Ўзбекистон | 11:42 / 21.02.2025
4282
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида юк машинаси йўлга ўтириб олган шахсни уриб кетди

Тошкент вилоятининг Бўка туманидан ўтган А373 Гулистон - Бўка - Оҳангарон йўлининг 53-километрида 17 феврал куни соат 23:00 ларда номаълум мурда ётганлиги аниқланган. 

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ хабар беришича, тиббий экспертиза хулосаларига кўра, ушбу фуқаронинг шахсига ва ўлим ҳолатига автомашина уриб кетиши сабаб бўлганлиги маълум бўлди. Қочиб кетган ҳайдовчини аниқлаш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди

Ҳодиса содир бўлган куннинг эртаси куни гумондор ва машина топилди. Гумондор шахс 1994 йилда Сирдарё вилоятида туғилган бўлиб, ҳодисани ўзига тегишли Isuzu машинасида содир қилгани маълум бўлди. 

“Қоронғи йўлда ўзимга тегишли ўнг томон йўлакда 60 тезликда кетаётгандим. Фуқаро чизиқдан сал берироқда ўтириб олганди. Олдида нарсалари сочилиб ётганди. 5 метр масофа қолганди, айланиб ўтдим, тегмади деб ўйлагандим. Қўрқиб кетдим, бақириб юбордим. Тегмади деб ўйлаб кетдим”, дейди ҳодисани содир этган ҳайдовчи. 

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 117 (хавф остида қолдириш) ва 266-моддаларига (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) жиноят иши қўзғатилиб, гумондор эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Мавзуга оид