Жаҳон | 13:28 / 23.01.2025
1334
2 дақиқада ўқилади

Борис Писториус: Европа ўз хавфсизлиги учун жавобгардир

Германия мудофаа вазири Борис Писториус DW нашрига берган интервюсида АҚШ янги маъмурияти қарорларидан қатъи назар, европаликлар Европа хавфсизлиги учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ масъулиятга эга эканини айтди.

Фото: DW

АҚШ янги маъмурияти қарорларидан қатъи назар, европаликлар энди Европа хавфсизлиги учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ масъулиятга эга, деди Германия мудофаа вазири Борис Писториус 22 январ, чоршанба куни Литвага сафари чоғида DW нашрига берган интервюсида. «Доналд Трамп, Оқ уй ва янги маъмуриятнинг кун тартиби қандай бўлишидан қатъи назар, биз каттароқ масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз керак», деди Писториус.

Мудофаа вазирлиги раҳбари, шунингдек, ушбу стратегиянинг таркибий қисмларидан бири 2023 йил ёзида Литвада Бундесвер бригадасини доимий жойлаштириш тўғрисида қабул қилинган қарор эканлигини таъкидлади. Ушбу дастурни амалга ошириш «режага мувофиқ давом этмоқда» ва «йўл харитаси ўз вақтида якунланади», деди Писториус ҳамда бригада «инфратузилма билан таъминланган ҳолда» тўлиқ тайёрланишини таъкидлади. Вазирнинг сўзларига кўра, 2025 йил охиригача Литвада кейинги икки йилга режалаштирилган бундесвернинг биринчи аскарларидан 500 га яқини жойлаштирилади.

Писториус НАТО келажаги ҳақида «жуда ташвишланмаяпти»

Германия Мудофаа вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Американинг янги маъмурияти катта эҳтимол билан ўз эътиборини Ҳинд-Тинч океани минтақасига қаратади.

Бироқ, Писториус НАТО келажаги ҳақида «жуда хавотирда эмаслигини» айтди. «Мен НАТОнинг келажаги ҳақида унчалик хавотирда эмасман, чунки мен Қўшма Штатлардаги ёки Мюнхен хавфсизлик конференциясидаги барча суҳбатларимдан биламанки, кўпчилик америкаликлар евро-трансатлантик ҳамкорлик уларга нима беришини жуда яхши билишади», деди у интервюда. Шу билан бирга, у Қўшма Штатлар ва Европа ҳозир ўзининг умумий тарихининг «бир саҳифасида» эканлигини таъкидлади. «Биз ҳозир шу нарсага эришишимиз керак», деди сиёсатчи.

Мавзуга оид