Жаҳон | 12:45 / 20.11.2022
25611
25 дақиқада ўқилади

"Украина узра қуёш чиққанида, Россия сўнади!" — Омон қолиш учун Ватанидан қочишга мажбур бўлган аёл ҳикояси

Россия Украинага бостириб кирганига ҳадемай 9 ой бўлади. Бу давр мобайнида қанчадан қанча шаҳар-у қишлоқлар вайрон бўлди, минглаб одамлар ҳалок бўлди ва бедарак йўқолди. Украина инфратузилмаси ва катта-катта шаҳарлари деярли йўқ қилинди, тинч аҳолига нисбатан хунрезлик ва зўравонликларнинг эса адоғи йўқ. Ана шу ваҳшийликлардан омон қолиш учун миллионлаб украиналиклар бошқа мамлакатларга кетишди. Мажбурий миграция жараёни давом этмоқда. Ҳар куни минглаб аёллар, болалар, қариялар ўз уйларини ташлаб, вақтинча ёхуд умрбод Европанинг бошқа мамлакатларидан қўним топишмоқда.

Россия босқинининг илк кунлариданоқ бомбардимон остида қолган Миколайив шаҳри аҳолиси ҳам ўз уйларини, шаҳрини, ватанини тарк этиб, тинчлик ва омон қолиш учун бошқа ўлкаларга кетишга мажбур бўлди. Улардан бири Наталья Яковлева. Kun.uz журналисти онаси ва акаси билан хайрлашиб, ўғли билан узоқ, машаққатли “саёҳат”га чиқиш мажбур бўлган аёл билан интервью уюштирди. “Биласизми нима қийин бўлди? Мен уруш бошланганини ва биз зудлик билан уйимиздан кетишимиз кераклигини боламга қандай тушунтиришни билмасдим”, дейди Наталья.

Онам қўнғироқ қилиб, ҳақиқатан ҳам уруш бошланганини айтди

– Россия босқинининг илк кунлари ҳақида гаплашсак. Аҳолининг бу урушга муносабати қандай эди?

– Аслида, биз учун бу уруш 2014 йилдаёқ бошланган эди. 24 февралдан олдин биз нимадир содир бўлишини сезардик. Чунки маҳаллий ОАВларда Россиянинг чегара атрофларида, жумладан Беларус билан чегарасида қўшин тўплаётгани ҳақида маълумотлар чиқа бошлаган эди. Ўша вақтда дунёнинг турли минтақаларида яшайдиган дўстларим мени огоҳлантиришди: “Наташа, эҳтиёт бўл, уруш бўлиши эҳтимоли юқори!”. Уларнинг тахминларини инкор этиб бўлмасди, бироқ бизда шундоқ ҳам 8 йилдан бери уруш бўлаётган эди.  Аммо бошқа томондан олиб қараганда бу тарзда босқинчилик содир бўлишига унчалик ишонмаган эдим. Ахир ташқарида XXI аср. Бу даврда қонли уруш кўриш хаёлимнинг бир четига ҳам келмаган эди.

Соғлом фикрли инсон сифатида давлатларнинг ўзаро муроса қилиши музокаралар бўлиши, иш қирғингача етиб бормаслигига астойдил ишонар эдим. Шундай бўлса-да, босқиндан бир ҳафта аввал эҳтимолий воқеаларни муҳокама қила бошладик: ишхонада, уйда, дўстлар билан, қўшнилар билан. Қизиғи, аксар ватандошларим келишувга эришилишига ишонишар эди. Чунки бундай уруш ҳеч бир жиҳатдан  ҳеч кимга фойда келтирмаслиги аён эди.

