Жамият | 16:02 / 17.06.2021
52894
5 дақиқада ўқилади

Хатирчилик оналар йиғиси, оталар надомати: Тилла фарзандлардан айираётган «олтин васвасаси»

Навоий вилояти Хатирчи туманининг Оқтепа маҳалласида 2021 йилнинг 12 июнь куни фожиа рўй берди: қишлоқнинг тўрт хонадонида жаноза ўқилди. Ташландиқ кондан олтин қазиб олаётган икки нафар ҳамда уларни қутқариш учун ортдан кирган яна икки бўз йигит чиқинди газдан бўғилиб, вафот этди.

Хатирчи туманидаги Олтинсой қишлоғи тоғлар орасида жойлашган, бир неча маҳалладан иборат. Ҳудуд аҳолиси асосан чорвачилик ва узумчилик билан шуғулланади. Чамаси 15 йиллар олдин қишлоқ эркаклари ҳамда ёш йигитлар ёппасига атрофдаги тоғлардан қўлбола усулда олтин қазиб олишга киришиб кетишган. Олтин васвасаси ҳамон давом этмоқда. Энг даҳшати шундаки, бу ўтган муддатда кўплаб инсонлар турли сабаблар билан тоғда вафот этишган. Кимнидир тош босиб қолган, бошқаси қоядан қулаб тушган ва ҳоказо.

2021 йилнинг 12 июнь куни бўлган воқеа эса барча олтинсойликларнинг қалбини ларзага келтирди.

Қишлоқ аҳлининг маълум қилишича, ўша куни тунда (тиллачиларнинг аксарияти тун пайтида ишлар экан —таҳр.) бир гуруҳ йигитлар олтин қазиб олиш учун тоғ тепасидаги ташландиқ конга боришган. Таркибида олтин бўлган тошни ажратиб олишда электр токида ишлайдиган ускуналар зарур. Шу сабабли икки йигит кон ичида бензин билан ишловчи движокдан фойдаланишган. Афсуски, ёнилғи ёқилиши натижасида движокдан ажралиб чиққан газдан нафас олган йигитлар вафот этишган. Уларни қутқариш учун конга кирган яна икки йигит ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган.

Қишлоқ оқсоқоллари атрофдаги тоғларда 9та ташландиқ кон борлигини ва уларнинг барчаси давлат томонидан фойдаланишда бўлмаса ҳам оғзи очиқ ҳолда қолдирилганидан норози бўлмоқда. Уларнинг таъкидлашича, тегишли масъуллар бу масалага эътиборсизлик билан қараяпти.

Жумладан, 83 ёшли Намоз Йўлдошев шундай дейди:

— Қишлоғимиз аҳолиси кўп йиллардан буён ишсиз. Ҳудудда яшовчи ёшларнинг 50-60 фоизи доимий иш ўрнига эга эмас, хотин-қизлар тўғрисида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Лекин одамлар кун кўриши керак, яшаши керак, бола-чақаси бор. Шунинг учун тоғга чиқиб, конга боришга мажбур бўлишади. У ерга бориб кўрсангиз — дўзах дейсиз, тоғнинг таги илма-тешик бўлиб кетган. Афсуски, бу фаолият кўплаб нохушликларга сабаб бўлмоқда. Мана, яқинда ҳалок бўлган йигитларнинг ҳам иккиси ҳали уйланмаганди, иккисининг эса учтадан фарзанди бор.

Бундан бошқа жуда кўп воқеалар ҳам бўлган. Ҳозирча ҳаммамиз, биз оқсоқоллар ҳам, раҳбар ҳам кузатувчимиз. Қачонки, бошимиз тошга тегиб ёрилса, сўнг ўйлаймиз. Биргина тақиқ қўйиш, рейд қилиш билан тартиб ўрнатиб бўлмайди. Эртаси куни яна бошлашади. Шунинг учун, бу иш қонуний тарзда, хавфсизлик қоидаларига риоя этилган ҳолда қилиниши лозим. Давлатга ҳам фойдаси тегсин, ўзлари ҳам рўзғор тебратишсин.

Қишлоқ оқсоқолларидан яна бири, нафақадаги ўқитувчи Саидмурод Хушназаров эса олтин қазиб олиб пул топиш иштиёқи қишлоқ ёшларининг туриш-турмушига ҳам таъсир қилаётганини айтиб ўтди.

Маълум бўлишича, вафот этган йигитлардан бири, 1993 йилда туғилган Мирзоҳид Болиев Самарқанд архитектура ва қурилиш институтининг 3-босқич талабаси бўлган.

«Болам ўз билими билан талаба бўлганди. Чет тилини ўрганаётганди. Ўша тунда биз ухлагач, дўстлари билан чиқиб кетибди. Шерикларини қутқараман, деб боламнинг ўзи ҳам ҳалок бўлди. Орзу-ҳаваслари кўп эди. Ўқишга кетиши керак эди, нарсаларини тайёрлаб қўйганди. Бу ёқда боламнинг жони узилиб ётибди, у ёқдан домлалари келсин дея телефон қилишарди. Ҳеч кимнинг боласи бундай бўлмасин, ҳеч бир она мендай зор йиғлаб қолмасин», — дейди Мирзоҳиднинг онаси.

Оналарнинг фарзанд доғидаги йиғиси, оталарнинг афсус-надомати қанчалар юракларни эзмасин, бу йигитлар қайтиб келмайди. Аммо шу каби фожиалар такрорланмаслиги учун тегишли мутасаддилар тобора жиддий тус олиб бораётган бу масалага эътибор қаратишлари, ҳудуддаги 9та ташландиқ конни назоратга олишлари ёки унинг кириш қисмини бутунлай ёпиб ташлашлари, шунинг баробарида, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш борасида қуруқ ваъдалар эмас, амалий ҳаракатларни бошлашлари зарур. Йўқса, олтинсойликлар ҳақиқий «олтин»лари — ўз ўғлонларини йўқотишда давом этади.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид

Эълонлар

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан