Олтиннинг рекорд нархлари Ўзбекистоннинг захирасини салкам 43 млрд долларга етказди
Январда Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 1,7 млрд долларга ошиб, 42,9 млрд долларга етди. Захираларнинг олтин қисми 3 млрд долларга ошиб, 35 млрд долларга етган. Валютадаги активлар 1,3 млрд долларга камайган.

Фото: Reuters
1 феврал ҳолатига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро захиралари қиймати 42,9 млрд долларни ташкил қилди. Бу – бир ой олдингидан 1,7 млрд долларга кўп. Тегишли маълумотлар Марказий банк сайтига жойланган.
Январ ойи давомида хорижий валютадаги активлар кескин қисқарган. Захиранинг бир қисми 1,3 млрд долларга камайиб, 7,3 млрд долларга тушган.
Захиралар умумий қийматининг ўсиши олтин қимматлашаётгани билан боғлиқ: “молиявий ёстиқча”нинг олтин қисми 32 млрд доллардан 35 млрд долларга етган. Олтиннинг соф физик ҳажми эса бироз ошган: декабрда 12,30 млн троя унцияни ташкил қилган бўлса, январда 12,56 млн троя унцияга етган.
“Ой давомида олтин нархи 2 610,85 доллардан 2 791,50 долларгача ошишининг таъсири +2 млрд 269,1 млн долларни ташкил этди”, – дейилади МБ маълумотида.
Январ ойи ҳисоботи дастлаб эълон қилинганида, унда алоҳида банд билан 2,8 млрд долларлик “бошқа захира активлар” пункти бор эди. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси активларининг хориждаги ликвид қисми бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Аммо Марказий банк кейинроқ ҳисоботни янгилади ва бу пункт нолга ўзгартириб қўйилди. Ҳозирча Марказий банк бу бўйича изоҳ бермади. Kun.uz ҳолат юзасидан МБ матбуот хизматига савол йўллади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил давомида Ўзбекистоннинг расмий захиралари 34,56 млрд доллардан 41,18 млрд долларга ёки 19,1 фоизга ошди. Бунда, 2024 йилда жаҳон бозорида олтин нархларининг кескин ошиб кетгани ва ўзининг тарихий максимум нархларини бир неча марта янгилагани асосий омил бўлди.
Олтин нархи жорий йил бошида ҳам ўсишда давом этяпти. Ўтган ҳафтада Марказий банк сотувга чиқарган 1 граммли олтин нархи 95 доллардан ошди. Қимматбаҳо металл нархи йил бошидан бери 9 фоиздан кўпроққа ошди.
Мавзуга оид

18:43 / 05.03.2025
Кредит олишни ўзига тақиқлаш имконини берувчи қонун қабул қилинди

17:22 / 05.03.2025
Ўзбекистон январда энг кўп олтин сотиб олган давлатга айланди

16:49 / 27.02.2025
25 йил олдинги 100 минг сўм ҳозир қанчага тенг? – МБ инфляция калкуляторини ишга туширди

12:29 / 14.02.2025