Уруш бошланган куни эшикнинг тебранишидан уйғониб кетдим. Деразаларни очиб қараганимда, ташқарида портлашга ўхшаш овозларни эшитдим. Николаев маҳаллий нашрлари бу шунчаки машқлар эканлиги, ваҳимага ҳожат йўқлигини бонг ура бошлади. Онам Украина хавфсизлик хизматининг поликлиникасида ишларди. Ўша заҳотиёқ огоҳлантириш сигнали берилди. Онамни ишга чақиришди ва ўшандаёқ бу шунчаки ҳарбий машқлар эмаслигини тушуниб етгандим. Кейин, барча оммавий ахборот воситаларида Украинанинг турли ҳудудларида портлашлар бўлаётганлиги ҳақида маълумотлар эълон қилина бошланди. Бир соатдан кейин Николаевда ҳарбий аэродроми портлатилди.

Тонгда онам қўнғироқ қилиб, бизда ҳақиқатда уруш ҳолати эканлигини айтди. Ўша тонгда Украина бўйлаб аэродромларга, ҳарбий қисмларга зарбалар бериларди. Ўшанда “Майли, аэродромларни портлатиб юборишгандир, қайсидир ҳарбий қисмларни нишонга олишгандир, шу тарзда бизни қўрқитишади-да, тинчланиб, ортга кетишади,” деб ўйлагандим.

Миллатчилик? Келинг, кўринг – Украинада ундай нарса йўқ!

– Мен рус тилини жуда яхши тушунаман. Афсуски, рус тилида украин тилидан кўра яхшироқ гапираман. Чунки мен бутун умрим давомида Николаев шаҳрида яшаганман. Бу тилда гапирганим учун кимдир мени ажратган ёки бошқа ҳолатлар ҳеч қачон бўлмаган. Украинанинг ғарбий қисмида ҳам кўп марта бўлганман. Аммо украин тилига келсак, бу муаммо эди, чунки Украинада совет ҳокимияти пайдо бўлиши билан украин тили, маданияти, адабиёти у ёки бу тарзда йўқ қилинди ва менинг минтақамда, агар сен украин тилида гапирсанг, демак, сен қандайдир қишлоқдан келган одамдек ҳисобланасан, деб ишонишган. Кейин Украинада рус тилини танлашда ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Масалан, мактабга борганимда тўрт синфдан учтаси украин биттаси рус синфи эди. Мактабни тугатаётганимда украин тилида биттагина синф қолган эди.

– Орангиздан кимдир Россия фуқароларини ажратган ёки зулм қилганми?

– Биз мутлақо бир хил тилда гаплашганимиз учун, кимнинг кимлигини билмаганмиз. Бизда, Украинада бирор миллатга нисбатан қандайдир паст назар билан қараш, кимнидир пастки табақадан деб ҳисоблайдиганлар йўқ. Украинада ҳам кўплаб миллатлар бор. Қорабоғдаги воқеалардан кейин Озарбайжондан, Арманистондан кўплаб қочқинлар келиб қолган. Улар бошқача кўринишга эга бўлишлари мумкин, лекин бу билан бизда ҳеч қачон муаммо бўлмаган.

– У ерда ўзбеклар ҳам борми?

– Менинг шаҳримда уларнинг сони унчалик катта эмас, Шаҳримизда урушдан олдин 500 000 га яқин аҳоли бор эди ва бу кичик шаҳар ҳисобланади. Мен ўзбеклар қандай кўриниши ҳақида аниқ тасаввурга эга эмасман. Мен маҳаллий бозоримизда сабзавот, қуритилган мевалар, зираворлар сотадиган бир неча ўзбекларни биламан, холос.  

Польшанинг Люблин шаҳрига қочқмнларни ташиган автобус

– Уруш бошланган кунга қайтсак...

– Ўша пайтда Киевда вазият анчайин аянчли эди, биз хавотир билан янгиликларни кузатардик. Бу даҳшат эди. Биринчи хаёлимга келган фикр уйимизда ертўла йўқлиги эди. Лекин уруш бизда 8 йилдан бери давом этмоқда эди. Донбассда биринчи ойларда ҳаммаси қандай содир бўлганини кўрдик, билдик. Агар Донбассдаги ҳалок бўлган ҳарбий амалиётлар статистикасини оладиган бўлсак, ўлганлар сони йилига 15-25 киши бўлиб чиқарди.

