Таълим ҳеч қачон бизнес манбаи бўлмаслиги керак

Ўзбекистон 15:12 / 05.08.2020 11489

COVID-19 инқирозидан таълим тизими қандай чиқади? Пандемиядан сўнг таълим, хусусан олий таълим қайси шаклда давом этади? Анъанавий таълим сақланиб қоладими ёки у тўлиғича онлайн таълимга трансформация бўладими? Бугун бутун дунёдаги таълим ташкилотлари, халқаро экспертлар ва нуфузли университетлар айни саволларга жавоб изламоқда.

Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоаси ҳам юртимиздаги бошқа олий ўқув юртлари қатори пандемия муносабати билан янги 2020/2021 ўқув йилини ташкил этиш, жорий ўқув йилининг иккинчи семестрида масофавий таълимни ташкил этиш бўйича орттирилган тажриба ва йўл қўйилган камчиликлардан хулоса чиқарган сифатли таълимни йўлга қўйиш учун ҳаракат қилмоқда.

 

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,
Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори

2019/2020 ўқув йили якунида уни сарҳисоб қилиш, янги ўқув йилидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда талабалар ва уларнинг ота-оналарининг фикрини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Таълим жараёнларини ташкил этиш, малакали ўқитувчиларни жалб қилиш, хорижий тажриба алмашиш ва шу каби таълим сифатини белгиловчи омиллар ҳақида, афсуски, сўровлар жудаям кам.

Умуман, олий таълимда энг муҳим масала нима? Таълим жараёнларими ёки воситалари? Бугун биз асосий масаладан, унинг моҳиятидан чалғиб, ечими вақт билан боғлиқ бўлган иккиламчи масалалар атрофида ўралашиб қолаётгандекмиз.

Давлат фуқароларнинг конституция билан мустаҳкамлаб қўйилган билим олиш ҳуқуқларини кафолатлаган ҳолда, мажбурий бепул умумий таълим билан таъминлаган. Яна миллиардлаб маблағ эвазига фанлар чуқурлаштириб ўқитилади ёки касб-ҳунар ўргатилади. Олий таълим олиш эса бутун дунёда мажбурий эмас, ҳар кимнинг мустақил қарори ва шахсий танлови билан боғлиқ. Лекин халқимиз ва Президентимиз талаби билан олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичлари сўнгги йилларда кескин ўсиб бормоқда.

Ўзбекистон олий таълимда бугунги кунгача асосий инвестор – давлат, у жамият тараққиёти учун зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш учун жуда катта маблағ сарфлайди. Талабалар тўлов-контрактидан тушадиган маблағлар профессор-ўқитувчилар ва бошқа харажатларнинг бир қисмини қоплайди, холос.

Бугун медиамаконда контракт масаласини кун тартибига чиқаришга бўлаётган уринишларни кўриб, беихтиёр ҳайрон қоласан. Ахир масофавий таълимнинг олиб борилиши билан контракт тўловларини камайтириш эвазига юзага келадиган камомадни қоплаш ёки яна бюджет зиммасига тушади-ку.

Бир қарашда масофавий таълимнинг йўлга қўйилиши харажатларни қисқартирадигандек туюлади. Тўғри, аудиторияларда чироқ ёнмайди, коммунал тўловлар камаяди. Лекин профессор-ўқитувчилар тўлиқ куч билан ишлашади, техник ва ишчи-ходимлар ўз вазифасини бажаради. Ахир ўзимиз олий таълимда сифатни таъминлаш ва коррупцияни камайтиришни талаб қилдик ва профессор-ўқитувчиларнинг иш ҳақлари оширилди. Аслида уларнинг заҳматли меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш шарт, ҳар қандай шароитда сифатли таълим маълум ресурсларни талаб қилади.

Шартнома шартларини бажараётган талаба, сифатли таълимни талаб қилишга нафақат ҳақли, балки мажбурдир ҳам. Афсуски, қилинаётган ишлар фонида ўз ишига енг учида қарайдиган, дарсни амал-тақал ўтаётган педагоглар борлиги ҳам ҳақиқат. Бунда институт маъмуриятининг катта айби бор ва уни соқит қилмаган ҳолда айтганда, профессор-ўқитувчилар фаолиятига энг холис баҳо берадиганлар, бу уларнинг хизматидан фойдаланувчилар, яъни талабалардир. Истеъмолчи ўз ҳуқуқини қатъий талаб қилса ва кучли жамоатчилик назорати билангина бу борада кутилган натижаларга эришиш мумкин.

Хабарингиз бор, институтимиз республикадаги 10 та олий таълим муассасаси қаторида тажриба-синов тариқасида 2020 йил январь ойидан бошлаб ўзини-ўзи молиялаштириш тизимида ўз фаолиятини бошлади. Бу ерда асосий урғу институтга қабул квотаси ва тўлов-шартнома миқдорини мустақил белгилаш ваколатининг берилганлигидир.

