Жаҳон | 20:15 / 14.04.2025
1141
2 дақиқада ўқилади

Эстонияда ҳарбийларнинг шуҳбали кемаларга ҳужум қилишига рухсат берувчи қонун тасдиқланди

Эндиликда эстон ҳарбийлари мамлакатнинг мудофаа объектлари, порт ва бошқа иншоотларига таҳдид уйғотадиган кемаларга нисбатан «куч ишлатиши» мумкин бўлади.

Фото: Getty images

Эстония президенти Алар Карис ҳарбийларга республиканинг муҳим инфратузилмалари учун таҳдид уйғотадиган фуқаролик кемаларига ҳужум қилиш ҳуқуқини берувчи тузатишларни тасдиқлади, деб хабар беради ERR. Мамлакат парламенти бу борадаги қонунчилик ташаббусини 11 апрелда қабул қилганди.

Қайд этилишича, Мудофаа кучларини ташкил этиш ва иқтисодий зона тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга кўра, эстон ҳарбийлари мамлакатнинг мудофаа объектлари, порт ва бошқа иншоотларига таҳдид уйғотадиган кемаларга нисбатан «куч ишлатиши» мумкин бўлади.

Денгиз коллегияси раиси ва РФ президентининг маслаҳатчиси Николай Патрушев Эстониянинг Болтиқ денгизида шубҳали савдо кемаларига ҳужум қилишга рухсат бериш қарорини жирканч деб атади.

Аввалроқ Эстония мудофаа кучлари Россияга кетаётган Kiwala танкерини қўлга олганди. Мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Иво Вяркнинг айтишича, қўлга олишдан мақсад кеманинг ҳужжатлари ва ҳуқуқий ҳолатини текшириш. Marinetraffic хизмати маълумотларига кўра, у Жибути байроғи остида ҳаракатланган.

Мавзуга оид