– Тинч аҳоли вакиллари ҳам бор эдими улар орасида?

– Аниғини билмайман. Гарчи улар тинч аҳолига зарба бермасликларига, урушнинг қандайдир ўз қонунлари ва умуман, қандайдир инсонийлик борлигига ишонсам-да, уйимда ертўла йўқлигини англадим ва дўстим билан боғландим, унга агар ертўла бўлса, биз унинг уйига боришимизни айтдим.  Ўша вақтда бутун дунёдан одамлар менга қўнғироқ қилишарди: Америкадан, Канададан, Австриядан, Франциядан Германиядан, Ливандан, лекин Россиядаги қариндошларим менга қўнғироқ қилишмади.

–     Россияда қариндошларингиз борми?

– Сибирда қариндошларимиз бор, ҳозир улар Тюменда яшайди, отамнинг холаси ва холаваччаларим яшайди. Мен ўзим уларга бир неча кундан кейин хабар ёздим. Уруш бошлангани ва бизни бомбардимон қилишаётганларини айтдим. Чунки биз ўша холам билан бирор марта бу мавзуда бирликни сақлай олмаганмиз. Бу одамлар ҳақиқатан ҳам бизда НАТО базалари бор деб ўйлашларини ва бунга қатъий ишонишларини тушунмасдим. Биз Америкада ҳеч нарса сотиб олмадик, 2014 йилгача армиямизнинг ўзи йўқ эди. У тизимли равишда йўқ қилинди. Янукович бу тизимни бутунлай вайрон қилди. Унинг ҳарбий хизматни бекор қилганини билсангиз керак, у армияни ҳам бекор қилмоқчи эди. Шукрки, Янукович бунинг уддасидан чиқолмади, у кўп нарсаларни уддасидан чиқмади.

Худойим мени асраган экан – ёрдамни ғойибдан етказди

– Европа биз учун урушнинг биринчи кунидан бошлаб эшикларни очди, ҳа, бизга аввал ҳам виза керак эмас эди, лекин Европа учун саёҳат қилишдан олдин биометрик паспортга эга бўлишингиз керак эди. Мен ўғлимнинг бор йўғи туғилганлик ҳақидаги ҳужжати билангина бутун Евроиттифоқдан ўтдим. Ўғлимга ҳали паспорт қилдирмагандим. Дўстларим тезроқ у ерни тарк этиб,  Данияга боришимни айтишди ва ёрдам қилишди. Аммо мен Украинани тарк этишни хоҳламасдим, шунга қарамай, ҳамма нарса қўрқинчли бўлиб қолганди.

Аввалига мен Николаевда қоламан деб ўйладим, агар тўсатдан Николаевни ишғол қилишса ва Николаев Россияга айланса, ўшанда кетаман дердим, лекин энди биз Херсонда қолиб кетган одамлар қандай аҳволдалигини, чиқиб кетолмаётганлигини кўриб турар эдик. Ҳа, буларни таърифлаш учун қайси сўзларни танлашни-да билмайман, энг ёмони оккупантлар одамларни кетишига имкон беришмаётгани эди.

Онам қаердандир бир таксичини топиб, мени Одессага олиб бориб қўйишни сўрайди. Таксичи рози бўлади. Ҳайдовчи менда кетиш учун йигирма дақиқа борлигини айтди. Чунки бизда комендантлик соати бор эди. Шунинг учун ҳаммасидан ўтиб олиш катта вақтни талаб қиларди.

– Онангиз уйда қолдими?

– Онам у шаҳарга боришни хоҳламади. Бизнинг уйимиз ҳали ҳам бус-бутун. Онам икки сабабга кўра кетишни хоҳламади. Биринчидан, буни қилиш жуда қийин эди. Иккинчи сабаб шундаки, менинг акам бор. Эркакларга Украинадан чиқиш ман этилган эди. Шунинг учун у туфайли қолишга қарор қилди.

– У захирада хизмат қиладими?

