Хизмат машиналари ва уларнинг харажатлари. Олий судда вазият қандай?

Ўзбекистон 20:01 / 26.11.2021 40117

Олий суд раисининг хизмат автомобили йўл-транспорт ҳодисасига учрагани, бунинг оқибатида ҳайдовчи жароҳат олгани ҳақидаги хабарларга кўзингиз тушгандир. Маълум бўлишича, ЙТҲ рўй берган вақтда Олий суд раиси Козимжон Комилов Malibu’да бўлмаган. 22 октябрь куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида ОАВ 18 ноябрь куни хабар топди.

ЙТҲ натижасида Олий суд раисининг хизмат автомобилига қанчалик шикаст етгани номаълум. Ҳодиса бўйича Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берган Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов ҳайдовчининг жароҳати жиддий эмаслиги, айни пайтда даволанаётганини айтиш билангина кифояланган.

Мансабдорларнинг хизмат машиналари ҳақидаги суриштирувларнинг бу галги нишонида – Олий суд.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 2021 йил 1 июлдан бошлаб мансабдор шахсларнинг транспорт билан боғлиқ харажатлари ҳақидаги маълумотлар идораларнинг расмий сайтларига ҳамда Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириб борилиши белгиланган.

Хўш, Олий суд мазкур талабга қанчалик риоя этмоқда?!

Олий суд расмий сайтидаги Очиқ маълумотлар бўлимида келтирилишича, идора тасарруфида 18та автомашина мавжуд. Шундан:

1та MercedesBenz;

5та Malibu2;

2та Malibu1;

5та Lacetti2;

3та Nexia3;

2та Damas автомобилидир.

Бу – 2021 йил 1 июль ҳолатигача бўлган маълумот. Яъни ушбу маълумот сайтга салкам беш ой аввал жойланган ва шу пайтгача янгиланмаган. Ҳолбуки, 2021 йил 16 июндаги 6247-сонли президент фармонида ушбу маълумотлар ҳар чоракда янгилаб борилиши белгилаб берилган. Демак, Олий суд фармоннинг ушбу талабини бажармаяпти.

Азиз Обидовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 1 июлдан буён Олий суд тасарруфидаги хизмат автомобиллари сони ўзгармаган. Яъни рўйхатдаги ҳеч бир машина сотиб юборилмаган, шунингдек, янги транспорт харид қилинмаган. Хизмат машиналари сони ва таркиби ўзгармаган тақдирда, маълумот киритилган сана янгилаб қўйилса олам – гулистон.

Олий суд раисига Mercedes–Benz русумли транспорт воситаси хизмат машинаси сифатида бириктирилган. Комиловнинг матбуот котиби йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган вақтда Mercedes–Benz профилактика учун техник кўрикда бўлганини айтмоқда. «Шу сабабли меҳмонлар учун ажратилган Malibu раиснинг хизматини қилиб турганди», — дейди у.

Шунингдек, ташкилот раҳбарига бириктирилган Mercedes–Benz’нинг русуми вазирлар ва бошқа давлат органлари раҳбарлари учун ажратилган автомашиналарники билан бир хил экани таъкидланди.

Олий суд мансабдорларининг хизмат машиналари ҳақидаги расмий маълумот (2021 йил 26 ноябрь ҳолатига)

Ўзбекистон бош прокуроридан фарқли ўлароқ, Олий суд раисининг 6 эмас, 4 нафар ўринбосари бор. Хўш, уларга қайси русумдаги автомобиллар бириктирилган? Очиқ маълумотларда келтирилишича, идора тасарруфидаги 5та Malibu–2’дан 4таси ўринбосарларга ажратилган.

Олий суд аппарати раҳбари ҳамда Экспертлар гуруҳи раҳбарига биттадан Malibu–1 хизмат кўрсатса, 5та Lacetti–2 Олий суднинг фуқаролик, жиноят, маъмурий ҳамда иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари ва идора матбуот хизматига, 3та Nexia–3 ҳамда 2та Damas навбатчилик қисмига бириктирилган.

Очиқ маълумотларда 18та хизмат автомобилининг нечтаси тўлиқ ёки қисман тонировка қилингани, автомобиллар ойнасининг тусини ўзгартириш билан боғлиқ харажатлар қанчага тушгани ва қайси манбалар ҳисобидан қоплангани ҳақида маълумотларни топиб бўлмади.

Олий суд тасарруфидаги энг эски машина иккита Malibu–1 бўлиб, улар 2012–2013 йилларда ишлаб чиқарилган. Қолган 16 машинадан 5таси 2019 йилда, биттаси 2020 йилда, 10таси 2021 йилда харид қилинган.

Олий суд расмий сайтидан скриншот (2021 йил 26 ноябрь ҳолатига)

Биринчи мақолада Бош прокуратура тасарруфидаги хизмат машиналарининг харажатларига доир саволлар очиқ қолдирилгани танқид қилинганди. Бош прокуратурадан фарқли ўлароқ, Олий суд расмий сайтининг Очиқ маълумотлар бўлимида хизмат машиналарининг ёнилғи-мойлаш, эҳтиёт қисмлар, таъмирлаш ва бошқа харажатлари учун 2020–2021 йилларда қанча маблағ сарфлангани, харажатларнинг қанчаси давлат бюджетидан, қанчаси эса бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қопланганига оид барча ҳисоботлар жойлаб борилганини кўриш мумкин. Бу ҳар икки идоранинг очиқлик ва шаффофликни таъминлашга бўлган муносабатини кўрсатади.

Албатта, суд органлари фаолияти очиқлиги, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш борасида қилинадиган ишлар кўп. Бироқ бу борадаги энг бирламчи ахборот мунтазам электрон ресурсларга жойлаб борилаётганининг ўзи эътирофга лойиқ. Зеро, суриштирувлар кўплаб давлат органлари томонидан бу ҳақдаги президент фармони ижроси таъминланмаётганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда навбатдаги дастурларда ҳикоя қиламиз.

Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо.

Кўпроқ янгиликлар