Янги ўқув йилидан бошлаб, бизнинг муассаса тўлов-шартнома миқдорини ўқитиш харажатларини қоплаш, институтни ривожланиш истиқболларини молиялаштириш миқдорларидан келиб чиқиб, мустақил белгилаши лозим эди. Аммо бугунги карантин ва пандемия шароитида аҳолининг талабларини ҳисобга олиб ҳамда уларга енгиллик яратиш мақсадида тўлов миқдори ўзгаришсиз қолдирилди. Бу эса, ўз навбатида ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтган институт учун қўшимча масъулият юклайди.

Агар биз сабабини таҳлил қилсак, бугун давлат гранти асосида таҳсил оладиган бир нафар талабага бюджет ҳисобидан ажратиладиган бир йиллик маблағ 10 миллиондан ортиқни ташкил этади. Тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган талабанинг стипендиясиз тўлови эса 6 миллион 413 минг сўм этиб белгиланган. Бугунги кунда ўртача бир нафар талабани ўқитиш учун кетадиган ҳақиқий харажатлар эса 9 миллион 763 минг сўмни ташкил этиб, ҳақиқий харажат 65,7 фоизга қопланмоқда, холос.

Бу ерда масаланинг иқтисодий томонини таҳлил қилганимизда, ўқитувчига тўланадиган ва бошқа ходимларнинг ўртача иш ҳақи ва ажратмаси 8 миллион 226 минг сўм, талабаларни рағбатлантириш жамғармаси 188 минг сўм ва бошқа сақлаб туриш харажатлари 1 миллион 349 минг сўм, шундан коммунал харажатларни қоплаш 278 минг сўмни ташкил этишини кузатиш мумкин. Ўзини-ўзи молиялаштиришга ўтмаган муассасаларнинг ортиқча харажатлари эса, албатта бюджет томонидан қопланади.

Ўқув жараёнини юқори савияда ташкил этиш ҳамда сифатли таълимни таъминлаш биринчи навбатда молиявий рағбат, замонавий моддий-техник база ва хорижий тажрибанинг ижобий томонларини жорий этиш орқали эришилади. Агар маблағ етарли бўлса, профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш, замонавий моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда миллий таълим тизимини хорижий тажриба билан уйғунлаштириш имконияти яратилади. Зеро, сифатли таълим – келажагимиз пойдевори, синов тариқасида соғлом рақобат бошланди, билимли ёшларимиз ўз жойини ўзи топади.

 

Янги тизимда барқарор фаолият олиб боришда сифатли маҳаллий ва хорижий мутахассисларга эҳтиёж юқорилиги, белгиланган сарф-харажатдан ташқари ОТМ жозибадорлигини ошириш учун ортиқча харажатлар, квотадан ташқари ўқиш истагини билдирган ёшларни таълимга қамраб олиш, уларга етарли шарт-шароитлар яратиш, профессор-ўқитувчиларни республикамиз ва хорижда доимий малакасини ошириш учун мустақил пул ишлаб топишни тақозо этади.

Албатта, бугунги кунда ҳар бир оила ва уйда ўтириб қандай пул топиш мумкин, деган инсон учун тўлов-шартнома миқдори жуда катта маблағ бўлиб кўриниши табиий. Инсон илм излаши ва ўз соҳасини етук мутахассиси бўлиш учун ҳар қандай жасоратга тайёр бўлиши керак. Биз маълум муддат кўп вақт ва имкониятларни қўлдан бой бердик, энди бунга йўл қўймаслигимиз керак.

Бу йилги янги ўқув йилига биз анъанавий ва масофавий онлайн таълим орқали ўқитишни бошлашга бирдек тайёргарлик ишларини бошладик. Яна бир нарса, масофавий ўқитиш вақтинча бўлиб, биз, албатта, пандемия тугагач анъанавий ўқитиш услубига қайтамиз.

Янги Ўзбекистонни янги кадрлар билан, юксалиш сари ва дунё эшикларини очилишида соғлом рақобат ила қўлга киритиш жараёнида тарих, маданият ва инсонийлик фазилатлари биз билан ҳамнафасдир.

Шу муносабат билан сиз, азизлар ва сизлар орқали бутун халқимиздан таълимга бизнес сифатида муносабатда бўлмасликни, илм-фан ва таълимнинг ютуқларига беписанд қарамасликни ҳамда замонавий таълимнинг ривожланишини қўллаб-қувватлашингизни сўраб қоламиз.

Талабаларимиздан ҳар қандай шароитда ҳам энг асосий мақсад – билим олиш, замонавий илмларни эгаллашларини сўраб қоламиз. Чунки бугун иккинчи даражали муаммолар арзон муҳокамалар таъсирига тушиб, қимматли вақтларини бой бериши, бу эса рақобат шиддатли кучайиб бораётган шароитда эртага жуда қимматга тушиши мумкин.

Унутманг, инсонпарварлик тамойиллари устувор бўлган таълим тизими, хусусан, олий таълимда ҳеч бир талаба эътиборсиз қолмайди. Бунинг учун бугун биз, ректорларда катта масъулият ва етарлича ваколат ҳам бор.

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,

Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори.

Кўпроқ янгиликлар