– Бизда бундай нарса йўқ. Рўйхатга олиш комиссиясига кўнгилли бўлиб борган камида икки кишини биламан. Уларга сиз бизга керак эмассиз, чунки сиз армияда хизмат қилмагансиз, сизга дарс берилиши керак, бизда одамлар етарли, дейишибди. Бизда кўп сонли кўнгиллилар бор эди. Биз миллионлик армияни йиғдик, шунинг учун автоматни қандай қилиб қайта йиғишни билмайдиган эркаклар уларга керак эмас. Бизда профессионал ҳарбийлар етарли. Бир вақтлар совет армиясида хизмат қилганларни олишади. Шунинг учун акам ҳозир захирада.

Россиядан фарқли ўлароқ биз ўз Ватанимизни ҳимоя қиляпмиз!

– Россияда сафарбарлик эълон қилиниши билан биз у ерда нималар содир бўлганини кўрдик. Сиз бу ҳақда нима дейсиз?

Биз ўз мамлакатимизни ҳимоя қиляпмиз. Ўз еримизни ҳимоя қиляпмиз. Бизда жуда улкан мотивация бор. Бизнинг кўнгиллилар ҳаракатимиз бу шунчаки катта куч. Байрактарлар ҳақида эшитдингизми? Туркия уларни бизга берди, кейин биз сунъий йўлдошлар сотиб олдик. Мен битта Телеграм каналига обунаман, уни бизнинг ҳарбий хизматчилардан бири юритади.  У ерда бирор эҳтиёж сезилса, дарров ёзишади. Яқинда учта коптерни йиғишга ёрдам беришимизни сўрашди. Биз бу тўловларни беш, ўн дақиқада ёпамиз. Одамлар пулни ташлашга-да улгуришмайди, чунки ҳисоб тезда ёпилади, масалан бир кун олдин аскарларимиз учун пикапларни йиғдик ва икки дақиқада биз учта

Польша қочқинларни шундай кутиб олган

Бу уруш мобайнида ҳукуматингизга, президентингизга, умуман, раҳбариятга саволлар йўқ эдими? Умуман олганда, уларнинг қилаётган ишини нотўғри деб билганмисиз?

Маълумотингиз учун, мен Зеленскийга овоз бермаганман. Порошенконинг қолишини хоҳлаганим учун эмас, балки Зеленскийни ёқтирмаганим учун ҳам эмас, агар ўша пайтда 14-йилгача уруш бўлмаганида, балки унга мутлақо қарши бўлган одамлар қаторида туриб, Зеленскийга овоз берардим. Чунки Украинада янги одамлар, ёш сиёсатчиларга бўлган талаб тенденцияси ўша пайтда кузатилган эди. Биз мамлакатимиздаги коммунистик партияни бутунлай йўқ қилдик, лекин мен уруш пайтида мамлакатим ва Зеленский бунга дош беролмаслигига ишонардим. Бунга ишончим комил эди. Бу менинг субъектив фикрим ва менимча, агар Порошенко президент этиб қайта сайланган бўлганида, Путин ҳужум қилишга журъат этолмасди.

– Бу президентлардаги шахсият билан боғлиқ масалами?

– Гап шахсият ҳақида эмас, балки у Зеленскийни комедиячи, наркоман ва жирканч деб билган ва уни бу ўринга муносиб деб баҳоламаган. Ҳукуматимизни баҳолашимга келсак, Зеленскийга овоз бермаган бўлсам ҳам, бугунга қадар ҳукумат ҳақида ҳеч қандай салбий нарса дея олмайман. Улар қандайдир мўъжиза билан керакли одамларни керакли лавозимларга жойлаштирдилар: Николаевнинг ишғол қилинишига йўл қўймаган ўша Залужнийни олинг. Муданов эса ўзи жуда ёш бўлган, бизнинг ўттиз етти ёшлик бош разведкачимиз: унинг феврал ойидаги интервьюсини кўрсангиз, бу уруш пайтида прогноз қилган ва у деярли бир хил вақт оралиғида айтганлари ҳам сўзма-сўз амалга ошди. Улар буни қандай уддалашганини билмайман.

