Тошкент ёшлар форумига мезбонлик қилади

Жамият 20:00 / 10.12.2021 5057

Форумда ёшлар билан вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари, ҳукумат вакиллари, олимлар, экспертлар, санъат, маданият ва спорт намоёндалари, медиамакон вакиллари учрашади.

Тадбирнинг биринчи кунида вазирлар билан очиқ мулоқотлар ташкил қилиниб, унда йигит-қизлар уларга замонавий таълим, IT-технологиялар, соғлиқни сақлаш, молиявий саводхонликни ошириш, бизнес ва бошқа йўналишларга оид таклифларини бериб тақдимотларини кўрсатишлари мумкин бўлади. Иштирокчилар айни пайтда долзарб бўлган Ўзбекистондаги гендер тенглик билан боғлиқ вазиятни инфлюэнсерлар билан муҳокама қилиш, шунингдек, экспертлар ва тадбиркорлардан мастер-классларда қатнашиш, ёзувчилар, олимпия чемпионлари ҳамда спорт ва кино юлдузлари билан учрашиш имкониятига эга бўлишади.

Иккинчи куни иштирокчиларни гендер тенглик ҳақидаги мулоқотнинг давоми, шунингдек, тармоқ вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан замонавий ёшлар учун муҳим молиявий мустақиллик ва ҳаққонийлик, миллий туризмни ривожлантириш, таълим соҳасидаги истиқболлар каби мавзуларда қизиқарли мунозаралар кутади. Форум доирасида ташкилотчилар хорижда таълим олиш учун грантлар ажратиш дастурини ишга тушириш ҳақида эълон қилиб, қизиқарли танловлар ўтказишади ҳамда «Тошкент ёшларни севади» ойлиги доирасида ўтказилган тадбирлар ғолибларини тақдирлашади. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими стипендиясини ўқувчи ёшларга топшириш маросими бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Президент ташаббусига кўра Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкиллаштирилган ушбу йирик тадбир илк маротаба 2020 йилда ўтказилганди ва унда 10 000 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этганди.

Тадбирда қатнашиш учун қуйидаги Telegram-бот орқали рўйхатдан ўтиш мумкин: t.me/toshkent21bot

Тошкент ёшлар форуми-2021 дирекцияси матбуот хизмати Ⓣ

Кўпроқ янгиликлар