Полша Сейми 2007 йилдан 2022 йилгача Россиянинг мамлакат ички хавфсизлигига таъсирини текшириш учун давлат комиссиясини тузиш тўғрисидаги мунозарали қонун лойиҳасини маъқуллади. 26 май, жума куни парламент қуйи палатасининг 234 нафар депутати қонун лойиҳасини қабул қилиш учун овоз берди, 219 нафари қарши чиқди, яна бири бетараф қолди. Қонун кучга кириши учун уни ҳали Полша президенти Анжей Дуда имзолаши керак.
Қонун лойиҳасида, хусусан, тўққиз аъзодан иборат комиссия ўзи айбдор деб билган ҳар қандай сиёсатчига маблағ тақсимоти билан боғлиқ давлат лавозимларини ўн йил давомида эгаллашни тақиқлаши мумкинлиги кўзда тутилган. Комиссия раҳбарини бош вазир Матеуш Моравецкий тайинлайди.
Мухолифат бу қарорни қоралаб, уни сиёсатчиларни судяга айлантирувчи “конституциявий давлат тўнтариши” деб атади. Танқидчиларнинг фикрича, ушбу қонун ёрдамида ҳукмрон “Қонун ва адолат” партияси миллий консерваторлари кузги парламент сайловларида асосий рақиб – либерал мухолифат етакчиси, собиқ бош вазир Доналд Тускни йўқ қилишга интилмоқда. “Ушбу қонуннинг мақсади - Тускни сиёсатдан ҳайдаш”, деди “Фуқаролик платформаси” партияси бош котиби Марчин Кирвинский.
Европа кенгашининг собиқ раиси Доналд Туск 2007 йилдан 2014 йилгача Полша бош вазири лавозимида ишлаган. Консерваторлар уни бошқа нарсалар қатори, Россия билан норентабел газ шартномаларини имзолаганликда айбламоқда. Туск “Қонун ва адолат” раҳбари Ярослав Качинскийнинг асосий сиёсий рақиби саналади. Собиқ бош вазир Полшанинг энг йирик мухолифат партияси - либерал-консерватив “Фуқаролик платформаси”ни бошқаради.