Зеленский барибир ажойиб актёр. ва у мамлакатимизда содир бўлаётган воқеаларни жуда аниқлик билан етказа олади. Ҳар доим унинг концертларига борганман, лекин унда сиёсатчини кўрмаганим учун, унга қарши эдим. У ҳозир ўз вазифасини аъло даражада бажаряпти.

Орқада шунча кун ва масофа қолди.
Ниҳоят мен бир зумга бўшашдим ва... йиғлаб юбордим

– Даниягача босиб ўтганингиз йўл ҳақида айтиб беринг

– Одессада Украинанинг ғарбий қисмига борадиган бепул эвакуация поездлари ташкил этилди. Шундай поездлардан бирида Лвовга келдим, ушбу поездларни ҳозирги ҳолатини тасвирлаш шарт эмас. Йўловчилар чиптасиз эди, кетишни истаганлар эса белгиланган сиғимдан анча зиёд. Айни шу пайтда украиналикларнинг ёмон фазилатларини кўриш мумкин. Поезд купесида ўн икки кишимиз ва шу тариқа ўн олти соат йўл юриб, Лвовга этиб келдик.

Поездда узоқ ва машаққатли йўл

Биз чироқлар ўчирилган ҳолда юришга мажбур эдик. Лвовга келгач, Украина янгиликларини ўқимаслик учун ўзимга сўз бердим, чунки ўзимга келиб олишими керак. У ерда дўстларим бор эди, мен улардан бир кеча тунашга жой сўрадим, ҳар эҳтимолга қарши телефон учун қувват банкини сотиб олишга бордим, аммо дўконларда ҳеч нарса йўқ эди, ҳатто Лвовда ҳам ҳеч нима йўқ эди. Озиқ-овқат муаммоси менинг шаҳримда урушнинг иккинчи куни бошланган эди. Эрталаб супермаркетга борганда қуюлтирилган сут ва консервалардан бошқа ҳеч нарса тополмадик. Биз Лвовда тунадик. Кейин Полшага етиб бордик. Бизни шаҳар ҳокимлигидаги қандайдир бинога жойлаштиришди. Бу улкан спорт мажмуаси эди ва спорт залида 164 дона ётоқ жой бор эди. Уларнинг деярли барчаси аллақачон банд эди. У ер жуда совуқ эди. Лекин поляклар ўзаро илиқ муносабатлари билан бизни иситишди. У ерда ҳам жуда яхши овқатлантиришди. Тушунишим бўйича, давлат фақат тунаш учун жой ажратган ва бошқа барча озиқ-овқатлар кўнгиллилар томонидан ташкиллаштирилган эди.

Йигирма тўртинчи февралдан бошлаб бутун Европа украиналиклар учун бепул йўлкираларни ташкил қилди. Самолётдан ташқари ҳар қандай транспорт турида украиналиклар учун арзон нархлар эвазига исталган нуқтага олиб бориб қўйишни йўлга қўйишган эди. Биз вокзалга келдик, уларга Украина паспортимизни кўрсатдик ва мана шунинг ўзи биз учун чипта эди, шу билан сиз хоҳлаган жойга боришингиз мумкин эди. Шундай қилиб, биз Люблиндан Варшавага, Вротславга, Берлинга бордик.

Дўстим бизни кутиб олди, биз уларникида тунаб қолдик ва эртаси куни Кёлнга, кейин Берлинга ва кейин Гамбургга келдик. Гамбургда бизни даниялик Питер кутиб олди, у бизни Гамбургдан олиб кетди. Европада кўпчилик бизни негадир ҳали ҳам совет иттифоқи даражасидаги давлат деб билар экан. Хуллас, Гамбургга борадиган йўлда охири йиғлаб юбордим. Украинани тарк этганимнинг бешинчи кунида шундай йиғлашим эди.

