Собиқ «Абу-Сахий» бозорида тадбиркорлар норозилиги акс этган видео бўйича бозор маъмурияти муносабат билдирди

Жамият 10:00 / 28.01.2020 25989

Tashkent trade center хусусий корхонаси собиқ «Абу-Сахий» бозори савдо қилувчи тадбиркорларнинг норозилиги акс этган видео бўйича муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, 1-блок ҳудудида жойлашган савдо дўконларининг ёнғинга қарши ҳолатини ўрганган Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ёнғин содир бўлишига сабаб бўлувчи бир қанча камчиликларни аниқлаб, 1-блокда реконструкция ишларини амалга ошириш зарурати тўғрисида корхонага хулоса тақдим этган. Маъмурият 1-блокдаги «контейнер дўконлар»нинг иш фаолиятини вактинча тўхтатиб, уларни қайта реконструкция қилиш масалаларини кўриб чиқаётгани ва тегишли таклифлар ўрганилаётганлиги ҳақида мулкдорларни огоҳлантирган.

Реконструкция қилиниши режалаштирилган 1-блок мулкдорларига янги дўконлар қурилгунга қадар янги битган мажмуа ертўласидан вақтинча фойдаланиш учун дўконлар олиш таклиф этилган. 1-блокда реконструкция ишлари якунлангандан сўнг, мулкдорларга ўринга ўрин ўз омборига эга савдо дўконларини тақдим этиш кўзда тутилган.

Бироқ, «Мато бозори»нинг мулкдорлари ҳамда ижарачилари бу таклифга кўнмаган ва бозор маъмуриятига дўконларни босқичма-босқич қуришни, аввал 10 та дўконни қуриб, кейин қолганларига ўтишни таклиф қилган.

«Лекин бозор маъмурияти шуни расман маълум қиладики, янги савдо мажмуасини қисман ёки бўлиб-бўлиб қуриб бўлмайди. Сабаби, бир қурилиш биноси ягона тизим ва аниқ режага таянган смета асосида амалга оширилади.

Бундан ташқари, 1-блок савдогарлари томонидан янги барпо этилган савдо мажмуасининг 1-қаватидан вақтинча дўконлар ажратиб берилиши таклифи ҳам илгари сурилди. Бунга жавобан маълум қиламизки, корхонамиз томонидан 1-қаватдаги дўконларни 1-блок ҳудудидаги савдо дўконлари ҳисобидан келиб чиққан ҳолда тақсимлаш имкониятига эга эмас. Шу билан бирга, 1-блок ҳудудини қайта қуриб битказиш ишлари режалаштирилиши жараёнида янги барпо этилган савдо мажмуасининг пастки қаватидан айнан 1-блок мулкдорлари фойдаланиб туришлари учун 18—20 метр квадрат ҳажмдаги дўконлар қурилди. 1-блок ҳудудини вақтинча кўчириш ишларида сиғим юзасидан муаммо келиб чиқмаслиги учун мазкур дўконларни корхона томонидан сотиш ёки ижарага бериш ишлари умуман амалга оширилмади», — дейилади бозор маъмурияти хабарида.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда собиқ «Абу-Сахий» бозори мато сотишга мўлжалланган 1-блок дўкон эгалари ва ижарачиларнинг маъмурият олдига оммавий тўпланиб, норозилик билдиришлари акс этган видео тарқалган, унда сотувчилар бозор раҳбариятини айблаганди.

Кўпроқ янгиликлар