Чирчиқда собиқ техникум биноси бузилиб, ўрнида Хитой ОТМ филиали қурилади
Шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, ушбу бино авария ҳолатига келиб қолган. Тошкент вилояти Қурилиш инспекцияси ҳам уни бузиш юзасидан хулоса берган.

Фото: Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги
Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда собиқ техникум биноси бузилаётгани юзасидан тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Қауд этилишича, Чирчиқ шаҳри, Заковат кўчаси 2-уйда жойлашган собиқ техникум биноси анча йиллардан бери фойдаланилмасдан қаровсиз ҳолатга келиб қолган. Ушбу объект ўрнида Ўзбекистон президентининг қарорига асосан Хитойнинг нуфузли олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.
Қарорга мувофиқ, ХХРнинг Soniya Group Limited компанияси таъсисчилигида «Чирчиқ инновация гимназияси» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган. Жамият томонидан «Замонавий гимназия ташкил этиш» лойиҳасига 15 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш, 100 тадан ортиқ янги иш ўринлари яратиш ва Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи оилалар фарзандларининг 500 нафарини сифатли таълим олишини таъминлаш режалаштирилган.
Собиқ техникум биноси авария ҳолатига келиб қолгани сабабли «Чирчиқ инновация гимназияси» МЧЖнинг мурожаатига асосан Тошкент вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан бино-иншоотлари визуал кўрикдан ўтказилиб, 2025 йил 16 январдаги 01/123-сонли хат орқали бинони бузилиши юзасидан хулоса берилган.
Шунингдек, собиқ техникум биноси Вазирлар Маҳкамасинининг 2019 йил 4-октабрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида» 846-сон қарорига асосан маданий мерос объектлари миллий рўйхатга киритилмаган.
Аввалроқ Кадастр агентлиги ерлар чет элликларга сотиб юборилаётгани ҳақидаги гап-сўзларни рад этиб, Ўзбекистон қонунчилигига биноан чет элликлар ерга мулк ҳуқуқи асосида эгалик қила олмаслигини маълум қилганди.