Қисқаси, биз Данияга шу тарзда этиб келдик. Бу мамлакат менга ёқиб қолди. Эҳтимол, бунда одамлар ҳам жуда катта роль ўйнагандир, чунки данияликлар жуда яхши одамлар экан. Буни қисқача тушунтириш мумкин: улар Иккинчи жаҳон уруши пайтида Гитлерга олти соат ичида таслим бўлганларидан жуда уялишади ва биз ҳозир фронтда нима қилаётганимизни кўришаётганда, улар шунчаки бизга эҳтиром кўрсатишади ва ҳар бир даниялик, менинг “Буни нима учун қиляпсиз?” деган саволимга улар “сизларга ёрдам бериш биз учун шараф, чунки эркакларингиз фронтда экан, биз сизга ғамхўрлик қилишимиз керак” – дейишарди. Улар бизга бутун ҳаётни шундай ташкил қилиб беришган-ки, молиявий жиҳатдан мен бу ерда ўзимни Украинадан ёмонроқ ҳис қилмадим. Украинада ўзим учун асбоб-ускуналар сотиб олишим, уйни таъмирлашим мумкин эди, лекин боламнинг ҳужжатлари йўқлиги учун Украинадан чиқиш мумкин эмасди.  

Бу ерда ҳам ўзимни ёмон ҳис қилмаяпман, мутлақо. Данияликлар бизга муносиб пул тўлайдилар, биз бу ерда ўзимизни қулай ҳис қилишимиз учун ҳамма нарсани ташкил қилишган. Тилни бепул ўргатишади, чунки ўзлари айтганидек, бизнинг деярли барчамиз олий маълумотга эга эдик. Улар эса  бундан ҳайратда ва баъзиларимизнинг икки, учта дипломга эгалигимизни кўриб, улар қандай қилиб маълумотли одамларга пол артишни таклиф қилишимиз мумкин дейишади.  Бизни ҳатто қочқинлар деб аташмайди, балки ўзига хос бўлган кўчиб келган одамлар дейишади. Тилни ўрганмагунингизча бу ерда ҳеч нарса қила олмайсиз, дейишади.

Чегарани кесиб ўтаётганимизда “Бу украиналиклар қандайин ғалати халқ экан? Биз бу ерда улар келишлари биланоқ психологлардан, психиатрлардан ёрдам сўрашади, деб ўйлагандик. Лекин уларнинг чегарада биринчи берган саволлари ўзларининг қаерда ишлашлари мумкинлиги ҳақида бўлди. Бу ерда қандай ишлар бор, ойлик маош қанча? каби саволларни беришяпти” – дейишарди полициячилар.

Буча, Изюм, Мариуполь... Бу ваҳшийликларни одам боласи қилганига ишонгинг келмайди

2014 йил март ойининг учинчи, тўртинчи россияликлар Қримни эгаллаб олишди. Шунга қарамай, ҳеч ким буларнинг барчаси қандай содир бўлганлигини айтмайди, улар бизнинг ҳарбий қисмларимизга қурол билан киришди ва у ердаги офицерларни ўлдиришди. Менга умуман ёқмаган ҳолат бу – биз референдум ўтказганимиз эди. Яна қандай қилиб, қайси ақл билан референдум ўтказдик биз? Херсон, Запорижжядаги референдумларни олайлик. Биз биламиз-ки, референдум пайтида одамларнинг ярми қочиб кетишганди. Қизиғи улар Краснодарга эмас, Ростовга эмас, балки Украинага қочиб кетишади. Ўша ҳудудларда уйда қолган аҳолининг ярми кўчага чиқишга қўрқишарди. Аҳолининг ярми аллақачон подвалларда ўтирибди, уларни эвакуация қилиш мавзусига ҳали етиб келамиз, лекин агар Худо сақласин, ўша ҳудудда қолган аҳоли телефонида украин тилида бирон бир нарса топиб олинса, унда сизни ертўла кутади, ертўла дегани эса қийноқлар деганидир. Сизларга бу каби хабарларнинг кўрсатилмаслигини тушунаман ва менинг сўзларим ҳам томошабинларингизни ишонтирмаслиги мумкинлигини биламан – мен ҳеч кимни ишонтирмоқчи эмасман. Мен фақат ўз ҳикоямни айтиб бераман. Менинг Данияда бир танишим бор эди, у Мариуполни тарк этганди ва унинг кўрган-кечирганларини айтиб берганлари тепа сочимни тикка қилди: бу каби фильтрлаш усуллари деб аталадиган ҳолат оила аъзоларни турли хоналарда жазолаш орқали сўроқ қилинади. Агар улар сўроқ қилинаётганда айтаётган ҳикоялари бир-бирига тўғри келмаса, тамом.  Бундан ташқари, мен учун катта зарба бу – Бучадаги ҳодиса эди. Айниқса у ердаги фотосуратлар, у ерда бўлган воқеалар одамни жунбушга келтиради...

