Хитой компанияси корпуси ранги ўзгарувчи смартфонни тақдим этди

Технология 21:32 / 22.12.2020 5240

Мобил техника бозорида бирор янгилик билан ажаблантириш тобора қийинлашиб бораётган ҳозирги пайтда, OnePlus компанияси бунинг уддасидан чиқишга яқин турибди. Гап шундаки, унинг янги 8T Concept деб аталган тажрибавий смартфони орқа панели турли ҳодисаларга ва датчиклардан олинувчи сигналларга жавобан ўз рангини ўзгартира олади. 

Қурилмада бундай антиқа хусусият Electronic Color, Material and Finish (ECMF) деб номланган технология қўлланиши эвазига пайдо бўлган. Ушбу технологияда металл оксиди негизидаги ўзига хос плёнка қўлланади. Ушбу плёнка орқа панелни қоплаган ойна остида жойлашади. Айнан шу материал кучланиш таъсирида ўз рангини ўзгартиради. Видеода намойиш қилинган смартфонда унинг орқа панели тўқ кўкдан кумушрангга ўзгаришини кўриш мумкин.    

Ушбу қурилмани ишлаб чиққан мутахассислар харидорлар эътиборини бундай янгиликнинг амалий фойдасига қаратишмоқда. Рангнинг ўзгариши фойдаланувчига олинган хабарлар ёки ўтказиб юборилган қўнғироқлар ҳақида маълум қилиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу функция фойдаланувчи нафас олиши ритми билан сенсор-радар (mmWave) ёрдамида синхронлаштирилиши мумкин. Янги смартфонни бундай ҳолатда қўшимча фитнес-опциялар учун қўллаш мумкин.

Компанияда 8T Concept тижорий қурилма сифатида бозорга чиқарилиши борасида аниқлик киритилмаган.

Кўпроқ янгиликлар