Жамият | 18:41 / 22.02.2025
6547
5 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида йирик миқдордаги фирибгарликни содир қилган шахс қамалди

Судланувчи турли усуллар билан фуқароларни чув тушириб, 2,8 миллиард сўмлик зарар етказган.

Фото: ИИБ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани суди очиқ мажлисида фирибгарлик, пора беришда воситачилик, ёлғон гувоҳлик бериш, туҳмат, ўқ-дориларни ўғирлаш ва ноқонуний ўтказиш каби оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган, 40 ёшли Р.Э.га суд ҳукми эълон қилинди.

Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ўтказилган тергов ва суд ҳужжатларига кўра, судланувчи 2021-2024 йиллар оралиғида 13 та ҳолатда фуқароларнинг ишончига кириб, уларга турли ваъдалар бериб, йирик миқдорда маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Хусусан, у автотранспорт воситаларини арзон нархда олиб бериш, ер майдонлари ва кўчмас мулкларни сотиб олиш, юқори даромадли ишга жойлаштириш каби баҳоналар билан бир неча фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган.

Жумладан:

• 2021 йил 10 август куни арзон нархда автомобиль олиб беришни ваъда қилиб, танишидан 5800 АҚШ доллари олган ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатган.

• 2022 йил 15 октябрда арзон нархда автомобиль олиб беришни ваъда қилиб, орадан вақт ўтгач машина эмас ер участкаси олиб беришини айтиб, фуқародан 2100 АҚШ долларини олган.

• 2023 йил 1 октябрда ер участкасининг кадастр ҳужжатларини мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб беришга кўндириб, пора беришга далолат қилиб, жабрланувчидан 10000 АҚШ доллари олган, бироқ ваъдасини бажармаган.

• 2022 йил июнь ойида бошқа бир жабрланувчини 2000 АҚШ доллари билан «Амирсой» дам олиш масканидаги 10 миллион сўм маошлик ишга киргизиш ва Зангиота туманидаги бир нечта ер майдонини номига ўтказиб беришга ишонтириб, 28700 АҚШ доллари миқдорида пул маблағларини ўзлаштирган.

• 2023 йил июль ойида яна бир фуқаронинг ишончига кириб, 38500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ер олиб бериш баҳонасида олиб, қайтариб бермаган.

• 2023 йил 5 октябрда яна бир жабрланувчига ўзининг паспорт нусхасига тилхат ёзиб ер олиб беришга ишонтирган ва 10000 АҚШ доллари пул маблағларини қўлга киритган.

• 2024 йил 25 январда жабрланувчи аёлга Бўстонлиқ туманида дала ҳовлини ижарага олиб беришини ва бу катта фойда келтиришини ваъда қилиб, 10000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни қўлга киритиб, ваъдасини бажармаган.

• 2024 йил 22 февралда яқин танишини 20 дона «Спарк» автомобилини электрон аукцион орқали арзон нархда сотиб олишга ишонтириб, 61750 АҚШ долларини қўлга киритиб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаган.

• 2024 йил март ойида эса танишидан қарзга 12800 АҚШ доллари олиб, ундан 3500 АҚШ долларини қайтариб, қолган қисмини бермаслик учун унга туҳмат қилган.

• 2024 йил баҳорида маҳалладошини дўкон сотиш баҳонасида 65000 АҚШ долларига чув тушириб, пулни қайтармаслик эвазига ўғирланган ўқ-дориларни жабрланувчининг ҳовлисига яшириб, ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган. Тезкор тадбирда ушбу ўқ-дориларни ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб, унинг ўзига нисбатан иш қўзғатилган.

Бундан ташқари, судланувчи ер майдонлари ва кўчмас мулкларни расмийлаштириш учун пора беришда воситачилик қилган. У турли ҳужжатларни сохталаштириш, ёлғон гувоҳлик бериш ва туҳмат қилиш орқали ноқонуний даромад орттиришга ҳаракат қилган.

Шу каби усуллар билан у бошқа фуқароларни ҳам чув тушириб, жами 2,8 миллиард сўмлик зарар етказган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи 1984 йилда туғилган (Э.Р.Й.) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг «а» банди, 28, 211-моддаси 2-қисмининг «б» банди, 237-моддаси 2-қисмининг «а,г» бандлари, 139-моддаси 3-қисмининг «а,г» бандлари, 238-моддаси 3-қисмининг «б» банди, 247-моддасининг 1-қисми, 248-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар қоплаш учун судланувчидан 2,8 миллиард сўм ундирилиши белгиланган.

Мавзуга оид