– Изюм...

– Ҳа, Изюм, лекин у кейинроқ бўлган эди, аввал Буча ҳодисаси бўлган ўша суратларга қараганингда тошдек қотиб қолиб, миянг буларни умуман қабул қилмайди. Ахир қандай қилиб шундай бўлиши мумкин? Мана шундай вақтда, сенда ҳақиқатда нафрат ҳисси пайдо бўлади. Лекин ҳозир барча украиналиклар айнан шу ҳисни бошдан кечиришяпди. Бу нафрат Нафрат ҳисси бўлганда ҳам бу бошқача туйғу. Ҳар сафар улар шаҳарларимизга бомбаларини ташлаганларида, бизнинг одамларимиз ҳалок бўлаётганларида, биз улардан совуққонлик билан нафратланамиз. Чунки Путин уларнинг ҳожатхоналарни, кир ювиш машиналарини, аёлларимизнинг ички кийимларини тортиб олишга ундаган эмас. Уларга бундай буйруқ бермаган ва у уларга зўрлашни буюрмаган.

Ҳаммамиз педофиллар ҳақида эшитганмиз ва уларнинг ғайритабиий психикага эга одамлар эканлигини биламиз. Бу ерда эса одамлар бутун умр яшаб, бу хусусиятларга эга эканлигини ҳеч қачон сезмаганга ўхшайди, кейин улар шаҳарга кириб келиб, кичкина қизларни зўрлашади. Мен бунга сабаб бўладиган изоҳларни қидирдим ва топдим ҳам. Ахир, Бучадаги воқеаларда асосан Бурят Республикасидан келган тулинлик аскарлар жиноятлар қилишган эди. Мен буларни келтириб чиқарган сабабларни топдим, бу ҳолатларни келтириб чиқарган сабаблар ҳам даҳшатли туюлиши мумкин, лекин буларнинг барчасининг келиб чиқишига сабаб ёмон ишларнинг барчаси улар учун одатий ҳол эканлигидир. Негаки, мамлакатда қашшоқлик ва ичкиликбозлик гуллаб-яшнаётган бўлса, эркак шундай шайтонларга маст бўлади-ки, у унинг ёнида хотинми ёки болами, ким ётганини тушунмайди, шунда мана шунга ўхшаган ҳодисалар содир бўлади. Мен буни ўз исмлари билан атамайман, нима ҳақида гапираётганимни тушунасиз, чунки булар исботланган ҳақиқат. Лекин мен бурятлар ва туваликлар қандай қилиб бундай аҳволда яшаётганига тушунмас эдим. Улар учун бу даҳшатли ҳолатлар нормал ҳолат бўлиб туюлади ва уларга босқинчимисан деб савол берсангиз йўқ деб жавоб беришади. Агар саккиз ойлик урушдан кейин ҳам улар буни тушунмаса, бунинг мантиғи ҳам йўқ.

Копенҳаген кўчалари

Мен шунчаки одамлар мияларини ишлатиб, ўйлашни бошлашлари кераклигини айтмоқчиман. Бу жуда ҳам муҳим, бу ҳақда ортиқча чўзиб ҳам ўтиришни истамайман, лекин ўйлайман-ки, бу интервью давомида мен озгина бўлса-да бу нарсани етказиб беришга муваффақ бўлдим ва саккиз ойдан кейин ушбу интервьюни ёзаётганимиз яхши бўлди. Чунки ҳозир тафаккурим ва ҳиссиётларим ўз жойига келяпти. Мана, биз сиз билан бу интервьюни ёзар эканмиз, шаҳримда уч марта огоҳлантирув сиреналари чалинди.

