Хитой АҚШ ёрдамидан маҳрум бўлган мамлакатларга маблағ таклиф қилмоқда
USAID фаолиятининг тўхтатилиши ортидан, Хитой ривожланаётган мамлакатларда фаоллашгани таъкидланмоқда.

Фото: Reuters
Доналд Трамп маъмурияти АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) фаолиятини тўхтатганидан сўнг, Хитой ривожланаётган мамлакатлардаги бўшлиқни тўлдириш учун чоралар кўрмоқда. Бу ҳақда USAID ва бошқа гуманитар ташкилотлар ходимлари ҳисоботларига таяниб, Politico хабар берди.
«Хитой аллақачон ҳамкорларимизга мурожаат қилмоқда. Улар Камбожа ва Непал каби жойларда бўшлиқни тўлдиради ва бу биз билган нарса», деди Байден маъмурияти даврида USAID Хитой дастурини бошқарган Франциско Бенкосме.
Қайд қилинишича, USAID инфратузилма ва телекоммуникациялар учун хорижий маблағ излаган ривожланаётган мамлакатларга ёрдам берган. Шунингдек, Африка, Жануби-Шарқий Осиё ва бошқа минтақалардаги оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаган. Ҳозир бу жойларда Хитой таъсири кучаймоқда.
Вакиллар палатаси Хитой қўмитасидаги демократлар Трамп маъмуриятини USAID иши Пекин билан рақобат қилиш учун зарурлигига ишонтириш учун янги стратегия ишлаб чиқди. Гуруҳ далиллари шундан иборатки, Хитой билан муваффақиятли рақобат АҚШ миллий хавфсизлигини таъминлаш учун зарур.
«Хитой Коммунистик партияси ва унинг бўлинмалари сўнгги йигирма йил ичида ривожланиш лойиҳаларига қарийб 1 триллион доллар сарфлади ва бу АҚШ ҳукуматининг расмий харажатларидан сезиларли даражада ошиб кетди. <...> USAID эса [АҚШ] бюджетининг 0,7 фоизидан камроғи миқдорида маблағ тақдим этади», дейилади ҳужжатда.
Непалнинг Annapurna Express газетасига кўра, Хитой расмийлари хусусий равишда Непал ҳукуматига АҚШ маблағлари ўрнига соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муҳим тармоқлари молиялаштиришга тайёрлигини айтган. Тинч океанининг стратегик давлати бўлган Кук ороллари расмийлари АҚШ томонидан молиялаштиришнинг тугатилиши минтақага катта зарба бўлганини ва «хитойликлар ўз таъсирини кучайтиришга интилаётганини» айтган.
Аввалроқ, президент Доналд Трамп USAID ташкилотининг барча лойиҳаларини 90 кунга музлатиб қўйди. Кейинчалик маълум бўлишича, Оқ уй деярли барча ходимларини ишдан бўшатиб, агентликни тарқатиб юборишни режалаштирмоқда. Reuters маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ишлаётган 10 минг кишидан 300 нафари қолдирилади, бошқалари бўшатиб юборилади. Трамп маъмурияти USAID ташкилотининг ортиқча ва асоссиз харажатларда айбламоқда.
Мавзуга оид

22:37 / 10.03.2025
Чирчиқда собиқ техникум биноси бузилиб, ўрнида Хитой ОТМ филиали қурилади

22:00 / 10.03.2025
Украина дунёдаги энг йирик қурол импортчисига айланди

20:32 / 10.03.2025
Трамп Зеленский истеъфога чиқмагунча Украинага ёрдам кўрсатишни тикламайди – ОАВ

19:40 / 10.03.2025