Жаҳон | 17:38 / 27.02.2025
1299
2 дақиқада ўқилади

Трамп маъмурияти USAID орқали тўловларнинг 90 фоизини тўхтатиб қўйди

АҚШ президенти маъмурияти томонидан судга йўлланган маълумотларда келтирилишича, умумий ҳисобда қарийб 5800 та USAID гранти бекор қилинган.

Фото: Reuters

Доналд Трамп маъмурияти АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали тўловларнинг 90 фоизини тўхтатишни буюрди. CNN’нинг маълум қилишича, бу ҳақда 26 феврал куни даъво доирасида судга юборилган ҳужжатларда сўз боради.

«Умумий ҳисобда қарийб 5800 та USAID гранти бекор қилинган ва 500 дан ортиқ грантлар сақлаб қолинган. Сақлаб қолинган грантларнинг максимал қиймати тахминан 57 миллиард долларни ташкил этади», — дейилади маъмурият баёнотида.

USAID орқали ажратиладиган грантлардан ташқари 4,1 мингга яқин давлат грантлари бекор қилинган ва салкам 2,7 минг давлат грантлари сақлаб қолинган. Трамп маъмуриятига кўра, молиялаштириш бўйича 297 та қарор ҳали баҳоланиши керак.

Доналд Трамп маъмурияти грантлар тўғрисидаги тушунтиришларни чет эл ёрдамини музлатиш тўғрисидаги қарорига қарши киритилган даъво доирасида судга йўналтирган.

Доналд Трамп президентлик лавозимига киришганининг биринчи куниданоқ USAID’нинг чет эл давлатларига ёрдамини 90 кунга музлатиб қўйди. Ушбу муддат давомида агентлик дастурлари «Америка қадриятлари» ва АҚШнинг ташқи сиёсий мақсадларига қанчалик мос келиши текширилади. АҚШ ҳукумати USAID’ни Давлат департаменти билан бирлаштириш, шунингдек, агентлик ходимларини 10 минг кишидан қарийб 300 кишигача қисқартиришни режалаштирмоқда. Маблағлар ажратилишининг музлатилиши тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят киритилган.

Аввалроқ АҚШ президенти янги ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбарларидан бири этиб тайинлаган бизнесмен Илон Маск USAID’ни танқид қилган эди. Tesla ва SpaceX бош директори агентликни жиноий ташкилот деб атаган ва USAID’ни биологик қуролларни ишлаб чиқишни молиялашда айблаган. Шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги раҳбарияти истеъфога чиқишини маълум қилган эди.

Мавзуга оид