– Ҳозир-а?

– Ҳа, мен бу ерда фақатгина Николаев ҳақида хабарларни кузатаман, бутун Украинани кузатмаяпман. Биласизми, мен битта жумла билан суҳбатни якунламоқчиман. Интернетда ҳозир бир расм айланиб юрибди. 24 феврал куни расмийларимиз шундай деб эълон қилишарди: "Ҳурматли Украина фуқаролари! Илтимос, ваҳима қилманг, хотиржамликни сақланг, сув ва озиқ-овқат билан таъминланинг". Бир неча ойлардан кейин расмийлар яна шундай хабарлар тарқатишди: "Украина фуқаролари! Илтимос, Эрон дронларини уриб туширманг!" Бизникилар ўша дронларни тўғридан тўғри қурол билан уриб тушириш мумкинлигини билиб олишган ва овчилар уйида бемалол милтиғи билан нишонга олиб отишарди. Мана фарқимиз қаерда бизни! Бу бутун Украинанинг, халқимизнинг борлиғидир!

Бир йил олдин кенг миқёсли урушдан аввал Жоҳар Дудаевнинг эски интервьюсини томоша қилдим. Кўп йиллар давомида Чечен Республикасини террористик мамлакат деб ҳисоблардим, Дудаевни эса қароқчи, террорчи, умуман бир қўрқинчли одам деб ўйлардим. Негаки, Россия бизга шундай хабар тарқатарди. Ахир мен Совет Иттифоқида туғилган эдим-да. Биринчи ва иккинчи чечен урушлари менинг болалик пайтларимда бўлганди. Ишончим комилки, бизнинг Амина Акуеваемизни ўлдиришган. У ҳам чечен бўлиб, Адам Акуевнинг рафиқаси эди, бу чеченлар, бир-икки йил олдин эмас, балки 14-йилдан бери Украина учун курашиб келишган. Лекин бу иккисига суиқасд уюштиришади, машина портлатилганда Адам Акуев тирик қолади, Амина эса вафот этади. Шунинг учун мен унинг ўлимигача бўлган интервьюсини томоша қилиб чиқдим, шунда Амина Жоҳар Дудаев билан ўша интервью ҳақида гапирганди. Мен ушбу интервьюни топиб кўрдим, уни қайта кўриб чиққанимда, таъкидлашим керакки, яхшигина ҳайратга тушдим, мен учун бутун дунёйим остин-устун бўлиб кетганди. У нақадар ақлли одам бўлган экан! Жоҳар Дудаев ҳақиқий офицер бўлган эди, мен ўша интервьюни ярим соатини тинглашим биланоқ бу давлатга – Чеченистонга бўлган муносабатимни ўзгартиришим кераклигини тушуниб етдим. Ўша интервьюда Жоҳар Дудаев Украина  ва Россия бир кун тўқнашишини айтган эди.

Ҳа, шундай деганди...

–Шунда Қрим ҳам катта савол остида бўлишини ва Россия Украина билан кенг кўламли урушни бошлашини инкор қилмаганди. Энг муҳими, украинлар ҳақида улар яхши билмасликларини ва украинларни ғазаблантирмаслик кераклигини айтиб ўтганди, чунки украинлар кечирмайдилар. Миллатим ҳақидаги бу жиҳатни билмаган эканман, очиғи. У яна Украинанинг устидан қуёш чиққанида Россия сўнади деб айтган экан. Ўша қуёш эса ҳозир чиқмоқда...

Наталья Яковлева – Бобур Акмалов
Копенҳаген – Тошкент
21 октябрь – 20 ноябрь 2022 йил
Тасвирчи ва монтаж устаси Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи