«Биз 2019 йилда 2,6 триллион сўм соф фойда кўрдик». Расул Кушербаевнинг бож масаласидаги таклифига «UzAuto Motors» муносабат билдирди

Ўзбекистон 20:46 / 16.10.2020 54925

16 октябрь куни «UzAuto Motors» сайтида депутат Расул Кушербаевнинг бож масаласида иш олиб бораётгани ҳақидаги фикрига компаниянинг расмий муносабати эълон қилинди.

«Депутат Кушербаев ўз интервьюсида, унинг «UzAuto Motors»га қарши курашидан мақсади — автомобиллар импортига қўйилган божхона тўловларини пасайтириш эканлигини эълон қилди. Эҳтимол, бу ҳурматли Расул Хидиралиевични ҳайрон қолдирар, лекин божхона тўловлари ставкасини асло бизнинг компаниямиз белгиламайди. Аксинча, 2018 йилда янгиланган компания раҳбарияти ўтган муддат давомида корхонанинг бу омилга боғлиқлигини бартараф этиш учун қўлдан келган барча чораларни кўрди», — деб компания юридик бошқармаси бошлиғи Рустам Шаймардонов сўзлари келтирилган муносабатда.

Шаймардоновнинг қайд этишича, 2019 йилда «UzAuto Motors»нинг соф фойдаси 2,6 триллион сўмга етди.

«Ҳолбуки, 2016 – 2017 йилларда гап 4,8 триллион сўм зарар ҳақида борарди. Бироқ депутат Кушербаев ва унинг айрим ҳамкасблари, яққол фактларни инкор қилиб, заводга давлат томонидан берилаётган афсонавий субсидиялар ҳақида таъкидлайди. Воқелик буткул ўзгача: «UzAuto Motors» ғазнага триллионлаб солиқ-у дивидендлар тўлайди, республикадаги энг йирик солиқ тўловчиларидан бири саналади. Ҳатто карантин даврида, кўплаб ташкилотлар давлатдан ёрдам сўраган бир пайтда, биз бюджетдан бир тийин ҳам олмадик, шунингдек, ҳар бир ишчи ўрнини сақлаб қолдик. Нима бўлганда ҳам, божхона божлари ставкаси – бу компаниямиз жамоасининг эмас, балки парламент аъзоларининг ишларидир, шу сабабли депутатнинг алангали даъволари, аввало, ўзларига қаратилиши лозим.

Кейин Расул Хидиралиевич компаниямиз «ҳар қандай ишга таъсир кўрсатиш учун етарлича кучли» дея эълон қилди. Агар гап бизда далиллар базаси кучлилиги ва юридик мавқеимиз ҳам пухтароқ эканлиги ҳақида бўлса, биз буни кутилмаган, лекин ёқимли мақтов ўлароқ қабул қиламиз. Аммо депутат ўз сўзларига ўзгача, лоббизм ва суд жараёнлари иштирокчилари ўртасидаги ноқонуний муносабатларга дахлдор маъно бераётган бўлса, мен у инсонга фикрларини аниқроқ ифодалашни тавсия қилардим, токи ҳар бир сўзига ҳуқуқий жиҳатдан қатъий баҳо бериш имкони бўлсин.

Бутун интервьюнинг лейтмотиви (кичик мақсади – таҳр.) депутат «UzAuto Motorsга қарши курашда тўхташ ниятида эмаслиги»ни эълон қилишдан иборат», — деган Шаймардонов.

Аввалроқ, Кушербаевнинг 12 октябрь куни эълон қилинган интервьюсида хорижий автомобилларга бож ставкасини пасайтириш таклифи ҳақида айтгани хабар қилинганди.

16 октябрь куни «UzAuto Motors»нинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси қарори устидан судга киритган шикояти бўйича суд иши давом эттирилди.

Кўпроқ янгиликлар