Ўзбекистон | 17:23 / 21.04.2025
1130
2 дақиқада ўқилади

Тимур Раҳмонов Ўзбекистоннинг Эстониядаги элчиси этиб тайинланди

Ўзбекистоннинг Латвия, Литва ва Финландиядаги элчиси Тимур Раҳмонов энди мамлакатнинг Эстониядаги элчиси этиб тайинланди.

Фото: dunyo.info

Ўзбекистоннинг Эстонияга янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Рига шаҳрида жойлашган) Тимур Раҳмонов 16 апрел куни ушбу давлат президенти Алар Карисга ишонч ёрлиқларини топширди.

Расмий тадбирдан сўнг ўтказилган мулоқот чоғида Эстония президенти Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ривожланиб бораётганини юксак баҳолади ва ушбу йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Шунингдек, Эстония етакчиси Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи давлатга айланганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, у Ўзбекистон етакчисининг минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, жумладан, кўп йиллар давомида можароларга сабаб бўлиб келган чегара масалаларини ижобий ҳал этишдаги катта ҳиссасини алоҳида урғулади.

Эслатиб ўтамиз, Тимур Раҳмонов 2024 йил 13 март куни Ўзбекистон элчиси сифатида Рига шаҳрига борган эди. Ушбу лавозимга тайинланишидан олдин у 2021-2024 йилларда мамлакатнинг Новосибирск шаҳридаги бош консули бўлиб ишлаган.

Тимур Раҳмонов 2024 йил 17 июн куни Ўзбекистон элчиси сифатида Латвия президенти Эдгарс Ринкевичсга, 2025 йил 11 феврал куни Литва президенти Гитанас Науседага, 1 апрел куни эса Финландия президенти Александр Стуббга ишонч ёрлиқларини топширган эди.

Мавзуга оид