Жаҳон | 14:10 / 10.02.2025
1933
3 дақиқада ўқилади

ЕК раҳбари: Европа Иттифоқи мудофаани ўз қўлига олиши керак

«Европа Иттифоқи миқёсида мудофаани кучайтириш зарур», деди фон дер Ляйен Болтиқбўйи мамлакатларини ЕИ энергия тизимига улашга бағишланган матбуот анжуманида.

Фото: Philipp von Ditfurth / dpa / Global Look Press

Европа Иттифоқи ўз хавфсизлиги ва мудофаасини «ўз қўлига олиши» вақти келди. Бу ҳақда Болтиқбўйи давлатлари электр энергияси тизимини континентал Европа тизими билан синхронлаштиришга бағишланган матбуот анжуманида Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен маълум қилди. Фон дер Ляйеннинг сўзларини 9 феврал, якшанба куни ЕК матбуот хизмати келтирди.

«Биз Европа Иттифоқи бўйлаб мудофаани кучайтиришимиз кераклиги аниқ», — дея таъкидлади фон дер Ляйен ва НАТО давлатлари орасида ялпи ички маҳсулотига нисбатан мудофаа учун энг кўп маблағ сарфлайдиган Эстония, Литва, Латвия ва Полшани мисол қилиб келтирди.

Замонавий даврда уруш олиб бориш катта чақириқлар, технологик вазифалар ва мувофиқлаштириш билан боғлиқдир, дея қўшимча қилди у. Мамлакатлар ёлғиз ўзи бунга дош бера олмайди, деб таъкидлади ЕК раҳбари.

«Биз «Украина 2.0»ни хоҳламаймиз»: Европа Иттифоқи Россиядан ҳимояланишга тайёрланмоқда

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришининг уч йиллиги арафасида ва унинг АҚШ билан келажакдаги муносабатларига оид ноаниқлик фонида Европа Иттифоқи мудофаа бўйича норасмий саммит ўтказмоқда. 3 феврал куни Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи раҳбарияти ва НАТО бош котиби Брюсселда учрашиб, норасмий равишда келажакни муҳокама қилишди: Европа қитъаси учун қандай қилиб яхшироқ ҳимоя ва хавфсизликни таъминлаш бўйича.

Саммит иштирокчилари Европа Иттифоқининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича ички чора-тадбирлар ҳақида гапирган бўлса-да, Россиянинг Украинага қарши уруши юзасидан ташқи сиёсат мавзуси барча муҳокамаларда қизил ип каби ўтди.

Финландия бош вазири Петтери Орпо учрашув олдидан: "Биз ҳаммамиз Россия таҳдид эканини тушунишимиз керак", деди. «Россия Европа давлатлари, Европа Иттифоқи учун доимий таҳдид бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу фикр эмас, бу ҳақиқат», — дея қўшимча қилди у. Шунинг учун Европа Иттифоқининг ҳар бир давлати мудофаа учун кўпроқ маблағ ажратишга тайёр бўлиши керак, дейди Орпо.

Мавзуга оид