у энди жазонинг ўйлаганидан кўра енгилроқ эканини ҳис қилиб бўлган.
2023 йилда янги қонун билан ҳимоя ордерлари 1 йилга бериладиган қилинди. Аммо бу ордер қоғоз парчаси сифатида қаралиши аёлларни қутқариб қололмаяпти. Ҳимоя тизимининг ишламаслиги (ордерлар)ни Бекободда ҳимоя ордерига ишониб ўлиб кетган Нодира мисолида кўрган эдик. Юқоридаги 6 нафар аёлларнинг аксариятида ҳам ҳимоя ордери бўлган.
Ўзбекистонда оилавий зўравонликка қарши курашишда муаммолар ҳамон жиддийлигича қолмоқда. Бунга юқоридаги воқеалар асос бўла олади. Бу ерда воқеаларнинг ўзаро ўхшашлиги – уларнинг барчаси оилада эрнинг руҳий ва иқтисодий зўравонликлари, тинимсиз калтакланишлар, шунингдек, учинчи шахсларнинг аралашуви оқибатида 6 аёлнинг зўравонлик сабаб ўз жонига қасд қилишида.
Жазо зўравонликнинг олдини олиш учун етарли бўлмайди – хориж тажрибаси
Оилада зўравон, руҳий ҳолати шунга мойил эркакларни ўз вақтида аниқлаш тизимини йўлга қўйиш керак. Ҳозирча Ўзбекистонда фақат зўравондан жабр кўрганлар реабилитацияси билан шуғулланиш эсга келди холос. Аммо “Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги”, Реабилитация марказлари фаолияти бунинг иш бермаслигини исботлаяпти. Жабрланганлар эмас, зўравонлар билан курашиш керак.
На тезкор ёрдам (реабилитация), на ҳимоя ордерлари фойда бермаяптими, демак ҳукумат ўз статусини туширмаслик учун зудлик билан чоралар кўриши лозим. Потенциал қурбонларни камайтириш учун жиддий қадам ташлаш зарур.
Хориж тажрибасида зўравонларни мактабдаёқ аниқлаш ва уларни тузатиш учун жиддий киришилади.
АҚШда зўравонларни аниқлаш, мойилликни баҳолаш учун махсус тадқиқотлар олиб борилади. Баъзи штатларда зўравонликка мойил одамлар учун махсус дастурлар мавжуд. Бу дастурларда иштирокчиларга ўз хулқ-атворларини ўзгартиришга ёрдам бериш учун психотерапия ва тренинглар ўтказилади.
Буюк Британия, Австралия, Канада, Швеция, Нидерландия, Францияда ҳам зўравонлар учун махсус дастурлар мавжуд бўлиб, улар зўравонликка мойил бўлган эркакларнинг хулқ-атворини ўзгартиришга қаратилган. Норвегияда оилавий зўравонлик аниқланса, жарбланувчи эмас, зўравон уйидан олиб кетилади ва психологик ёрдам кўрсатишади. Бизда эса аксар аёллар борар жойининг йўқлиги учун чидашга ёки ўзини ҳалок қилишга мажбур бўлишади.
Канадада, Австралияда ва бошқа мамлакатларда “White Ribbon Campaign” деб номланувчи дастур фақат эркаклар билан ишлайди. Уларни аёлларга нисбатан зўравонликни қабул қилмаслик руҳида тарбия қилади. Бу дастурлар мактабданоқ бошланади. Яъни мактабларда ўғил болаларда зўравонлик хулқи илк босқичда тестлар орқали аниқланади ва унинг олдини олишга қаратилган консултация хизматлари, тренинглар олиб борилади. Зўравонлик қилиш эҳтимоли бўлган эркаклар ўзини бошқариш, зўравонликнинг олдини олиш дастурларига ёки махсус когнитив-хулқий терапияга (CBT) юборилади.
Зўравонларни эрта аниқлаш давлатга ва жамиятга фойда
Зўравонлардан жабр кўрганлар учун кўрсатиладиган хизматлар, унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари оз бўлмайди. Хавфсиз бошпаналар, тиббий-психологик хизматлар ҳам шу жумладан.
Яъни зўравон шаклланиб бўлгандан кейин қурбонларнинг репродуктив ҳимояси учун ажратилган маблағлар зўравонни эрта аниқлаш орқали иқтисод қилинади.
Зўравонликни камайтириш ва соғлом муносабатларни тарғиб қилиш, жамиятга узоқ муддатли иқтисодий фойда олиб келади – тиббий харажатлар, ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёж ва жиноятларга боғлиқ харажатларни қисқартиради.
Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz
Мавзуга оид

14:10 / 09.03.2025
“Касбингизни севсангиз, қийинчиликлари билинмайди” – кранчи, терговчи, поезд ва автобус ҳайдовчи аёллар ҳикояси

16:33 / 06.03.2025
Биз ҳар бир бола боғчада ўзини эркин, хавфсиз ва қувноқ ҳис қилишини хоҳлаймиз — Ҳилола Умарова

17:43 / 03.03.2025
«Аёлга эҳтиром» ҳафталиги ўтказилади

08:51 / 22.02.2025