Жаҳон | 11:16 / 27.01.2025
1736
2 дақиқада ўқилади

НАТО махфий ҳарбий маълумотларни мудофаа саноати компаниялари билан бўлишяпти

Шимолий Атлантика алянси зарур қуроллар ҳақидаги махфий маълумотларни мудофаа компаниялари билан алмашишни бошлади. Мақсад — унинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, деб хабар беради Bloomberg.

Фото: Shutterstock

Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) мудофаа саноати компанияларига ўта махфий маълумотлар, жумладан, НАТОга аъзо давлатлар қандай қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқариши кераклиги ҳақидаги маълумотларни тақдим қила бошлади. Бу ҳақда 26 январ, якшанба куни вазиятдан хабардор бўлган манбаларга таяниб, Bloomberg агентлиги хабар берди. Уларнинг айтишича, бу ҳаракат мудофаа соҳасида ишлаб чиқаришни ошириш стратегиясининг бир қисмидир, уни НАТО бош котиби Марк Рютте «уруш давридаги фикрлашга ўтиш» деб атаган.

Bloomberg манбаларига кўра, НАТО ўзининг баъзи мақсадларини амалга ошириш орқали «компанияларни ишлаб чиқариш қувватини кенгайтиришга кўндиришга» ҳаракат қилмоқда. Агентлик қайд этишича, бу қадам иттифоқ мамлакатлари ўртасида консенсусни талаб қилади.

Алянснинг 32 аъзосидан 23 тасини ўз ичига олган Европа Иттифоқи билан НАТО алоҳида маълумот алмашишни бошлади.

Маълумотлар алмашинуви НАТО давлатлари Россиянинг Украинага қарши уруши ва алянс давлатларидан мудофаа харажатларини кўпайтиришни қайта-қайта талаб қилган Доналд Трампнинг АҚШ президентлигига қайтиши қаршисида қайта қуролланишга уринаётган бир пайтда амалга оширилмоқда.

НАТО бош котиби иттифоқчилардан ҳарбий харажатлар ошишини кутмоқда

НАТО бош котиби Марк Рютте 23 январ куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида 4-5 йил ичида алянс мудофаа харажатларини ЯИМнинг икки фоизигача чекласа, ўзини ҳимоя қила олмаслигини айтди.

Рютте, шунингдек, иттифоқчи давлатларни Украинадаги урушнинг йўналишини ўзгартиришга чақирди. Агар Киев ютқазса, бош котибнинг фикрича, НАТО тўхтатувчи салоҳиятини тиклаш «мудофаа харажатларини ошириш ва саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш учун ҳозир талаб қилинадиган нархдан анча қимматга» тушади. «Бу миллиардлаб эмас, триллионлаб бўлади», деб огоҳлантирди НАТО бош котиби.

Мавзуга оид